Жаҳон | 13:46 / 28.02.2025
3358
9 дақиқада ўқилади

Исроилни бешафқатликда айблаган БМТ, Россияга қарши санкцияларни узайтирган АҚШ ва Украинага ёрдамни кучайтираётган НАТО — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил 641 фаластинликни озод қилди

Исроил кечиктирилган айирбошлаш доирасида 641 фаластинлик маҳбусни озод қилди. Улар Рамаллага олиб келинди.

Озод қилинганлар орасида йиллар давомида оилаларидан ажралганлар яқинларини оғир ҳис-туйғулар билан қарши олди. Шу билан бирга, айрим маҳбуслар қамоқда саломатлиги ёмонлашганидан шикоят қилди.

Шу тариқа, биринчи босқич доирасида озод қилинган фаластинликлар сони 1776 нафарга етди.

БМТ Исроилни бешафқатликда айблади

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Фолкер Турк Исроил Ғазода инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг ҳаракатлари халқаро ҳуқуққа зид ва инсонпарварлик ёрдамини тўсиб келмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, минтақанинг катта қисми вайронага айланган, ҳалок бўлганлар сони 48 мингдан ошган. Сув таъминоти ҳануз тикланмаган, Исроил эса вақтинчалик чодирлар ва қурилиш техникасини киритишни тақиқламоқда.

Исроил БМТ йиғилишида иштирок этмади ва ҳаракатларини ҲАМАСга қарши кураш деб баҳолади. Бироқ, Турк ва халқаро ташкилотлар Исроил қасддан фуқаролик объектларини нишонга олганини таъкидлади.

БМТ мустақил тергов ўтказишга чақирди, лекин комиссар Исроил суд тизими ҳақиқий жавобгарликни таъминлай олишига шубҳа билдирди.

Туркия: Мусулмон давлатлар ўзаро адоват қилмасин

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан мусулмон давлатларнинг ўзаро душманлик қилиши нотўғри эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Миср, Иордания ва Форс кўрфази давлатлари Исроилга нисбатан қатъийроқ позиция эгаллаши лозим.

Фидан Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб баҳолаб, бу нафақат минтақани вайрон қилаётгани, балки бутун халқаро тизимни янада ноустувор қилаётганини билдирди. У Доналд Трампнинг Ғазо бўйича таклифини рад этиб, бу фақат АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтди.

Туркия ташқи ишлар вазири ҲАМАСни Фаластин давлатидаги бошқа партиялар сингари қонуний сиёсий куч, деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС ҳаракати Исроил босқини туфайли шаклланган ва уни йўқ қилиш мустақил давлат қуриш ғоясининг йўқ бўлишига олиб келмайди.

Россия ва АҚШ дипломатлари Истанбулда учрашди

Россия делегацияси Истанбулдаги АҚШ бош консуллигига ташриф буюриб, дипломатик ваколатхоналар фаолиятига тўсқинлик қилаётган «тизимли муаммолар»ни бартараф этиш масаласини муҳокама қилди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашув юқори мартабали экспертлар даражасида ўтаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг олдинги маъмурияти Россия дипломатлари фаолиятига чекловлар жорий қилган, Москва эса худди шундай чоралар билан жавоб қайтарган.

Бу музокаралар 18 феврал куни Ар-Риёдда бошланган дипломатик мулоқотнинг давоми бўлди. Ўшанда томонлар икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш ва Украинадаги можарони бартараф этиш йўлларини муҳокама қилган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин билан шахсий учрашув режалаштираётганини тасдиқлаб, музокаралар Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди. Туркия эса тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Трамп Россияга қарши санкцияларни узайтирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга нисбатан аввалроқ жорий этилган айрим санкцияларни яна бир йилга узайтириш ҳақида фармон имзолади.

Ушбу чекловлар 2014, 2018 ва 2022 йилларда Украина инқирози муносабати билан қабул қилинган эди. Трамп санкцияларни бекор қилиш масаласини Украинадаги уруш ҳал бўлгандан сўнг кўриб чиқишини таъкидлади. Президентнинг айтишича, Россия тарафга келишувга эришиш учун муайян муросаларга боришга тўғри келади.

Ушбу қарор АҚШ ва Россия ўртасидаги Истанбулда ўтган музокараларининг иккинчи босқичи фонида қабул қилинди. Сўнгги учрашув 6,5 соат давом этди, бироқ расмий натижалар ҳали эълон қилинмади.

НАТО Украинага ёрдам тайёрламоқда

НАТО Украина учун миллиардлаб доллар ёрдам ва хавфсизлик кафолатлари тайёрлаётганини маълум қилди, деди алянс Бош котиби Марк Рютте Дональд Трамп билан телефон суҳбати ортидан. Унинг сўзларига кўра, НАТО иттифоқчилари мудофаа харажатларини кескин оширмоқда ва яқин кунларда янги ташаббуслар эълон қилинади.

Бу орада Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Георгий Тихий Киевга АҚШ томонидан ажратилган ҳарбий ёрдам тўлиқ етказилаётганини ва унинг тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашувда Зеленскийни «диктатор» деб атаганини эслай олмаслигини айтди. «Мен шундай деганманми? Ишонмайман», — деди у журналистларга.

У Зеленский билан ишлашни исташини қайд этди, бироқ муносабатлар «бироз таранг» эканини қўшимча қилди. Украина президенти АҚШ билан минерал ресурслар бўйича келишувни имзолаш учун Вашингтонга йўл олган.

Путин: Ғарб Россия-АҚШ муносабатларини бузмоқчи

Владимир Путин Ғарб давлатлари Москва ва Вашингтон ўртасидаги мулоқот қайта тикланаётганидан норози эканини ва бу жараённи бузишга уринмоқда, деб баёнот берди. Унинг таъкидлашича, айрим «Ғарб элиталари дунёда беқарорликни сақлаб қолишни мақсад қилган» ва Россия-АҚШ мулоқотини йўққа чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

ФСБ ҳайъати йиғилишида Путин хавфсизлик кучларини Россия миллий манфаатлари, суверенитети ва фуқаролар эркинликларини ҳимоя қилишда қатъиятли бўлишга чақирди. У, шунингдек, халқаро терроризмга қарши курашга алоҳида эътибор қаратишни буюрди.

Путиннинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида Россияда терроризм билан боғлиқ жиноятлар сони ошиб, уларнинг ярмидан кўпи «Украина махсус хизматлари ва Ғарб ҳамкорлари томонидан режалаштирилган».

КХДР Россияга яна аскар юборди

Шимолий Корея Россия армиясига қўшимча куч сифатида мингдан ортиқ аскар юборгани маълум қилинди. Жанубий Корея ҳарбий манбаларига кўра, КХДР аскарлари январ—феврал ойларида Курск областига жўнатилган.

Жанубий Кореянинг JoongAng газетаси хабарига кўра, Россияга мингдан 3 минггача шимолий кореялик аскар етиб борган. Улар ҳарбий кемалар ва самолётлар орқали етказилган. Бу сафар жўнатилган кучлар орасида мотопиёда, сапёрлар ва электрон разведка бўлинмалари бор.

Аввалроқ, Пёнгянг Россияга 11 мингга яқин аскар юборгани ва улар октябрдан январгача жангларда қатнашгани хабар қилинганди. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг 4 мингга яқини ҳалок бўлган ёки яраланган. Январь охирида катта йўқотишлар туфайли шимолий кореялик ҳарбийлар Курск областидаги фронт чизиғидан ортга чекинганди.

Қочқинлар Украинага қайтиш ниятида эмас

Украинадан уруш туфайли қочганларнинг 70 фоизи хорижда қолишни маъқул кўраётгани, фақат 30 фоизи ўз ватанига қайтиш ниятида экани маълум қилинди.

Миллий бирлик вазири Олексей Чернишевнинг таъкидлашича, Киев уларни фақат ихтиёрий равишда қайтишга чақирмоқда.

2024 йилда ташкил этилган вазирлик Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, украин қочқинларига берилган ёрдамни камайтиришни сўраган. Бу орқали Киев уларни ортга қайтишга мажбур қилишни кўзламоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 2024 йил декабр ҳолатига 6,7 млн украиналик чет элда қолмоқда. Зеленский эса бу рақамни 7,5 млн деб баҳолаган. Унинг айтишича, Украинага қайтиш учун хавфсизлик кафолатлари ва НАТОга аъзо бўлиш муҳим аҳамиятга эга.

ХОҚ Томас Бахнинг истеъфосини қабул қилди

Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси ташкилот президенти Томас Бахнинг ўз лавозимидан истеъфога чиқишини расман қабул қилди. Бу ҳақда ХОҚ расмий сайтида маълум қилинди.

Бах 23 июндан кейин лавозимини расман тарк этади. Унинг ўрнига янги президент тайинлаш жараёни 20 март куни Грециядаги 144-сессияда бўлиб ўтади. Ҳозирча бу лавозимга етти нафар номзод даъвогарлик қилмоқда.

Томас Бах 2024 йил август ойида янги муддатга сайланиш нияти йўқлигини маълум қилган эди.

У 1991 йилдан бери ХОҚ аъзоси, 2013 йилдан буён эса ташкилотга раҳбарлик қилиб келган. Олимпия ўйинларининг 1976 йилги чемпиони ҳисобланган Бах аввал рапира бўйича Германия терма жамоасида қатнашган.

Мавзуга оид