Ўзбекистон | 11:32 / 28.02.2025
16330
4 дақиқада ўқилади

“Ишни босди-босди қилишяпти” – тарбияланувчилари калтакланган боғча эгаси амалдорнинг қариндоши экани айтилмоқда

Тошкентдаги “Танзиландия” номли хусусий боғча билан боғлиқ иш ортидан Сенат Мактаб вазирига ҳолатни тушунтириши учун сўров жўнатди, вазирлик вазият ўрганилаётганини маълум қилди. Ота-оналар эса ишлар босди-босди қилинишидан хавотирда. “У ҳамма [камера ёзувларини] яшириб, кўрсатмаяпти, [ишни] босди-босди қилишяпти”, – дейди таҳририятга мурожаат қилган аёллардан бири.

Хусусий боғчада болалар калтакланди

Куни кеча Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғчада болалар мунтазам равишда калтаклаб келингани хабар қилинганди. Ҳолат мактабгача ташкилотнинг видеокамералари орқали эмас, тарбияланувчиларнинг ўйинчоғига ўрнатилган овозни ёзиб олувчи мослама орқали аниқланган.

Маълумотларга кўра, ота-оналардан бири фарзандининг хулқ-атворидаги ўзгаришларни сезган. Нима бўлаётганини тушуниш мақсадида фарзандининг ўйинчоғига овозни ёзиб олувчи мосламани ўрнатиб, болани боғчага юборган. Саккиз соатлик аудиоёзувда боғча тарбиячилари нохуш сўзлар билан болаларни ҳақоратлаб, уларни бир неча бор калтаклагани эшитилган.

Шундан сўнг ота-оналар боғча директоридан ололмаган камера ёзувларини ИИБга боргач кўришган. Унда тарбиячилар болаларни спорт зали, кийиниш хоналари ва фаоллар залида калтаклагани, аммо ота-оналар учун видеокузатув мавжуд бўлган хоналарда тинч ва хушмуомалалик билан муомалада бўлгани кўрсатилган.

Ишлар босди-босди қилинаётгани айтилмоқда

Таҳририятга мурожаат қилган оналардан бири “Танзиландия” боғчасининг эгалари ҳукуматда ишловчи амалдорлардан бирига қариндош экани, шу сабабли ҳам шикоятлар босди-босди қилинаётгани ҳақида айтмоқда.

“Танзиландия”нинг раҳбари кимнингдир аёлими, кимнингдир қизими, билмайман. “У ҳамма [камера ёзувларини] яшириб, кўрсатмаяпти, [ишни] босди-босди қилишяпти. Ҳозир 1,5-2 ёш, тили йўқ [чиқмаган] болаларнинг устидан шундай кулишдики, видеода кўрганда болани отиб юборгани ҳам бор-да”, – дейди у Kun.uz ботига юборган аудиосида.

Очиқ манбаларга кўра, боғчани Турсунова Дилрабо Давлатбой қизи бошқаради. Шунингдек у “Yuksalish Construction” нодавлат таълим муассасасининг 7 фоиз улушига эгалик қилади. Жамиятнинг қолган улуши Қаршиева Муҳиба (27 фоиз) ҳамда Кудбиева Мақсуда (66 фоиз)га тегишли.

Ҳолатга чора кўриладими?

Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Kun.uzʼга расмий муносабат билдирганди. Унга кўра, шу йил 12 феврал куни 7 нафар ота-она томонидан хусусий мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган фарзандларга нисбатан тарбиячилар қўпол муносабатда бўлаётгани билдирилиб, қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Болаларга нисбатан тан жароҳати етказилганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган”, – дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан 3 нафар тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда, бу борада қўшимча маълумот берилиши айтилди.

Бундан ташқари, Сенат 27 феврал куни боғчаларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш беришни сўраб, мактабгача ва мактаб таълими вазирига хат юборган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмийлари эса Kun.uzʼга бу борада ўрганиш кетаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид