Ўзбекистон | 19:53 / 27.02.2025
2194
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон президенти Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерни қабул қилди. Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев федерация раҳбарига юксак мукофот — «Дўстлик» орденини топширди.

Шавкат Мирзиёев 27 феврал куни «Катта дубулға» халқаро турнири доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон халқаро федерация фаолиятида фаол иштирок этмоқда. 2022 йилда мамлакатимизда катталар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтган йили ҳарбий хизматчилар ўртасида жаҳон биринчилиги муваффақиятли ўтказилди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида илк бор дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритди.

Федерация раҳбари Мариус Визер мамлакатда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спортнинг барча турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар, айниқса, қизларни кенг жалб этиш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда федерациянинг техник кўмаги ва эксперт ёрдамини кенгайтириш, иқтидорларни саралашнинг самарали механизмини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, мамлакат ҳудудларида дзюдо бўйича халқаро мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти миллий дзюдо мактабини ривожлантиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга юксак мукофот — «Дўстлик» орденини топширди.

Мавзуга оид