Қоғозда ғарб стандартлари, амалда эса “советча” тизим: ўзбек докторантураси ислоҳотга муҳтожми?
Ўзбек докторантура тизими илм ўрганувчилар учун мураккаб, илмий ишлар, диссертациялар ва мақолалар қийматсиз бўлиб қолмоқда. Илмий раҳбарларнинг билими етарли эмас... Бу яқинда нуфузли халқаро нашрлардан бири эълон қилинган мақоланинг асосий тезислари эди. Kun.uz яна кун тартибига қайтган оғриқли масалани таълим соҳаси экспертлари билан таҳлил қилди.
Яқинда нуфузли халқаро нашрлардан бири Higher education policy журналида ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг Ўзбекистонда докторантура тизимини ислоҳ қилишга қаратилган мақоласи эълон қилинди.
Унда муаллифлар ҳозирги ўзбек докторантура тизими илм ўрганувчилар учун мураккаб қилиб қўйилгани, илмий ишлар, диссертациялар, мақолаларнинг қийматсиз бўлиб қолишига нималар сабаб бўлаётгани келтирилиб, қолаверса, илмий раҳбарларнинг билими етарли эмаслиги айтиб ўтилган. Мақола эгалари Ғарбий Англия университети профессори Қобил Рўзиев, “Янги Ўзбекистон” университети лектори Дилшода Раббимова ҳамда Суррей университети тадқиқотчиси Моҳидил Мамасолиева ҳисобланади.
Kun.uz айни мақола баҳонасида мавзу юзасидан олий таълим масалаларида эксперт Азамат Акбаров ҳамда Истанбул университети докторанти Отабек Тиллаев билан суҳбатлашди.
– Дастлаб кириш қисми учун умумий саволдан бошласам. Мамлакатлар учун олимлар қатлами шаклланиши ва олимлар етиштирадиган тизимни шакллантириш нима учун муҳим ҳисобланади? Қисқа фикрларингизни билдирсангиз.
Азамат Акбаров: Докторантура нима учун керак? Докторантура давлатларнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун керак. Яъни индустрия – ишлаб чиқариш билан олий таълим ўртасидаги кўприк ҳисобланади. Бутун ривожланган давлатларда ҳам шу, индикаторларга эришиш учун асосий тадқиқот ишларини олимлар олиб боришади. Қисқа қилиб шуни айтсак бўлади, яъни давлатнинг келажагини белгилаб берувчи [омил] – сифатли тадқиқотлар. Буни фақат ва фақат докторантлар амалга ошириши мумкин.
Ишлаб чиқаришда қаерда эҳтиёж сезиладиган бўлса, ўша соҳада докторантлар билан индустрия бирга ишлайди. Жанубий Корея мисолида кўрадиган бўлсак, Hyudai ва Samsung орқасида турадиганлар – университетлар. Илон Маскнинг катта индустриясининг орқасидан турадиганлар ҳам университетлардир. Тўғри, биз саҳнада Илон Маск ёки Стив Жобс, Жеф Безосларни кўрамиз, лекин уларнинг орқасида турган университетлардир. Бутун кадрлар, яъни амалий тадқиқотларни олиб борувчилар ана шу инсонлар ҳисобланади. Булар айнан индустриядан тушадиган лойиҳалар билан университетлар ғояларининг тижоратлашувини давом эттиради.
Отабек Тиллаев: Ҳар қандай соҳанинг ривожи авваламбор илм билан бўлади. Илмсиз тараққиёт йўқ. Ҳар қандай олий таълим тизимида муайян босқичдан кейин, айтайлик, магистратура ва бакалавриатдан кейин мутахассиснинг олдидан 2 та йўл чиқади: ё амалиётда фаолиятини давом эттириш ёки академик фаолият билан шуғулланиш. Табиийки, ички хоҳишлари ва олдига қўйган мақсадларидан келиб чиқиб у ёки бу йўлни танлайди.
Хўп, докторантура тизими нимага керак? Бу авваламбор илмни давлат миқёсида сиёсат даражасида ушлаб туриш ва амалиёт билан назариянинг уйғунлигини таъминлаш учун. Чунки бу ерда илмга эҳтиёж туғилгани сабабли амалиёт ўзи ривожлана олмайди, бу нуқтада илмга эҳтиёжни қондириш учун мамлакатда етишиб чиқаётган олимлар ёрдамга келади. Уни амалиётга татбиқ этиш орқали ҳар қандай давлат илм, тараққиёт йўлида илгарилаши мумкин бўлади.
– Юқорида эслатилган мақолада тизим советдан қолган эскича 2 босқичли тизимга ўтгани танқид қилинган. Маълумотларга қараганда, 2012 йилда фан доктори илмий даражасини ҳимоя қилиш ва беришни назарда тутувчи бир босқичли тизим жорий этилган. 2017 йилда бу бекор қилиниб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи таянч докторантура ва фан доктори (DSc) илмий даражасини берувчи докторантура жорий этилди.
Савол: сизнингча, бу тизим ўзи қандай кўринишда бўлиши керак ва нега?
Азамат Акбаров: Умуман ОАК (Олий аттестация комиссияси) ва илмий даражалар бизга нима учун кераклиги ҳақида 2019 йилда танқидий мақола чиқармаганман. Туркларда “ақл бир йўлдан кетади” деган ажойиб гапи бор. Яъни халқ Корея, Германия ёки Австралияда бўладиган бўлса ҳам унинг йўли бир. Университетлар сонини оширадиган бўлсак, унинг ягона мақсади – сифатли таълим ва сифатли таълимнинг орқасидан битирувчилар ишга жойлашиши ва қўшимча қиймат, янги иш ўрни яратиши, янги лойиҳалар ишлаб чиқишидир. Яъни ЯИМга фақат завод, фабрикалар эмас, илмий ғоялар, университетлар ҳам ҳиссасини қўшиши керак.
2019 йилда президент томонидан имзоланган “Олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш” концепциясида аниқ таъкидлаб ўтилган, яъни бундан буён университетлар ҳам Корея, Малайзия, Австралия сингари ЯИМга ўз ҳиссасини қўшиши керак, қандай? Илмий ғоялари билан. Агар биз дунёни оладиган бўлсак, дунёда [докторантура тизими] бир босқичли. Бакалавриат, магистратура ва PhD… PhD энг юқори илмий даража ҳисобланади, унинг орқасида ҳеч нарса йўқ. Унинг орқасидан фақат академик илмий унвонлар келади, лекин 2 босқичли эмас. [Докторантуранинг] 2 босқичли экани Совет тизимидан қолиб кетган эски мерос, яъни эски сарқит десак ҳам бўлади.
Дунёнинг ҳеч бир [ривожланган] давлатида постсовет давлатларида мавжуд бўлган 2 босқичли тизим йўқ. Биринчи босқичнинг номи ҳам таянч докторантура дейилади, бунинг ўзи кулгили. Туркиянинг ўзини оладиган бўлсак ҳам докторантура энг юқори қисм ҳисобланади. Инсон айнан PhD’да ўзининг бутун соҳасида нафақат янгилик яратади, балки ундан олдинги янгиликларни ё инкор қилиши, ё уларни қайта такомиллаштириши мумкин. Ва иккинчи босқичнинг кераги йўқ, чунки иккинчи босқичда ҳам биринчи босқичга ўхшаб 150 бетлаб диссертация ёзилади, кимга керак бу?
Ғарб PhD’ни бир босқичли қилиш кераклигини айтади. Глобаллашган дунёда эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда танқидий, илмга асосланган мақола ёзиш керак. Тасаввур қилинг, биздаги 2-босқичда 150 бетлик диссертациянинг ўрнига жуда кучли мақола ёзишса, 5 ёки 6 бетлик бўлсин, дунёдаги бир фанда катта ўзгаришга сабаб бўлиши мумкин. Бизнинг диссертацияларни эса ҳеч ким ўқимайди, унинг ҳаволаси йўқ, у қаердадир инглиз тилида жойлаштирилмайди ва у қаердадир индустрияни ривожлантиришга ҳисса қўшмайди.
Демак, 2023 йилда бир босқичлига ўтилишини ижобий баҳолайман, Ўзбекистон олий таълимининг халқаро стандартларга мослашиши эди. Энди тасаввур қилинг, бизга четдан келадиган талаба бўлса ёки четдан келадиган ходимлар, ўқитувчилар бўладиган бўлса, энг юқори илмий даражага эга бўлса, унинг даражаси юқори ҳисобланмайди, чунки бизда 2 босқичли.
Кейин мана бу эски “мактаб”нинг собиқ ходимлари нима учундир унга қарши чиқишган, “биз шунча вақт мобайнида 2 босқичдан ўтдик, энди ёшлар 1 босқичдан ўтиб бизга тенглашяпти” деган гап-сўзлар бор. Агар 2 босқичлининг корреляциясини кўриб, индустрияга катта ҳисса қўшиб, таълимни ўзгартирган бўлса, икки қўлимизни кўтарамиз, буни қолдиришимиз керак деймиз. Агар бунинг тескариси бўлиб, коррупцион схемани яратиб, таълимга салбий зарба бераётган бўлса, буни ўйлаб кўриш керак. Дунё қаерга кетяпти, дунёда 2 босқичли тизим борми ўзи?
Бизда аслида ҳамма нарса қоғозда ғарб стандартларида, дунё стандартларида тушунтириб берилган, лекин амалиёт эски совет стандартларида кетяпти. Дунёнинг ҳеч бир ТОП 50, 70 та давлатида 2 босқичли докторантура умуман йўқ. Яъни бунинг кераги йўқ. Чунки диссертация бир марта ёзилади, ундан кейин фақат мақола ёзилади. Олим мақоласи билан ўртага чиқади. Ҳозир Американинг ўзида ҳам диссертация ҳимояси вақтида умуман мақола ёзилмайди деган тушунчалар бор. Фақат олим бор кучини бир босқичли диссертацияга қаратиши керак. Шу учун менимча 2 босқичлига ўтиш хато қарор бўлди, бунинг альтернативи дунёда йўқ.
Отабек Тиллаев: Бу ерда аслида турли факторлар бор. Яъни бу давлат миқёсида қарор қабул қилувчилар таъсир қиладиган омиллар бўлди, шунинг таъсирида шундай бўлди деб ўйлайман. Биринчидан, биз мустақил давлат сифатида илм йўлидан ҳам жаҳон стандартлари йўлидан боришни мақсад қилиб, қадам ташлашни бошладик. Лекин айни пайтда PhD ҳимоя қилган олимни айтайлик, эски тизимдаги фан докторига тенглаштирилиши табиийки ички жараёнда маълум бир ихтилофларга, жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Қўпол қилиб айтганда, кечагина “тухумдан чиққан” олим билан менинг даражам тенг бўладими деган кескин фарқ бу ўртада катта тафовутни келтириб чиқарди ва асосий конфликтлар шундан келиб чиқди деб ўйлайман. Бу бир фактор. Иккинчиси 15 йил олий таълим тизимида фаолият юритган бўлсам, мен бевосита “ошхонани” ичидан биладиган одам сифатида айтаманки, буни у ёки бу билан боғлаш ниҳоятда қийин. У ердаги кенгашларнинг ички интригалари, умуман илмий муҳитдаги соғломлик даражалари – ҳаммасининг таъсири ўтди деб ўйлайман.
Энди дунёда қандай десак, энг яхши ривожланган давлатлар стандарти бўйича йўлимизни танламоқчи эканмиз, бунда ҳам турли хилликни кўришимиз мумкин. Лекин асосан бизда эталон сифатида олишимиз керак бўлса, ғарб ва Америка тизимини олсак, албатта, бир босқичли тизим борлигини кўришимиз мумкин. Уларнинг DSc деган тушунчаси деярли истеъмолда йўқ, чунки PhD ҳимоя қилгандан кейин, зотан у кадр илм йўлини танлади, у илм йўлида давом этиши, мақолалар ва тезислар чиқариши, монографиялар, илмий қўлланмалар, шогирдлар етиштириб чиқиши ва ҳоказо. Бу каби омиллар табиийки уларнинг академик салоҳияти юксалишига ҳисса қўшади.
Неча босқичли тизим бўлишидан қатъи назар, бу ерда муаммо бунда эмас. Бу алалоқибат охирги натижада DSc ёки PhD бўлсин, стол устига қўяётган илмий иши қай даражада жамият, техника ривожи учун жавоб беради, қай даражада аҳамиятли? – мана шу масалалар катта сўроқ остига олинмас экан, бу тизим конвеердан бошқа нарса бўлмайди. Мен мисол учун 15 йиллик ўзига хос тан олиш сифатида ҳам айтишим мумкинки, Европа, умуман дунё тан олган таълим тизимига чиққандан кейин шу хулосага келдим, биз илм учун ҳеч нарса қилмаётган эканмиз.
Шунингдек, суҳбат давомида мутахассислар докторантурада илмий раҳбарлар қандай бўлиши кераклиги, ҳозирги Олий аттестация комиссияси ёпилиб, унинг ўрнида мустақил ва эркин ташкилот бўлиши лозимлигини, тизимдаги коррупцион схемага барҳам берилиши шартлигини билдиришган. Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид

18:21 / 31.08.2024
“Олий маълумотли бўлиш эйфорияси университетларни жамоат кутубхоналарига айлантириб юбормоқда” — эксперт

12:06 / 20.02.2024
“Хорижда грант асосида ўқиш имкониятлари кўпчилик ўйлаганидан кўпроқ” — Ню-Йоркдаги ўзбек докторант

19:46 / 17.11.2023
Докторантурада ўқиш учун пастроқ даражадаги тил сертификати қабул қилиниши мумкинми?

07:45 / 17.10.2023