Иқтисодиёт | 15:39 / 27.02.2025
7560
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40 млрд доллардан ошди

2024 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 5,3 млрд долларга кўпайиб, 40 млрд 199 млн долларга етди. Давлат қарзининг 33,7 млрд доллари – ташқи қарз, 6,5 млрд доллари эса – ички қарз.

Фото: Reuters

2025 йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40 млрд 199 млн долларни ташкил этди. Тегишли маълумот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий сайтига жойланган.

Давлат қарзининг 33,7 млрд доллари – ташқи қарз, 6,48 млрд доллари эса – ички қарзни ташкил этади.

Давлат қарзи 2023 йилга нисбатан 5 млрд 272 млн долларга кўпайган. ЯИМга нисбатан улуши ҳам 0,6 фоизга ошиб, 34,4 фоиздан 35 фоизга етган.

Таққослаш учун, 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига давлат қарзи 34 млрд 927 млн долларни ташкил этган. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич 5,3 млрд долларга ёки 15 фоизга ошган. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ҳам давлат қарзи 1070 долларга етган.

Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?

2024 йил якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 45 фоизи (15 млрд 291 млн доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 17 фоизи (5,74 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 8 фоизи (2,8 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (2,9 млрд доллар) йўналтирилган.

Ўзбекистон кимлардан қарз олган?

Жорий йил 1 январ ҳолатига давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши қуйидагича:

  • Жаҳон банки — 7,6 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 7,4 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 4,1 млрд доллар;
  • Хитой молия ташкилотлари – 3,8 млрд доллар;
  • Япония молия ташкилотлари — 2,9 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,6 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 944 млн доллар;
  • Франция молия ташкилотлари – 977 млн доллар;
  • Корея молия ташкилотлари — 740 млн доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 669 млн доллар;
  • Германия давлат банки — 415 млн доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 341 млн доллар;
  • Бошқа молиявий ташкилотлар — 1,9 млрд доллар.

Аввалроқ, 2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларни ташкил қилгани хабар берилганди. Шундан корпоратив ташқи қарз ҳажми эса 27,7 млрд долларга тенг бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши кутиляпти. Шундан 3 млрд доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади.

Мавзуга оид