Ўзбекистон | 17:44 / 27.02.2025
1974
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида биринчи авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда

Мўғулистоннинг Hunnu Air авиакомпанияси Тошкентга парвозларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Фото: Erdem Bileg

Тошкент ва Мўғулистон пойтахти Улан-Батор ўртасида мунтазам авиақатновларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар Uzbekistan Airports компанияси ва Hunnu Air авиакомпанияси ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, 2025 йил иккинчи ярмида икки давлат ўртасида парвозлар йўлга қўйилиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, қатновлар Embraer 190 русумли самолётларда амалга оширилади.

Hunnu Air — 2011 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Улан-Батор шаҳрида, Чингизхон номидаги халқаро аэропортда жойлашган. Авиакомпания ATR 72-500 ва Embraer 190 самолётларида ички ва халқаро қатновларни амалга оширади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида тўғридан-тўғри рейслар мавжуд эмас. Бироқ, Uzbekistan Airways, MIAT Mongolian Airlines, Air Astana ва бошқа авиакомпаниялар Тошкент ва Улан-Баторни бошқа шаҳарлар орқали боғловчи транзит рейсларни амалга оширади.

2024 йил декабрь ойида Тошкент ва Улан-Батор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имконияти Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дааданхуу Батбаатар томонидан ҳам муҳокама қилинган эди.

Мавзуга оид