Ўзбекистон | 19:45 / 27.02.2025
1485
2 дақиқада ўқилади

Боғчалардаги ҳолатлар юзасидан мактабгача ва мактаб таълими вазирига сенатор сўрови юборилди

Сенатор вазирдан Тошкентдаги иккита боғча — «Танзиландия» ва First Daycare хусусий мактабгача таълим ташкилотларидаги зўравонлик ҳолатлари бўйича тушунтириш беришни сўради.

Фото: Видеодан кадр

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Абдуллаев айрим нодавлат боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кузатилаётгани боис мактабгача ва мактаб таълими вазирига сенатор сўровини юборди.

Сўровда қайд этилишича, сўнгги вақтларда айрим нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «Танзиландия» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани, Юнусобод туманидаги First Daycare нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скотчлаб қўйгани аниқланган.

«Бу каби салбий ҳолатларнинг сўнгги вақтларда кўпайиши мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга кўрсатилаётган таълим ва тарбия хизматлари ҳамда уларга яратилган шароитларни мониторинг қилиш қониқарсиз йўлга қўйилганини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, ҳозирда республика бўйича 31 139 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва 6 919 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Шу боис юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг юз бермаётганига ҳеч ким кафолат бермайди, — деб ҳисоблайди сенатор.

Сенатор вазирдан мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш беришни сўраган.

Мавзуга оид