Ўзбекистон | 12:37 / 26.02.2025
9563
6 дақиқада ўқилади

Ўқитувчига кўтарилган қўллар: мактабда устозлар ўзини хавфсиз ҳис қиладими?

Яқинда ҳам Сирдарё, ҳам Қашқадарёда ўқитувчи калтаклангани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқаб, жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. Муаллимлар қанчалик улуғланмасин, реал ҳаётда зўравонликдан тўлиқ қутулолгани йўқ. Афсуски, ўқитувчини қадрлашнинг юридик асослари мўрт ва уларни дўппослаганлар енгил жазолар билан қутулмоқда. Хўш, мактабларга эркин кириб чиқиш қанчалик тўғри ва бу мактабларда ўқитувчилар ўзини хавфсиз ҳис қиладими?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жамиятимизда ўқитувчиларнинг ўрни қаерда?

Саноқли кунлар аввал Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги мактабда ўқувчининг онаси ўқитувчини бутун синф олдида жиддий калтаклагани акс этган видео тарқалар экан, жамоатчилик бундан ғазабланди. Кейинчалик бу аёл ақли заифлиги сабаб руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилгани хабар қилинди. Қашқадарёдаги мактабда эса ўқувчининг ўзи устозини калтаклаган. Умуман олганда, охирги йилларда ўнлаб ўқитувчилар зўравонликдан азият чекканига гувоҳ бўлдик. Ўқувчи, уларнинг ота-онаси, қариндоши, директор, мактаб қоровулидан тортиб директор ўринбосаригача ўқитувчини дўппослаган ҳолатлар кузатилмоқда. Бироқ бундай муносабатга жавобгарлик, афсуски, юмшоқлигича қоляпти.

Kun.uz суҳбатлашган эксперт ва соҳа мутахассисларига кўра, ростдан ҳам ўқитувчига кўтарилган қўлни оқлаб бўлмайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Сардор Раҳимбоев фикрича, мактабга кириш бугун қийин иш эмас, айниқса чекка ҳудудларда. Бундан ташқари, қишлоқ жойларида ҳамма бир-бировини танигани боис мактабларга киришда текширув ҳам йўқ.

“Ўқитувчига туширилган мушт – таълим тизимига туширилган мушт. Аёл кимнингдир онаси, синглиси ёки қизи. Педагогларнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш мумкин эмаслиги белгиланган. Давлатимизда нафақат ўқитувчи, балки ҳеч кимга мушт туширишга рухсат берилмаган. Масала – жазони беришда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчига қўл кўтаришни қабул қилиб бўлмайди” – Сардор Раҳимбоев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими

Таълим бўйича эксперт Шокир Турсунга кўра, ўқитувчиларнинг обрўйи жамиятимизда пастлигича қолмоқда. Аввало, ўртача иш ҳақида кам маош олиши ҳамда узоқ йиллар давомида устозга нисбатан ҳурматсизлик, мажбурий меҳнат шароитлари бу касб эгаларининг қадрини тушириб юборган.

“Ўқитувчилар жамиятнинг энг олди вакили бўлиши, ҳамма уларни ҳурмат қилиши керак. Социологияда авторитетлар яратилади, касблар орқали танланади, ҳукумат эса унга сигналлар беради. Ўзбекистонда биз ўқитувчини авторитетга олиб чиқолмадик, сабаби улар ҳали ҳам ўртача ойликдан кам маош олади. Асосий муаммомиз – ўқитувчининг жамиятдаги ўрнини шакллантира олмадик” – Шокир Турсун, таълим бўйича эксперт

Ақли заиф аёл боласини асраб олгани айтилмоқда

Вазирлик ходимига кўра, Сирдарёдаги ҳолатда ўқитувчи ўқувчига паст баҳо қўйган ва ўқувчи онасига бу ҳақида нотўғри маълумотни етказган. Онаси эса мактабнинг орқа эшигидан синф хонасигача кириб келиб, муаллимга нисбатан куч ишлатган. Мактабдагилар ташвиш тугмасини босиб, қўриқлаш хизматига хабар берган. 5 дақиқада етиб келган гуруҳ ўқитувчини калтаклаган онани қўлга олган. Маълум бўлишича, у 2014 йилдан бери ақли заиф сифатида рўйхатда туради.

Эксперт Шокир Турсуннинг айтишича, унга берилган баъзи маълумотларга кўра, бу она аслида боласини асраб олган. Лекин ҳозиргача маълум ҳужжатларда бу қайд этилмаган, фақат аёлнинг 1 нафар фарзанди борлиги маълум. Тартиб ҳар томондан бузилган, афсуски, тартибга ҳамма бирдек амал қилмайди, дейди Сардор Раҳимбоев.

Нега мактаб қоровули, директор ва масъуллар жавобгарликка тортилмади?

Таълим бўйича эксперт Шокир Турсун фикрича, ўқитувчилар мактабларда ўзини ҳимоялаган ҳис қиладими ёки йўқлигини текшириш, уларнинг фикрини билиш лозим.

“Мактаб маъмуриятига тўғридан тўғри интизомий жазо қўлланиши керак эди деб ҳисоблайман. Тасаввур қилайлик, худо сақласин, ўша ақли норасо ва ўзини бошқара олмайдиган аёл сумкасида совуқ қурол билан кириб келганда нима бўларди?” дейди эксперт.

Вазирлик вакили эса таълимда ҳар бир қабул қилинаётган қарор 10 мингдан ортиқ мактабларга тегишли бўлгани учун шошилмаслик кераклигини айтади. Маълум бўлишича, Сирдарёдаги вазиятдан хабар топган вазир йиғилиш ўтказган ва ҳолатни танқид қилган. Мактабларнинг атрофи тўлиқ ўралган-ўралмагани аниқланиб, бу ишни якунига етказишга вазир топшириқ берган.

Миллий гвардия қоровуллик штатлари ўзига ўтказилишини кутмоқда

Суҳбатда қатнашган Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ходими Одилжон Қўлдошевга кўра, ҳозир мактаблардаги хавфсизлик масаласига бу ташкилот бош-қош этиб белгилагани билан ҳали ишлар реал бошланмаган. Биз 30 мингдан ортиқ қоровуллик штатлари Миллий гвардияга ўтказилишини кутяпмиз, дейди у. Маълум бўлишича, ҳозирги кунда икки мингдан ортиқ Миллий гвардия ходимлари мактабларда давоматни текширишни давом эттирмоқда. Вазирликка кўра, бу давоматга яхши таъсир қилган. Қоровуллар штатини Миллий гвардия ўтказиш масаласи эса ҳали якунланмаган, тушунмовчиликлар бор.

Охирги воқеалардан кейин Ўзбекистонда ҳам мактабларга кириб-чиқишни қийинлаштириш керакдир, деган таклиф ҳам ўринли. Вазирликдан дадилроқ қадамлар кутгандик, дейди Шокир Турсун.

“Оиламизда деярли ҳамма ўқитувчи. Биз ўзимизни вазирлик ҳимоясида ҳис қилишни хоҳлаймиз. Педагогнинг ҳуқуқий ва хавфсизлик томонлама ҳимояси вазирлик бўйнида. Бундай ҳолатлар одатда маъмурий иш очилишига сабаб бўлади. Лекин ўқитувчилар бошқаларнинг кўз ўнгида калтакланиб, уларнинг видеоси ижтимоий тармоққа тарқаяпти. Жиноий иш очилиши керак, деб ўйлайман” – Шокир Турсун, таълим бўйича эксперт

Суҳбатда қатнашганлар фикрича, жазоларнинг қаттиқ эмас, муқаррарлиги жиноятларни камайтиради. Лекин таълим соҳаси ходимларига қилинган зўравонликка муносабат жиддий бўлиши лозим.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид