Жаҳон | 09:51 / 26.02.2025
17399
9 дақиқада ўқилади

Машҳур учувчи ҳаётида содир бўлган аянчли ҳодиса — жиноятчилар унинг ўғлини нега ўлдирганди?

1927 йилда фуқаро авиацияси тарихида муҳим иш содир бўлади. Америкалик учувчи Чарлз Линдберг Ню Йорк-Париж йўналишида парвоз қилиб Атлантика океанининг тепасидан учиб ўтади. Орадан 5 йил ўтгач жиноятчи унинг ҳали 2 ёшга тўлмаган ўғлини ўғирлаб, пул талаб қилади. Айтилган маблағ берилганига қарамасдан бола қайтарилмайди ва кейинроқ унинг жасади топилади.

Авиация тарихи 1896 йилда ака-ука Уилбер ва Орвил Райтлар дунёдаги биринчи самолётда парвоз қилган кундан бошланса, фуқаро авиацияси тарихи 1914 йил 12 февралдан бошланади. Ўша куни Игор Сикорский томонидан ясаб чиқилган “Иля Муромец” самолёти 16 киши билан парвоз қилганди.

Шундан сўнг авиация тармоғи тезкорлик билан ривожланиб боради ва 1927 йилда америкалик учувчи Чарлз Линдберг Ню Йорк-Париж йўналишида Атлантика океани тепасидан бир ўзи учиб ўтишга муваффақ бўлади.

Линдберг 5 800 км масофани 20 соат 21 дақиқада учиб ўтади ва Париждаги Ле Бурж аэропортига қўнади. Муваффақиятли парвоздан сўнг учувчи жуда машҳур бўлиб кетади. Унга “Парвоздаги хизматлари учун” ва Халқаро аэронавтика федерациясининг олтин медаллари берилади.

Фото: globalspec.com

1927 йилда Чарлз АҚШ ҳукуматининг илтимоси билан Лотин Америкаси бўйлаб парвоз қилади. Ўшанда у Мексикада қўнганида Чарлзни АҚШнинг шу давлатдаги элчиси оиласи билан кутиб олади. Чарлз бўлажак хотини Энн Морроу билан шу ерда танишади. Энн элчининг қизи эди.

1929 йилда Чарлз Эннга уйланади. Сўнг у хотинига самолёт бошқаришни ўргатади ва эр-хотин дунё бўйлаб саёҳат қилишади. Қисқаси, шон-шарафга бурканган Чарлз ҳаётидан мамнун эди.

1930 йил ёзда Чарлз ва Энн ўғил фарзанд кўришади ва унга Чарлз деб исм қўйишади. Кичик Чарлз Линдберг соғлигида муаммолар билан туғилганди. Кўп ўтмай Чарлзнинг ҳаётида нохуш иш содир бўлади ва оқибатда у ўғлидан айрилади.

Кичик Чарлз Линдбергнинг йўқолиши

1932 йил 1 март куни тунда номаълум шахс Чарлз Линдбергнинг Ню Жерси штатидаги Ист-Эмвилл шаҳарчасида жойлашган уйидан шахс Кичик Чарлз Линдбергни ўғирлаб кетади.

Фото: stock.adobe.com

Жиноятчи болани олиб кетиш чоғида хат қолдирган ва унда Кичик Чарлзни қайтариш эвазига 50 минг доллар талаб қилганди.

Штат полицияси, ФБР ходимлари оёққа туради, бироқ болани ҳам, жиноятчини ҳам топиб бўлмайди. Орадан бир ой ўтгач жиноятчи айтган жойга 50 минг доллар етказилади. Жиноятчи пулни 2 апрел куни олади, бироқ у болани қайтармайди.

1932 йил 12 май куни Чарлз Линдергнинг уйидан бир неча километр наридан боланинг ўлиги топилади. Жасад экспертизадан ўтказилганда Кичик Чарлз Линдберг ўғирлангандан сўнг бир неча соат ўтгач ўлдирилгани маълум бўлади. Яъни жиноятчи пулни олган вақтда бола ҳаёт эмасди.

Тиббий экспертизада Кичик Чарлз орқа мия лат ейиши оқибатида ҳалок бўлгани ойдинлашади. Кейинчалик жиноятчи уни зинадан итариб юборгани ва ҳали икки ёшга тўлмаган Кичик Чарлз жароҳатланиб вафот этгани аниқланади.

Фото: alamy.com

Ўшанда болани ўғирлаб, ўлдирган жиноятчи топилмайди. Унга берилган 50 минг доллар олтин сертификат кўринишида бўлади ва полиция уларнинг барчасидаги рақамларни қайд қилиб қўяди.

Полиция ва ФБР ходимлари жиноятчи олган пулларини ишлатишини кутишади. Бироқ икки йилча жиноятчи олган пуллар ҳеч қаерда ишлатилмайди.

Жиноятчининг топилиши

1934 йил сентябр ойида Ню Йоркдаги банкларнинг бирига жиноятчига берилган долларлардан бир қанчаси келиб тушади. Суриштирувларда номаълум кимса уларни бензин сотиб олиш учун ишлатгани аниқланади.

Полиция қидирувни кучайтиради ва жиноятчининг изини топишга муваффақ бўлади. Пулларни дурадгорлик билан шуғулланувчи, германиялик муҳожир Бруно Рихард Гауптман деган шахс бериб кетгани аниқланади.

Фото: alamy.com

Брунони дарҳол топиб ҳибсга олишади. Бироқ у болани ўғирлаганини ва ўлдирганини тан олмайди. Шундан сўнг у яшаб келган уйда тинтув ўтказилади. Брунонинг уйидан болани қутқариш учун берилган пуллардан яна қарийб 14 минг доллар топилади.

Чарлз Линдбергнинг уйида жиноятчи томонидан қолдирилган хат билан Бруно ёзувлари солиштириб кўрилганда, уларни бир киши ёзгани маълум бўлади. Миллати немис бўлган Бруно Чарлзнинг уйида қолдиргани хатида ҳам, уйидан топилган бошқа ёзувларда ҳам бирдай хатолар қилганди.

Шунингдек, Бруно яшаб турган уй текшириб кўрилганда унинг чордоғида ёғоч зинапоя борлиги ва Кичик Чарлз ўшандан думалаб кетгани аниқланади. Шундан сўнг Брунога нисбатан айблов эълон қилинади.

1935 йил 13 феврал куни ўтказилган сўнгги суд мажлисида Бруно онгли равишда Кичик Чарлзни ўғирлаган ва уни ўлдирган деб топилади. Судя унга ўлим жазоси беради. Брунонинг адвокатлари бир неча марта апелляция беришади, бироқ улар рад этилади.

1936 йил 3 апрел куни Ню Жерсида электр стул ёрдамида қатл ижро этилади. Бруно охиригача болани ўғирламагани ва ўлдирмаганини таъкидлайди.

Линдбергнинг ўзи ҳам гумонда

Кейинчалик Кичик Чарлз Линдбергни Бруно эмас, бошқалар ўлдиргани ҳақида бир қанча миш-мишлар чиқади. Уларнинг бирига кўра, болани ўғирлашни Чарлз Линдбергнинг акасидан ўч олишга қарор қилган маҳаллий банкирлар уюштирган.

Фото: alamy.com

Чарлзнинг акаси Федерал захира банки тузилишига қаттиқ қаршилик кўрсатган шахслардан бири бўлган. Шу сабабли банкирлар Чарлзнинг акасини жуда ёмон кўришган.

Иккинчи миш-мишга кўра, Кичик Чарлз ногирон туғилгани учун Чарлз Линдберг ундан қутулишни хоҳлаган ва одам ёллаб бу ишни амалга оширган.

Юқоридаги миш-мишларда ҳеч қандай асос бўлмаган ва ҳатто полиция ҳам жиноятчини қидираётганда уларга эътибор қаратмаган.

Кичик Чарлз Линдбергнинг ўлдирилиши АҚШда иккита муҳим қонун қабул қилинишига сабаб бўлади. “Чарлз Линдберг қонуни” деб аталган бу қонунга кўра одам ўғирлашнинг ҳар қандай тури федерал жиноят сирасига киритилади. Ўшангача у маҳаллий жиноят турига кирган.

Иккинчи қонун суд жараёнида фотоаппаратларнинг ишлатилишини билан боғлиқ эди. Кичик Чарлз Линдбергнинг қотили суд қилинаётганда айрим фотографлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилишади. Шунда суд мажлисларида фотоаппаратлардан фойдаланиш тақиқланади.

АҚШда суд мажлислари репортёр-рассом томонидан шу тарзда чизилиб, тасвирланади
Фото: courtartist.com

Ўшандан кейин АҚШдаги судларда жараённи репортёр-рассом суратга чизиш орқали тасвирлаши қайта тикланади. Ҳозир ҳам Америкада жиноий ишлар кўриладиган суд мажлисларида фото, видео ускуналар ишлатиш мумкин эмас. Фақат репортёр-рассом жараённи суратларга чизиб тасвирлаши ва ёритиши мумкин.

Чарлз Линдбергнинг кейинги ҳаёти

Кичик Чарлз Линберг учувчининг тўнғич фарзанди бўлган. У вафот этгандан сўнг Чарлз ва Энн яна 5 нафар фарзанд кўришади.

Жон Линдберг 1932 йилда, Лэнд Лиднберг 1937 йилда, Энн Линдберг 1940 йилда, Скот Линдберг 1942 йилда ва Рив Линдберг 1945 йилда туғилган. Линдберг жуда машҳур одам бўлгани учун унинг ҳаёти кўпроқ сафарларда ўтади. Шу сабабли у болаларини жуда кам кўради. Шунингдек, учувчининг турли аёллардан яна етти фарзанди бўлган.

Фото: reminisce.com

Чарлз Линдберг 1930-йилларнинг иккинчи ярмида Франция, Германия ҳамда СССРга келади ва бу мамлакатларнинг авиация саноати билан танишади. Ана шунда немис генерали Ҳерман Геринг уни орден билан мукофотлайди.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Чарлз АҚШнинг унда қатнашишига қарши чиқади. Бу президент Франклин Рузвелтга ёқмайди ва у учувчини ҳарбий хизматдан четлатади. Фақат 1944 йилга бориб у АҚШ ҳарбий авиациясида маслаҳатчи бўлиб ишга киради.

Урушдан кейин Чарлз АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларида маслаҳатчи бўлиб ишлайди. Президент Эйзенхауэр унга генерал унвонини беради.

Чарлз Линдберг хотини Энн ва президент Жон Кеннеди билан
Фото: alamy.com

Кўп ўтмай Pan American World Airways авиакомпанияси Чарлзни маслаҳатчи сифатида ишга олади ва у Boeing 747 самолётининг дизайнини тайёрлашда қатнашади. Чарлз Линдберг 1970-йиллар бошларида саратон касалига чалинади ва 1974 йил 26 август куни 72 ёшида вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид