Музокараларни тўхтатган ҲАМАС, Киевга йиғилган етакчилар ва Украинани қўллаётган Туркия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
ҲАМАС музокараларни тўхтатди
ҲАМАС Исроил билан сулҳ бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилмаслигини маълум қилди. Ҳаракат Исроил ўз мажбуриятларини бажариб, 620 фаластинлик маҳбусни озод этмагунча, музокаралар давом этмаслигини таъкидлади.
22 феврал куни Исроил режалаштирилган маҳбуслар алмашинувини кечиктирди ва ҲАМАС аввал ўз шартларини бажариши лозимлигини билдирди. Бинямин Нетаняҳу идораси исроиллик гаровга олинганларнинг кафолатли озод қилинишигача маҳбуслар озод этилмаслигини эълон қилди.
Вашингтон Тел-Авивнинг қарорини қўллаб-қувватлаб, ҲАМАСнинг ҳаракатларини танқид қилди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Брайан Ҳюз Трамп маъмурияти Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлашини айтди.
ҲАМАС буни келишув бузилиши деб баҳолади ва воситачиларни Исроилни шартномага амал қилишга мажбурлашга чақирди.
Ғазодаги қурбонлар 48 мингдан ошди
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳга қарамай, Ғазо секторида қурбонлар сони ошиб бормоқда. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён ҳалок бўлган фаластинликлар сони 48 минг 346 нафарга етди, жароҳатланганлар эса 111 минг 759 кишини ташкил этмоқда.
Сўнгги 24 соат ичида исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган икки фаластинлик жасади ва вайроналар остида қолган беш нафар кишининг жасади касалхоналарга етказилган.
19 январдаги сулҳ келишувига қарамай, Исроил ҳарбийлари вақт-вақти билан Ғазо секторидаги ҳужумларини давом эттирмоқда. Фаластин манбаларига кўра, оташкесим келишуви кучга кирганидан бери 92 фаластинлик ҳалок бўлган.
Сурияга қарши санкциялар вақтинча юмшатилди
Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари Сурия иқтисодиётини тиклашга ёрдам бериш мақсадида бир қатор санкцияларни бекор қилди. Қарорга мувофиқ, бешта банк, жумладан, Саноат банки ва Сурия араб ҳаво йўллари чекловлар рўйхатидан чиқарилди. Шунингдек, Европа ва Сурия банклари ўртасидаги ҳуманитар тўловлар ва Марказий банк билан молиявий операцияларга рухсат этилди.
Европа Иттифоқи нефт, газ, энергетика ва транспорт соҳаларидаги чекловларни ҳам вақтинча бекор қилди. Бироқ қурол-яроғ, кимёвий моддалар ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига бўлган санкциялар ўз кучида қолди.
ЕИ ташқи ишлар раҳбари Кая Каллас санкциялар вақтинча бекор қилинганини таъкидлаб, зарурат туғилса, улар қайта жорий этилиши мумкинлигини билдирди.
БМТ маълумотларига кўра, Сурияда аҳолининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди, 16,5 миллион киши эса ҳуманитар ёрдамга муҳтож.
Туркия Украинанинг НАТОга аъзолигига қарши эмас
Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан мамлакат расмийларининг расмий позицияси Украина НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Анқара бу масалада прагматик ва реалистик ёндашув зарурлигини таъкидлайди.
Фидан 24 феврал куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара ўтказиб, Украина ва икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди. Унинг таъкидлашича, Туркия Россия ва АҚШ ўртасидаги Ар-Риёддаги музокаралар ҳақида яхши хабардор ва тинчлик ўрнатишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлайди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар учун Анқарани идеал платформа сифатида кўришини билдирган. Шу билан бирга, у 2024 йилда Украина НАТОга тезда қабул қилиниши эҳтимоли жуда паст эканини таъкидлаган.
Ражаб Тоййиб Эрдўған Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. У Қрим платформаси саммитига юборган видеомурожаатида Украина билан бирдамлигини билдириб, Россиянинг Қримни 2014 йилда ноқонуний аннексия қилишига қарши чиқишини эсга олди.
Туркия раҳбари 2025 йил уруш эмас, тинчлик йили бўлишига умид билдирди. У барча тарафларни дипломатик ҳаракатларни кучайтиришга чақирар экан, Рамазон бутун дунёга тинчлик олиб келишини тилади.
Украинага армия ва молиявий ёрдам керак
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун камида 800 минглик армияни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади. «Бу йўлда Киев ташқи молиявий ёрдамга муҳтож, аммо бу тинчлик ва ҳимоя учун тўланадиган баҳо», деди у.
Зеленский НАТОга аъзо бўлмагунича Украина ўз армиясини мустақил молиялаштириши лозимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европанинг айрим мамлакатлари Киевга аниқ хавфсизлик кафолатлари беришга тайёр эмас.
Украина президенти 24 феврал куни Киевда 13 давлат етакчилари иштирокида хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Унда АҚШ вакиллари қатнашмади.
Уларнинг мақсади – Украинага хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш ва эҳтимолий музокаралар стратегиясини белгилаш.
Европа Иттифоқи етакчилари Украина тақдири бутун Европа учун муҳимлигини таъкидлади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевда «Украина – Европа» эканлигини эслатди.
Киевга Испания, Канада, Латвия, Литва, Эстония, Финландия, Дания, Норвегия, Исландия ва Швеция етакчилари келди. Борис Жонсон ҳам ташриф буюрганини маълум қилди.
Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари Киевга янги йирик ёрдам пакетларини эълон қилди.
Европа Иттифоқи март ойида Украинага 3,5 млрд евро ажратади. Буюк Британия 4,5 млрд фунт-стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам йўллайди. Канада эса замонавий қурол ва ўқ-дорилар билан бирга, музлатилган рус активларидан 5 млрд доллар ажратади.
Испания Украинага 1 млрд евролик ҳарбий ёрдам тайёрлаётгани маълум қилинди. Швеция ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш учун 113 млн евро ажратади. Норвегия Украинага 3,5 млрд евро йўналтиради, Дания эса 270 млн евролик ўқ-дори ва ҳарбий тайёргарлик учун маблағ ажратади. Финландия эса Украина инфратузилмасини тиклаш учун 4,5 млн евро йўналтиришини маълум қилди.
АҚШ Украинага қарши овоз берди
БМТ Бош ассамблеяси Украина ва Европа давлатлари томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, АҚШ томонидан рад этилди. Бу Вашингтон ташқи сиёсатининг кескин ўзгарганини кўрсатди. АҚШга таассуб қилиб, Исроил ва Венгрия ҳам резолюцияга қарши овоз берди.
Резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлади. АҚШ ва Россия қарши овоз берди, Хитой эса бетараф қолди.
Ҳужжат муаллифлари орасида Европа Иттифоқи ва Украина бор. Унда Россия агрессор давлат, деб белгиланиб, Москвага ўз қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш талаби қўйилган.
Дастлаб АҚШ нейтрал позицияни таклиф қилган, аммо Европа томонидан Россия тажовузини кескин танқид қилувчи тузатишлар киритилганидан сўнг, Вашингтон бутунлай қарши чиқди. Россия ҳам ўз таклифларини берган, лекин улар қабул қилинмади.
Бу овоз бериш Украинадаги урушнинг уч йиллиги муносабати билан ўтказилган бўлиб, АҚШ ва Европа ўртасидаги тобора кучайиб бораётган келишмовчиликни яққол намоён қилди.
Зеленский Вашингтонга боради
АҚШ президенти Доналд Трамп Украина раҳбари Володимир Зеленскийни Оқ уйда кутиб олиши мумкин. Унга кўра, Зеленский шу ҳафта ёки келгуси ҳафта Вашингтонга ташриф буюриб, қимматбаҳо металлар бўйича келишувни имзолаши кутилмоқда.
Трамп бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашуви давомида маълум қилди. У Украина ва Россия билан тинчлик музокаралари олиб борилаётганини таъкидлаб, Киев билан нодир металлар келишуви бўйича келишув деярли тайёр эканини айтди.
«Мен президент Зеленский билан учрашаман. У Вашингтонга келишга тайёрланмоқда. Бу келишув АҚШ ва Украина иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлади», — деди Трамп.
Доналд Трамп Украина оккупация қилинган ҳудудларнинг бир қисмини қайтариши мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, бу масала фақат музокаралар жараёнида ҳал этилиши мумкин.
Трампнинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувида журналистлар ундан Украина Россия эгаллаб олган ҳудудларни қайтариши мумкинми, деб сўраганида, у бу жуда қийин жараён бўлишини таъкидлади.
«Бу осон иш эмас, тўғрими? Бир қисми қайтариб олинар, эҳтимол, мен шундан умид қиламан. Лекин бу жуда мураккаб жараён», – деди Трамп.
Мавзуга оид

13:09
Электрдан узилган Ғазо, Суджага газ қувури орқали ҳужум ва Трамп келиши билан янада бойиган россиялик миллиардерлар — кун дайжести

15:46 / 08.03.2025
Музокаралардан норози Нетаняҳу, Сурияда Россия базалари яқинида жанглар ва сулҳ учун шарт қўяётган Кремл — кун дайжести

14:15 / 07.03.2025
ҲАМАСдан Трампга, Путиндан Макронга жавоблар, Залужнийнинг баёнотлари ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

13:34 / 06.03.2025