Жамият | 16:07 / 24.02.2025
9373
3 дақиқада ўқилади

Тошли туман — Тошлоқдан репортаж

Kun.uz мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида бўлиб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишишда давом этади. Бу сафарги манзил Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани бўлди.

Тошлоқ — Фарғона вилоятидаги туман. 1935 йилда ташкил этилган. 1959 йилда Охунбобоев туманига бирлаштирилган. 1973 йил 12 апрелда қайта тикланган.

Тошлоқ Марғилон шаҳри, Қўштепа, Ёзёвон, Қува туманлари, Қувасой шаҳри ва шимоли-шарқдан эса Андижон вилоятининг Бўз тумани билан чегарадош. Майдони 0,24 минг км². Аҳолиси 219 минг киши. Туман маркази — Тошлоқ шаҳарчаси. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Саноат ҳам ривожланиб боряпти. Тошлоқ туманига 2020 йилдан бери Абдуқаҳҳор Жўрабоев ҳокимлик қилиб келади.

Абдуқаҳҳор Жўрабоев, Тошлоқ тумани ҳокими

Тошлоқнинг марказида бўлиб, аҳолидан туман нега бундай номланишини сўрадик. Хўш, тошлоқликлар ўз ҳокимларини танийдиларми? Туман аҳолисини қандай муаммолар қийнайди? Бозордаги сотувчиларнинг кунлик даромади қанча? Бу ҳақда уларнинг ўзларидан қизиқиб сўрадик.

Сўровнома натижаларига кўра, аксарият аҳоли нима учун туман “Тошлоқ” номи билан аталишини билмасликлари маълум бўлди. Шунингдек, одамларнинг кўпчилиги ўз ҳокимларини танимайди. Муаммо эса...

Тошлоқ туманида аҳоли бозор билан боғлиқ муаммо мавжудлиги айтди. Бозорда етарлича шароит йўқлигидан одамлар ташқарига чиқиб пиёдалар йўлагида савдо қилишар экан. Сўровномада иштирок этганларнинг билдиришича, дам олиш хиёбонларининг йўқлиги энг оғриқли муаммолардан бири.

Туман аҳолисини қийнаётган муаммолар бўйича изоҳ олиш учун ҳокимнинг 1-ўринбосари Камолиддин Умаровга юзландик.

Камолиддин Умаров

У ҳақиқатан ҳам аҳоли айтган муаммолар борлиги, яқин вақт ичида бозор ҳам хиёбон қурилишини айтди. Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, бозор ва хиёбон учун ер ажратилган, лойиҳа ҳам маъқулланган.

Kun.uz бошқа туманларга ҳам бориб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишишда давом этади.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Мавзуга оид