Буюк Британия Россияга қарши уруш бошланганидан бери энг йирик санкциялар пакетини жорий этди
Санкциялар рўйхатига РФнинг «соядаги флоти»нинг 40 та кемаси, шунингдек, КХДР мудофаа вазири ҳам киритилди.

Фото: Bloomberg
Буюк Британия ҳукумати Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабати билан Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Британия ТИВнинг маълум қилишича, бу уруш бошланганидан бери жорий этилган энг йирик чекловлар пакети ҳисобланади.
Янги санкциялар рўйхатидан 107 та позиция ўрин олди. Чекловлар Россиянинг ҳарбий етказмалар занжирига, «соядаги флот»нинг 40 та кемаси, шунингдек, «Кремлга фойда келтирадиган клептократларга» қаратилган.
Хусусан, рўйхатга «Роснефт»нинг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатов ҳам киритилган. 2022 йилда Италиянинг La stampa газетаси ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, аслида Путинга тегишли экани айтилган «Шаҳризода» суперяхтасининг расмий эгаси Худайнатов эканини хабар қилган эди.
Бундан ташқари, AEON корпорацияси директорлар кенгаши раиси ва «Новапорт» аэропортлар тармоғи эгаси Роман Троценкога нисбатан ҳам чекловлар жорий этилди. 2023 йилда интернетда Тросцнконинг овози дея тахмин қилинган телефон мулоқоти тарқалган эди — унда бизнесмен Россия ҳукуматини танқид қилган.
Шунингдек, санкциялар рўйхатидан қуйидагилар ҳам ўрин олди:
- «Царград» телеканали бош директори Наталя Тюрина;
- «Махсус алоқа бош маркази» раҳбари Иван Гайченя;
- Экспобанкнинг асосий акциядори Игор Ким;
- S7 авиакомпанияси ҳаммуассиси Владислав Филев;
- «Грант-Трейд» компанияси раҳбарлари Марат ва Динара Мустафаевалар;
- «Автодом» компанияси бош директори Андрей Олховский;
- «Вкусно и точка» эгаси ва сенатор Арсен Каноков;
- КХДР мудофаа вазири Но Гван Чхол ва Шимолий Кореянинг бошқа генераллари ҳамда юқори мартабали амалдорлари;
- Хитой, Ҳиндистон, Таиланд, Туркия, Қирғизистон ва Германия компаниялари — икки хил мақсадга мўлжалланган товарлар, станоклар ва электроника ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчилар.
Аввалроқ Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини қабул қилгани тўғрисида хабар берилганди. Санкциялар рўйхатига Ўзбекистоннинг Uzstanex компанияси ҳам киритилган.
Мавзуга оид

11:40 / 15.03.2025
Кенияда президент кортежи британиялик эркакни уриб кетиб, унинг ўлимига сабаб бўлди

21:28 / 13.03.2025
Россия мамлакатга кириш тақиқланган ЕИ фуқаролари рўйхатини кенгайтирди

21:06 / 10.03.2025
Британия ҳукумати суд орқали Абрамовичнинг 2 млрд фунтини тортиб олмоқчи

16:09 / 09.03.2025