Спорт | 12:56 / 24.02.2025
19957
18 дақиқада ўқилади

«Сити» ва Ҳусанов «Ливерпул»ни тўхтатолмади, Винисиус голсиз сериясини тўхтатди. Кун ўйинлари

Мерсисайдликлар чемпионликка тайёрланмоқда, Испания ва Италияда интрига қизимоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: AP

Англия: ҳозирги «Сити» — Слот жамоасига тенг рақиб эмас

«Манчестер Сити» — «Ливерпул» 0:2
Голлар:
Салоҳ (14), Собослаи (37).
«Манчестер Сити» — Эдерсон, Люис, Ҳусанов, Аке (Диаш, 77), Гвардиол, Нико (Ковачич, 78), де Брюйне (Макейти, 66), Савинио, Доку, Фоден, Мармуш (Гундўған, 77). 
«Ливерпул» — Алиссон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Кванса, 90+2), Робертсон (Цимикас, 74), Гравенберҳ, Мак Аллистер, Собослаи, Диас (Гакпо, 79), Жонс (Эндо, 74), Салоҳ (Эллиот,  90+2).

Ҳоланд жароҳатланиб сафдан чиққанига қарамай, турнинг марказий учрашувига «Сити» етарлича ҳужумкор таркибда тушди. Олдинги чизиқда бир вақтнинг ўзида Мармуш, Доку, Савинио, Фоден ва Де Брюйнега жой топилди. Бундай вазиятда Гонсалес таянч зонасида ёлғиздек кўринди. «Ливерпул»да эса илк дақиқалардан Жонс ҳаракатланди, у Собослаи билан биргаликда икки «ўнлик»дан бири бўлди. Номинал марказий форвардлар Гакпо ва Нунес захирада қолдирилди, уларнинг ўрнига туширилган Диас кўпроқ чапроқда ҳаракат қилди.

Дастлабки 13 дақиқа давомида мухлислар нисбатан тенг ўйинга гувоҳ бўлишди, кейин эса меҳмонлар бурчак зарбаси ижро этиш ҳуқуқига эга бўлишди ва ўйланган комбинацияни амалга оширишди. Ерлатиб икки пас берилди — ва Салоҳ дарвоза қаршисида қулай позицияда пайдо бўлди ва кичик рикошет орқали дарвозани ишғол этди. Собослаи орқача турган ҳолда ассист берди, бу вақтда эса Конате ва ван Дейк Салоҳ бўш ҳудудга эга бўлиши учун рақиб ҳимоячиларини ўзи билан дарвоза томон олиб кетишди. Бу мисрлик ҳужумчининг «Сити» дарвозасига урган 14-голи бўлди ва у Стивен Жеррарднинг бу борадаги рекордини такрорлади.

«Сити» ўйиннинг кўпроқ вақтида тўпга эгалик қилди ва кўпроқ зарба йўллади (ўйин охиригача 16:8, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 5:4), аммо вазиятлар яққол голли бўлмади. Мармуш дарвозани ишғол этди, аммо унинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. «Ливерпул» чуқур ҳимояга ётди ва рақибни қарши ҳужумларда жазолашга ҳаракат қилди. Меҳмонлар учун фақат Доку ва Трентнинг қарама-қаршилиги бўлди, белгиялик вингер ўйин давомида 19 бор дриблинг ишлатди ва шундан 13 тасида муваффақиятли ҳаракат қилди, бу мавсумда бир ўйин учун энг юқори кўрсаткич. Аммо унинг ва жамоадошларининг қанотлардан жарима майдонига узатмалари наф келтирмади.

37-дақиқада эса «Сити»нинг прессинги иш бермади ва «Ливерпул» яна олдинда бўш зоналарга эга бўлди. Одатдагидек Трент Салоҳга узун пас берди ва мерсисайдликлар ҳужумда тўртга тўрт ҳолатига эга бўлишди. Гвардиол ҳам, Аке ҳам Мога қаршилик кўрсата олишмади ва у жарима майдони марказида очилган Собослаини тўп билан таъминлади, венгриялик яримҳимоячида тўпни ўзига мослаш ва зарба бериш учун етарлича вақт бўлди. Эдерсон сакраб ҳам ўтирмади — 0:2.

Иккинчи бўлимга «Сити» катта шашт билан тушди ва ҳатто қайсидир паллаларда меҳмонлар жарима майдони қуршаб олинди. Танаффусдан кўп ўтмай, иккала дарвозабон ҳам биттадан сэйв амалга оширишга мажбур бўлди. Аввалига Алисон Доку яна бир бор Трентни алдаб ўтганидан кейин Мармушнинг зарбасини ўзига қабул қилди. Кейин Диас йўллаган зарбадан кейин Эдерсон ўзини кўрсатди.

56-дақиқада «Ливерпул» ўйин масаласини ҳал қилгандек кўринганди — Жонс учинчи голни урди. Аммо уни Собослаидаги офсайд ҳолати туфайли бекор қилишди. Бу вазиятда Ҳусанов ўз вақтида офсайд чизиғини ушлашга улгурганди. Умуман олганда, ўзбекистонлик ҳимоячи шу куни жамоасидаги энг ёрқин футболчилардан бири бўлди ва бир неча вазиятда жамоасини навбатдаги голлардан қутқарди. Squawka маълумотига кўра, Абдуқодир Ҳусанов тўпни жамоасига қайтариш бўйича АПЛ 26-туридаги энг яхши натижани қайд этди: у шу куни 12 марта бу ишни уддалади.

Ўзбекистонлик ҳимоячи қаторасига иккинчи ўйинда (олдингиси ЕЧЛда «Реал»га қарши) «Сити» ҳимоячилари орасида энг юқори баллни олди:

Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярми тўлиғича «Сити»нинг устунлигида кечди ва мезбонлар деярли ҳар дақиқада «Ливерпул» жарима майдонида кескинлик юзага келтиришди. Слот Жонс ўрнига Эндони тушириб, ҳимояни кучайтирди. Япониялик таянч яримҳимоячисиси мунтазам равишда ҳимоя чизиғининг бешинчи вакили бўлиб ўйнади.

Лекин «Сити» тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка эришганига қарамай (66 га 34), ҳимоя деворидан ўта олмади. «Ливерпул» ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнади ва майдоннинг учинчи қисмида чуқур ҳимояланди, айрим вазиятларда Салоҳ ҳам ҳимояга ёрдам берди. Слот жамоаси тактик жиҳатдан мослашувчанроқ бўлиб чиқди — «Сити» билан таққослаганда ҳам, Клопп давридаги «Ливерпул» билан таққослаганда ҳам. Икки гол устунлиги катта куч сарфланмай сақлаб қолинди.

Энди АПЛ пешқадами энг яқин таъқибчиси «Арсенал»дан 11 очкога ўзиб кетган. Амалда фақат чемпионликни расмийлаштиришгина қолган. «Сити» эса Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳам кўп тер тўкишига тўғри келади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Нюкасл» — «Ноттингҳэм Форест» 4:3
Голлар:
Майли (23), Мерфи (25), Исак (33 пеналти, 34) — Ҳадсон-Одои (6), Миленкович (63), Йейтс (90).
«Нюкасл» — Поуп, Ҳолл, Берн, Шер, Ливраменто, Уиллок (Тонали, 70), Бруно Гимараэс, Майли, Гордон, Мерфи (Барнс, 70), Исак (Уилсон, 87). 
«Ноттингҳэм Форест» — Зелс, Уилямс, Мурилло, Миленкович, Айна, Андерсон (Сангаре, 77), Домингес (Йейтс, 76), Гиббс-Уайт, Ҳадсон-Одои, Эланга, Вуд. 
Огоҳлантиришлар: Миленкович (45+2), Андерсон (52), Ливраменто (55), Домингес (74), Йейтс (90+2).

Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун даъвогар икки жамоа ўйини «Ноттингҳэм» учун севимли сценарийда бошланди — биринчи бўлимда гол ур ва ҳисобга ўйна. Аммо бу сафар Нуну Эшпириту Сантунинг рецептлари иш бермади. «Нюкасл» қайсидир паллада ўзига келди, кейин эса «ўрмончилар» мудофаасининг ўнг қанотини парчалаб ташлади. Аммо бундаги асосий ҳаракатланувчи куч одатдаги каби Гордон эмас, балки ҳимоячи Ҳолл бўлди, у ўн дақиқалик бенефис уюштирди.

Бу вақт бошланишида ушбу латерал ҳисобни тенглаштирган Майлига ассистентлик қилди. Бироз ўтиб унинг пасидан кейин рикошет бўлиб йўналишини ўзгартирган тўп бўш дарвоза қаршисида қолган Мёрфига етиб борди. Ниҳоят Ҳоллнинг узатмасидан кейин тўп меҳмонлар ҳимоячисининг қўлига тегди ва монитор қаршисига бориб вазиятни кўрган бош ҳакам пеналти белгилади.

Исак 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб, АПЛ тарихидаги энг яхши швециялик тўпурарга айланди. У Фреди Юнгбергнинг натижасини яхшилади, кейин эса янги планкани ўрнатди — 50 гол. Унга бу натижага эришиш учун АПЛда 76 ўйин етарли бўлди. Унинг голлари «Нюкасл»нинг ғалабасини таъминлади, чунки «Ноттингҳэм» охиригача курашди ва финал ҳуштаги чалингунига қадар ҳисобни минимумгача қисқартирди. Жамоаларнинг турнир жадвалларидаги ўринлари (учинчи ва бешинчи) ўзгармай қолди, лекин «Нюкасл» орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди.

Испания: Модрич 39 ёшида ҳам гол урмоқда

«Атлетик» — «Валядолид» 7:1
Голлар:
Хаурегисар (10), Н.Уилямс (35, 66), Саннади (43), Сансет (45+2),  Гурусета (69), И.Уилямс (87).
«Атлетик» — Унаи Симон, Берчиче, Паредес, Вивиан, Де Маркос (Лекуэ, 75), Весга, Хаурегисар (Руис де Галаррета, 64), Нико Уилямс (Каналес, 68), Сансет (Беренгер, 68), Иняки Уилямс, Саннади (Гурусета, 64).
«Валядолид» — Ҳейн, Кандела (Мачис, 46), Перес, Торрес, Айду (Жемерт, 65), Санчес, Чуки (Моро, 46), Юрич, Мартин (Гриллич, 61), Силла, Маркос Андре (Никичер, 68).
Огоҳлантиришлар: Мартин (44), Юрич (46), 
Четлатиш: Юрич (56), Вивиан (79), де Галаррета (84).

Айтиш мумкинки, Испанияда ҳозирда чемпионлик учун курашаётган «катта учлик», «Атлетик» ва бошқа жамоалар бор. Эрнесто Валверде Билбаодаги фаолияти билан яхши таассурот қолдирмоқда. Басклар томошабоп ўйин кўрсатмоқда, «Валядолид»га қарши ўйин эса Нико Уилямснинг бенефисига айланди. Якшанба куни мезбонлар еттитадан ҳам кўпроқ гол уриши мумкин эди, аммо ҳакам меҳмонларга раҳм қилиб, ўйинни 90-дақиқадан олдинроқ ҳам тугатиб юборди. Ўйналган вақт давомида эса мезбонлар 16 бор дарвоза соҳасига тўғри борган зарба йўллашди. Испания чемпионатида бундай кўрсаткич 2023 йил апрелидан бери қайд этилмаганди, ўшанда худди шу «Валядолид» «Реал» томонидан ўққа тутилганди (17 та зарба).

«Реал» — «Жирона» 2:0
Голлар:
Модрич (41), Винисиус (83).
«Реал» — Куртуа, Васкес, Алаба (Камавинга, 73), Асенсио, Менди, Чуамени, Модрич (Рюдигер, 85), Диас (Себаллос, 73), Винисиус (Эндрик, 90), Родриго, Мбаппе.
«Жирона» — Гассанига, Лопес, Крейчий, Блинд, Мартинес, Ромеу (Ромеро, 66), Мартин (Хил, 66), Гутиеррес (Миовски, 75), Ван де Бек (Артур, 56), Циганков, Данжума (Асприля, 66). 
Огоҳлантиришлар: Крейчий (64), Ромеро (70).

«Реал»нинг навбатдаги ўйини арафасида мадридликлар 39 ёшли Модрич билан шартномани 2026 йил ёзига қадар узайтирмоқчи экани ҳақида хабар тарқалди. Ёши туфайли кўпчилик томонидан аллақаачон пенсияга юборилган Лука эса ҳали яна бир бор жаҳон чемпионатида ўйнамоқчи. Ҳозирча бу инсайд қанчалик тўғри экани номаълум, аммо хорватиялик футболчи тўхтамоқчи эмаслиги кўриниб турибди.

Қолаверса, унинг «Жирона» дарвозасига узоқ масофадан айлантириб йўлланган аниқ зарбаси — 2025 йил бошидан буён тўртинчиси бўлди. Бу рақамни янада аниқроқ баҳолаш учун бу олдинги икки йилда урилган шундай голлар сонидан икки баравар кўплигини келтириш мумкин. Модрич сермаҳсуллик бўйича Винисиус Жуниор билан бир хил кўрсаткич қайд этмоқда, бразилиялик вингер ла лигада 2024 йил 9 ноябрдан буён гол урмаётганди (унинг жамоа сафидаги охирги голига ҳам бир ой бўлди — ЕЧЛнинг асосий босқичида «Залцбург»га қарши ўйинда). У голсиз сериясига 83-дақиқада Мбаппе билан комбинациядан кейин барҳам берди ва ўйин тақдирини ҳал қилди.

25-турда кучли учликдаги барча жамоалар учтадан очко жамғарди, бунақаси эса доим ҳам кузатилмайди. Кейинги турда буни такрорлаш осон бўлмайди: «Реал»ни «Бетис»га қарши ўйин кутмоқда, «Барселона» —  «Соседад», «Атлетико» — «Атлетик» билан ўйнайди.

Италия: «Наполи» инқирозда, «Аталанта» — скудетто учун пойгага қайтди

«Комо» — «Наполи» 2:1
Голлар:
Рраҳмани (7, автогол), Диао (77) — Распадори (17).
«Комо» — Бюте, Валле, Кемпф, Голданига, Смолчич, Пас (Дувикас, 90), Стрефецца (Войвода, 90), Да Куня (Энгелҳардт, 81), Перроне, Какре (Кутроне, 72), Диао (Фадера, 81).
«Наполи» — Мерет, Буонжорно, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Спинаццола, Мактоминей, Лоботка (Окафор, 84), Биллинг (Замбо-Ангисса, 62), Политано (Нгонж, 77), Распадори, Лукаку (Симеоне, 62).
Огоҳлантиришлар: Пас (24), Ди Лоренцо (68), Мактоминей (83), Симеоне (87).

Бир кун олдин «Милан» дарвозабони Менян тўпни ўз жамоадоши Тшауга қарата тепиб, кулгили автоголга ҳаммуаллифлик қилганди. Бир кун ўтиб «Наполи» ҳимоячиси Рраҳмани унга рақобат кўрсатишни хоҳлаб, орқага қарамасдан дарвоза томон кучли пас берди, Мерет эса бунга тайёр эмасди. Кўп ўтмай Лукакунинг ўйини чиқмаган кунлари ўз голлари билан жамоаси жонига ора кирадиган Распадори ҳисобни тенглаштирди, аммо шу куни неаполитанликлар уйга бир очко ҳам олиб кета олмади.

Қишда жамоани кучайтира олган Сеск Фабрегас «Комо»ни янги даражага олиб чиқмоқда. В сериядан чиққан дебютант ўтган турда «Фиорентина» майдонида ғалаба қозонганди, бу сафар эса скудеттога даъвогарлардан бирини мағлуб этди. Италияга осон мослашаётган «Бетис» тарбияланувчиси Ассане Диалло бу ўйинда ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Нико Паснинг узатмасидан кейин ҳимоячилардан қочиб кетган 19 ёшли форвард А сериядаги саккизинчи ўйинида бешинчи голини урди. Бу шу ёшдаги футболчилар учун топ-5 лигалардаги энг юқори сермаҳсуллик. 

Ушбу ёш футболчи Кутронени захирада қолдирмоқда ва «Комо»ни хавфли зонадан олиб чиқмоқда. «Наполи» эса қаторасига тўртинчи ўйинда очко йўқотди ва уч дурангдан кейин мағлубиятга учради. Антонио Конте жамоаси пешқадамликни қайтариб олиш учун ҳафта охирида «Интер»ни мағлуб этиши керак. Бу учрашув чемпионлик ўйинига айланади.

«Эмполи» — «Аталанта» 0:5
Голлар:
Гяси (27, автогол), Ретеги (33), Лукман (43, 55), Дзаппакоста (74).
«Эмполи» — Силвестри, Какаче, Де Шильо, Гогличидзе, Грасси (Журковски, 72), Мале (Коваленко, 83), Ҳендерсон, Пеццелла, Гяси (Самбия, 57), Эспозито (Кампанелло, 72), Куаме (Коломбо, 58).
«Аталанта» — Карнезекки, Колашинац, Жимсити (Толои, 63), Пош, Лукман (Куадрадо, 76), де Кетеларе (Эдерсон, 63), Дзаппакоста (Ружери, 86), Пашалич (Брешианини, 76), де Рон, Белланова, Ретеги. 
Огоҳлантириш: Карнезекки (67). 

ЕЧЛ умумий гуруҳида кучли ўйин кўрсатганига қарамай, якунда саккизликка кира олмаган ва ўтиш ўйинларида камтарона «Брюгге» тўсиғидан ўтолмаган «Аталанта» бор аламини «Эмполи»дан олди. Бергамоликлар «Брюгге» дарвозасига кирмаган голларини ҳам якшанба куни уриб олишди. Биринчи бўлим ўрталаридан ўтганда Дзаппакостанинг жарима майдонига узатмасидан кейин тўп Гяссининг бошига теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди ва меҳмонларнинг иштаҳаси очилди. Еврокубокда муҳим пеналтини ура олмаган ва мураббийдан дакки эшитиб олган Лукман иккита гол урди. Нигериялик футболчи айни вақтда жамоасининг Италия чемпионатининг қаторасига учинчи мавсумида камида ўнта гол ураётган ягона футболчиси. Асосийси эса — Жан Пиеро Гасперини шогирдлари скудетто учун курашга қайтди. Биринчи ўрин билан атиги уч очко ажратиб турибди.

«Каляри» — «Ювентус» 0:1
Гол:
Влаҳович (12). 
«Каляри» — Каприле, Заппа, Мина, Луперто, Аужелло, Зортеа (Марин, 70), Адопо (Виола, 70), Макумбу (Паволетти, 86), Дейола (Коман, 58), Феличи (Лувумбу, 46), Пикколи. 
«Ювентус» — Ди Грегорио, Веа, Гатти, Келли, Камбиязо (Руҳи, 73), Копмейнерс (Коло-Муани, 62), Локателли (Тюрам, 73), Консейсау (Луиз 62, Мбангула 82), Маккенни, Йилдиз, Влаҳович 
Огоҳлантириш: Веа (49).

ЕЧЛнинг яна бир омадсиз иштирокчиси бор эътиборини ички чемпионатга қаратиш имкониятига эга бўлди. «Ювентус» «Лацио»нинг мағлубиятидан фойдаланди ва Сардинияда ғалаба қозониб, тўртинчи ўринга кўтарилди. Якшанба кунги ўйинларни якунлаб берган туринликлар илк дақиқалардан кучли босим уюштиришди ва Тиагу Мотта ҳужумчи танлашда тўғри танлов қилгани ойдинлашди. Охирги турларда Коло Муани билан рақобатда ютқазаётган Влаҳович майдонга катта иштиёқ билан тушиб келди. Ҳимоячининг хатосини пойлаган сербиялик ҳужумчи тўпни эгаллаб олгач, дарвозабонни ҳам алдаб ўтди ва ўткир бурчакдан бўш қолган дарвозани ишғол этди. Бу Влаҳовичнинг «Ювентус»даги (42+8) 50-голли натижаси бўлди ва у асосий таркибга қайтиш учун жиддий қадам ташлади.

Германия: «Бавария» учун енгил сайр

«Бавария» — «Айнтрахт» 4:0
Голлар:
Олисе (45+3), Ито (62), Мусиала (83), Гнабри (90+3).
«Бавария» — Нойер, Ито (Дэвис, 63), Ким Мин Жэ, Дайер, Лаймер, Павлович, Киммиҳ (Горетцка, 43), Сане, Мусиала (Гнабри, 85), Олисе (Коман, 85), Мюллер (Кейн, 64). 
«Айнтрахт» — Трапп, Теате, Тута, Кристенсен, Узун (Ваи, 46), Баойя (Гётце, 63), Ҳойлунд (Схири, 46), Ларссон, Коллинз, Кнауфф (Браун, 75), Экитик (Батшуайи, 75).
Огоҳлантиришлар: Сане (77), Тута (80).

Бундеслигада турнинг марказий ўйини кутилганидек ўтди, деб бўлмайди. Сабаби — «Бавария» фонида чемпионатнинг учинчи жамоаси учун жуда камтар кўринган «Айнтрахт»да. Бу биринчи даврадаги олтита гол (3:3) урилган ва Мармушнинг бенефисига (2+1) айланган драматик ўйиндан буткул фарқлича ўйин бўлди. Экитик, албатта, яхши футболчи, аммо мюнхенликларга муаммо туғдирадиган даражада эмас. Ҳолбуки Венсан Компани бу ўйин учун қилган катта ротация уюштириб, Дэйвис, Горецка ва Кейнни захира ўриндиғида қолдирганди.

«Бургутлар» мавсум стартидан буён илк бор ўйинни голсиз тарк этишди. Жамоа биринчи бўлим охиригача базўр чидаб турди, аммо бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Сане бўш қолган дарвоза қаршисидаги Олисени тўп билан таъминлади. Танаффусдан кейин эса Германиянинг энг ишончли ва барқарор дарвозабонларидан бири ҳисобланган Трапп «Айнтрахт»ни уялтириб қўйди. Унинг тўпга чиқишдаги хатоси ва аламли рикошет Итонинг бўш қолган дарвозани ишғол этиши билан якунланди. Ўйин охирларида Мусиала учинчи голни ургунича ҳам мезбонларда кўплаб яққол вазиятлар бўлди. Германиядаги чемпионлик масаласи амалда ҳал бўлган, йилнинг асосий интригаси эса ЕЧЛда «Бавария» ва «Байер» ўртасидаги қарама-қаршилик бўлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар

SEVEN DATES PREMIUM: инқилобий Италия соғлиқ учун ичимлиги МДҲ бозорида

Тренддаги гап: “Кореяда $3-5 минг топса бўларкан!?”

MINEX Central Asia 2025 старт олди!