“Танқидлар оғриғини ичга ютавериб, хасталик орттирдим” – журналист Нозима Воҳидова билан суҳбат
Журналистика саҳнаси ортида кўпчиликка кўринмайдиган машаққатли меҳнат ва сабр ётади. Соҳага иштиёқ билан кириб келганлар кўп, аммо қийинчиликларни енгиб, фаолиятини давом эттираётганлар саноқли. Kun.uz’нинг бу галги қаҳрамони жамиятдаги долзарб масалаларни ёритиш билан танилган, 70 дан ортиқ теледастурлар муаллифи, 28 йиллик тажрибага эга журналист Нозима Воҳидова. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда дуч келган тўсиқлари, кадрорти ҳақиқатлари ҳамда саратонни қандай енгиб ўтгани ҳақида сўзлаб берди.
Журналистика – қисмат
Аслида одам ўз касби билан туғилади дейишгани рост. Болалигимда уйимизга келган меҳмонлар билан гаплашиш, уларнинг суҳбатини тинглаш ёқарди. Хонадонимизга академик Воҳид Абдуллаев ва академик Ботирхон Валихўжаев каби илм одамлари кўп келарди, катта тайёргарлик кўрардик. Ака-опаларим уларнинг олдига чой олиб киришга ҳайиқиб турса, мен учун меҳмонлар билан суҳбатлашиш ҳақиқий завқ эди. Уларнинг мақтовидан рағбат олардим. Бу қизиқишимни шунчаки меҳмон кутиш эмас, балки журналистикага илк қадам деб биламан. Уйда ҳар доим оила аъзоларим билан интервюлар ўтказар, қишлоқдаги ҳовлимизда саҳна ясаб, қўшниларни чақириб кичик томошалар уюштирар, концертлар қўярдим. Журналист шунақа бўлади, деб ўйлаганман-да. Олқишлар ёқарди, шу сабаб дадам “шуҳратпараст” деб чақирарди.
Олтинчи синфдан пахта теримига чиққанмиз. Овқат солинган тугунча ва кетмон билан далага саҳарлаб бориб, агатларни эгаллаб олардик. Даладаги заҳматли меҳнат ҳозирги журналистик фаолиятим учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган. У ерда аёлларнинг эрлари томонидан калтакланиши, оиладаги турли низолар ҳақида атрофдаги одамлардан турли хабарлар эшитардим ва аёлларнинг камситилишига жим қараб турмаслик керак, деган фикрлар ўтарди хаёлимдан.
Теримда одамлар устидан самолёт орқали дори сепиб кетиларди, бу болаларга ёмон таъсир қилар ва айримларнинг мазаси қочиб қоларди. Дори сочилаётган вақтда ҳамма этаги билан бошини ёпса, мен самолётга тикка қараб турардим, жараённинг қандай бўлишига қизиқардим ва нима учун инсонлар саломатлиги, манфаати ҳимоя қилинмаслиги ўйлантирарди. Ўша вақтларда бу каби мавзуларни мақола қилиб ёзаман, одамлар муаммоларини ҳал қилишга ёрдамлашаман, деган мақсад қўйганман.
Мактабни тамомлаш арафасида дадамга журналистика соҳасида ўқишни давом эттиришни хоҳлашимни айтдим. Бухорода бу йўналишда таълим олиш имкони йўқлиги сабаб Тошкентга келишимга рухсат берилмади. Отам рус тили факултетида ўқишим ва ҳоким ўринбосари бўлишим мумкинлигини, менда ташаббускорлик борлиги, “кичкина жойларга сиғмаслигим”ни таъкидларди. “Ҳоким ўринбосари бўласан, катта-катта давраларда нутқ ирод қилиб юрасан”, – дердилар доим.
Шу тариқа Қўқон давлат педагогика университетининг бошланғич таълим методикаси факултетига ўқишга кирдим. Учинчи курс бўлганимда турмуш қуриб, пойтахтга келдим. Ҳозирги ЎзМУда ўқишни давом эттирдим. Кейин Қишлоқ хўжалиги университетида лаборант бўлиб ишладим. Кунларнинг бирида бир партада ўтирган синфдошим Бобур Саидов қўнғироқ қилиб, телевидениега ишга таклиф қилди. У пайтда Бобур тўртинчи (халқаро) телеканалда фаолият юритарди. Турмуш ўртоғим ҳам телевидениеда кўрсатув олиб борарди. Улар бир кун иш билан Бухорога кетадиган бўлиб қолди, ўрнига эфирга чиқдим ва шу тариқа телеканалдаги фаолиятим бошланди.
Кадр орти машаққатлари
Вақт ўтиб телеканаллардан бирига штатсиз мухбир сифатида ишга кирдим, ўша пайтларда болаларни эшик тагида қолдириб, эфирга кириб кетардим. Ўғлим Беҳруз етти ёш, қизим Маҳзуна тўрт ёш бўлган. 6 соатлаб кириш эшиги ёнида кутиб ўтиришарди. Қўлларига печене бериб, “ким кўп нечта машҳур ўтиб-қайтганини санаса, ўшанга совға бор” деб юпатиб кетардим.
1996 йили биринчи марта эфирга чиққанимда кечаси билан гапларни ёд олиб, тайёргарлик кўрганман. Биринчи чиқишларимда тилимда шевага хос сўзлар бўлиб, “о” ҳарфини тўғри талаффуз қилолмасдим, гаплар орасида тутилиб қолардим. Аммо ҳамкасбларим буни юзимга солмасди, имкон қадар ёрдам берарди. Ўша даврларда уйимизга меҳмон келса, дастурхонга нон-чой қўйиш бир четда қолиб, янги иштирок этган теледастурларимни кўрсатишга тушиб кетардик. Турмуш ўртоғим Алишер ака (турмуш ўртоғи) “энди милтиқ ушлаб ўтираман, шуни кўрмасангизлар бизнинг уйдан кетиш йўқ”, деб меҳмонларга ҳазил аралаш гапирарди. Телевизорда чиқиш узоқ йиллик орзум бўлган, буни турмуш ўртоғим яхши тушуниб, ҳис қиларди.
Илк кўрсатувларимдан бири тўртинчи каналда намойиш этиладиган, истеъдодли ёшлар ҳақидаги “Маънавият сарчашмалари” дастури бўлган. Кейинчалик мазкур дастур “Ёшлар” телеканалига ўтиб, “Мезон” номи билан эфирга узатилган.
Эфирга чиқмаган вақтларимда қўлимда иккита бола билан МТРК эшиги олдида куни бўйи ўтирардим. Ишонасизми, болаларим йиғлаб, оч қоларди, кўнгил узиб уйга кета олмасдим. Дарғалар ўтиш-кетишини томоша қилиш учун ҳам эшик ёнида ўтираверардим.
1998 йилда очилган “Ёшлар” канали бизни халққа танитди. У пайтда ҳамкасбим Нилуфар Умрзоқова “Бегойим”, Умида Усмонова “Азизим”, Муҳаббат Ҳамроева “Эрта сўнган юлдузлар” ва Озода Бекмуродова “О, ёшлигим” дастурларини тайёрлаган. Ирода Носирова, Бахтиёр Иноғомов, Юлдуз Очилова, Юлдуз Орипова ҳам айнан шу канал орқали эл оғзига тушган. Бу ҳамкасбларимдан фаолият давомида соҳага оид кўп нарсани ўргандим. Яқин икки йилгача ўзимни шогирд ҳисоблаб, кўрсатувларда исм-фамилиям остига “журналист” деган титрни ёзишга ҳаддим сиғмасди. Журналистика бўйича олий таълим олмаганим ичимда армон бўлиб қолди.
Кўзойнакли илон дейишарди
Кўпчилик телевизион журналистиканинг фақатгина чиройли томонларини кўради: ранг-баранг студиялар, жонли эфирлар, муҳокамалар. Аммо аслида экран ортида катта меҳнат ётади. Бирор лавҳани тайёрлаш учун соатлаб тадқиқот қилиш, интервюлар ўтказиш, таҳрирлаш, фактларни текшириш ва охирида фақат 3-5 дақиқалик контентни тақдим этишга тўғри келади. Янгиликларни биринчи бўлиб етказиш ва доимий ахборот оқимида ишлаш осон эмас, чунки бу жараён қарорларни тезкор қабул қилиш, муттасил ўз устингизда ишлашни талаб қилади. Бундан ташқари, ҳар қандай оммавий ахборот воситасида фаолият юритаётган киши танқидга ҳам доим тайёр туриши керак, ёқимли бўлмаган фикрлар ва ҳолатларга дуч келишингиз мумкин.
Қўрқмай айта оламан, ўзбек телевидениесига ток-шоу жанрини биз (Нозима Воҳидова, Нилуфар Умрзоқова) олиб кирганмиз. “50/50” ток-шоусини тайёрлаган пайтларимизда ўша вақтда оммабоп бўлган “Даракчи”, “Сўғдиёна”, “Бекажон” газеталарининг биринчи саҳифаларида бизни кескин танқид қилиб чиқишарди. У пайтларда киоскалардан навбат туриб газеталар олинарди. Танқидий фикрлар кўп бўлганидан қўлимга газета олиб, варақлашга журъатим етмасди. Телевидениега йўлланган хатларда мени “кўзойнакли илон”, Нилуфарни “оқ илон”, “қандай қилиб буларни йўқотишимиз мумкин?” деб ёзишарди. Бир неча марта ишимни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлганман, ҳамкасбим Нилуфар тасалли бериб, ушлаб қоларди.
“Қандай қилсак, буларни йўқота оламиз?” деб раҳбариятимизга ҳар куни қўнғироқлар бўларди. Муаммоларни очиқ олиб чиқишимиз баъзи одамларга ёқмасди-да. Журналистика кўриниши чиройли касб, лекин унинг орқасида машаққат бор: халқнинг дардини олиб чиқадиган бўлсанг, унинг ортидан ҳаётингда пайдо бўладиган муаммоларга чидаб беришга мажбурсан. Катта гапиряпти деб ўйлашингиз мумкин, лекин биз шу жараёнларни бошимиздан ўтказдик…
Сукут учун пора таклиф қилишган
“Учбурчак” ток-шоусида, асосан, ижтимоий ва оилавий масалаларни олиб чиқардик. Муаммоларни гапирган қаҳрамонларнинг турмуш ўртоғи, оила аъзолари, маҳалладошлари “йўқ қиламан”, “ёндираман”, “портлатаман”, “ўлдираман” деб таҳдид қиларди.
Босимлар ҳар доим бўлган. Бир сафар кўчада очиқ ҳолда сотилаётган мевалар ҳақида кўрсатув қилганмиз. Жараённи тасвирга олиш мобайнида бозорчи аёллар бизни ўраб олиб, ташқарига чиқармаган. Операторимиз билан олишиб, кийимларининг тугмаларини узиб ташлаган, уларни ажратаман десам, менинг ҳам сочимни юлиб олишган. Бошқа бир кўрсатувда шампун идишларини ахлатхоналардан йиғиб, ичига қўлда тайёрланган суюқликни солиб, сохта маҳсулотларни улгуржи сотаётганларни танқид қилганмиз. Тасвирга олаётганимизда бозор эгалари ижодий жамоанинг йўлини тўсиб, кўрсатувни чиқармаслик эвазига катта миқдорда пул таклиф қилган. Машинамиз йўлида турволиб, кассетани олишга уринишган. Телевидение бошқарув органларигача қўнғироқ қилиб, кўрсатувни ўчиртирмоқчи бўлишган, аммо мақсадларига эриша олишмаган.
Муаммоларни очиқчасига олиб чиқа олардик, унинг масъулияти, жавобгарлиги кучлироқ бўларди. Бир сафар ток-шоуда аёли ва фарзандини қаттиқ азоблаган эркак ҳақида кўрсатув қилганмиз. У одам айни ўша кезларда ишдан ҳайдалган экан, эфирдан кейин “мени ишдан ҳайдатдиларинг, чиқ бу ёққа, йўқ қиламан”, деб ҳар куни ишхонамиз олдига келарди. Томошабинлар орасида жонли эфирда кўрсатув бўлиб турган вақтда ўзи билан пичоқ олиб кириб, гапираётган вақтимда санчиб олмоқчи бўлган одам ҳам бўлган. Ҳамкасбим Нилуфар кўриб, қутқариб қолган.
Баъзан ёритаётган мавзунгиз айрим шахслар ёки ташкилотларга ёқмаслиги мумкин. Одамлар ўз манфаатлари йўлида журналистни жиловлашга ҳаракат қилади. Лекин ҳаққонийликни сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Шу боис, ҳеч қачон бу каби босимларга бўйин эгмаганман.
Кўрсатувларимиздан бирида Хоразмнинг Шовот туманида жойлашган, абгор ҳолатга тушиб қолган мактабни олиб чиққанмиз. Мактаб шу қадар ачинарли кўринишда эдики, Ўзбекистонда ҳам шунақаси борми, деб ҳайрон қолар даражада эди. Ҳолатни суратга олдик, ўқитувчилар дардларини айтди, яроқсиз спорт заллари, ўқув хоналари, ҳожатхоналарни кўрсатди. Интервюларни якунлаб, пойтахтга қайтар вақтимиз ҳудуддаги таълимга масъул шахслар биз учадиган пайтда самолётни тўхтатди. Дастурни эфирга узатмаслигимиз учун пора таклиф қилди. Олмадик ва амаллаб уйга қайтдик. Ишонасизми, уйга келсам, турмуш ўртоғим рақамини топиб, бу масалада уларга ҳам алоқага чиқишган. Таҳдидларга қарамадик, Аллоҳга таваккал қилиб, кўрсатувни эфирга бердик. Ундан кейин ўша туманнинг ҳокими бир ой ичида мактабни қайта реставрация қилиб, янги ҳолатдаги тасвирларини бизга жўнатди.
Яна бир кейсни мисол келтираман. Бир аёл фирибгарлик йўли билан одамлардан пул олиб, қамалган. Уч фарзанди болалар уйида қолиб кетган. Биз гўдакларни топиб, бувисига етказганмиз. Ҳокимиятга мурожаат қилиб, масаланинг ортидан ойлаб югуриб, жабрдийдаларга уй олишга кўмаклашганмиз. Оилалар ярашиши, фарзандлар кўчада қолмаслиги учун хизмат қилган кўрсатувларимиз жуда кўп бўлган. Нега баъзан бизни танқид қилишган пайтда шу тарафларини ҳисобга олишмайди, деб хафа бўлиб кетаман. Ҳозир ҳам эсласам ранжийдиганим – ижтимоий тармоқларда бизни танқид қилишса, ҳамкасбларимиз ҳам қўшилиб Нилуфар иккаламизни ёмонларди. Иш вақтида ҳеч нарсани кўрмагандай, уялмай биз билан гаплашиб юраверарди. Бунақа ҳолатлардан юрагим оғриб, ҳаммасини ичимга ютардим. Шу каби жараёнлар кўп такрорланаверганидан сиқилиб-сиқилиб, соғлигимга зиён етказдим. Орада юрагим оғирлашиб, унга аппарат қўйган вақтларимиз ҳам бўлди. Аслида бировни ўтириб олиб ёмонлашдан осони борми? Негатив ёзаётганларга айтаман-да: “Сиз ўзингиз ҳаётда нима қилдингиз? Кимнинг дардига эш бўлдингиз?” Бировни танқид қилишдан аввал “менинг бунга маънавий ҳаққим борми?” деб одам ўзига ҳам бир назар солиб қўйиши керак-да.
5 йил сабабсиз “запрет” қўйилган
“O‘zbekiston” телеканалида муаллифлигим остида халқаро танловларда ғолиб бўлган “Бекат” дастури эфирга узатиларди. Орада “бу дастур умуман кўрсатилмасин” деган гап чиқди ва беш йил эфирдан олиб ташланди. Сабаби айтилмаган. Раҳбардан хатомни айтишини сўрасам, “шунчаки, вақтинча чиқмайсиз, бўлди” дея жавоб берган. Фикримча, ўша вақтларда бошқарувдаги шахслардан бирининг аёлига ёқмай қолганман ва шу сабаб мени эфирдан олиб ташлашган. Биласизми, бунақа муносабатдан кейин иштиёқингиз, завқингиз ўлади, шаштингиз сўнади. Кўп йиғлардим ва орада чет элга кўчиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Устозлар, ҳамкасблар олдимга келиб “нимага сизни эфирдан олиб ташлашди? “нима қилиб қўйдингиз ўзи?” деб савол бераверарди, ўзи ўлиб ётибман, устимдан келиб баттар тепишарди. Кошки ўзим билсайдим қанақа хатo қилганимни деб тилимни тишлаганимча қолардим. Сабабини билдириш яхшими, дейман-да. Бўлмаса ижодкор ўйлайвериб, ич-этини еб қўяди.
Аммо журналистика дегани фақат эфирдан иборат эмас. Бу ҳақиқатни излаш, очиш ва етказиш. Шу сабабли, тақиқдаги йилларимни тажриба ошириш, ўз устимда ишлаш ва янги йўналишлар топиш билан ўтказдим.
Маош ишга иштиёқни белгилайди
Журналистикани пул учун танласангиз, хато қиласиз. Биз доим иштиёқ ва ичдаги олов учун ишлаганмиз, бу касбдан катта даромад кутмаганмиз. Демоқчиманки, журналистикада ижод қиласиз, заҳмат чекасиз, ундан кейин пулнинг ўзи сизни қидиради. Касб машаққатини бошидан кечирганлар яхши билади буни. Фидойилик йўлини танлар экансиз, ҳашамат ва қулайликни унутишингизга тўғри келади. Масалан, яқингача МТРКдаги хонамда интернет йўқ эди, бир неча кун аввал ўрнатиб беришди. Шогирдларим кўриб, “таъмирталаб, эски хонада ўтирасизми?” деб баъзан койиб қўяди, лекин бунинг ҳам ўзига яраша завқи бор.
Миллий телерадиокомпания қайсидир муддатда иқтисодий жиҳатдан кутилмаларимизни қоплай олмагани учун энг кучли муҳаррир, журналист, бошловчилар бошқа каналларга ишга ўтиб кетди. Халқнинг дарди, муаммоларини ёритиб бера олмаган пайтларимиз бўлди. Маълум вақт оралиғида ўз ўрнимизни хусусий каналлар, ижтимоий тармоқлар, сайтларга бериб қўйдик. Томошабинлар эътибори таниқли чеҳралар билан забт этилди. “Биз зўрмиз”, “отахон каналларнинг ўрни йўқолмайди”, деб ишониб қолдик ва ўз устимизда ишламай қўйдик.
Маош яхши бўлса, меҳнатга яраша рағбатлантирилса, ишонинг, журналист жонини бериб ишлайди. Журналист ҳам бой бўлишга ҳақли, унда ҳам жиғилдон бор, яхши яшагиси, машиналар мингиси, сокин жойларга бориб дам олгиси келади. Журналистнинг меҳнати қанчалик қадрланса, у шунчалик сифатли иш қилади.
Одамларга осондек кўринган бу касбнинг ортида катта машаққатлар бор. Менга кўпчилик “фақат яхши давраларда чиройли кийиниб юрасиз”, “сизга маза, дардингиз йўқ”, дейди. Аслини олганда ҳамманинг ўзига яраша ташвиши бўлади. Вақти келганда туҳмат, бўҳтонлар ёғдиришган, келишмовчиликлар, етишмовчиликларни ҳам бошдан кечирганмиз. Турмуш ўртоғим илмий иш қилаётган вақтларда молиявий муаммолар бўлган, макарон ва зеб-у зийнат буюмларини кўтариб юриб сотганман, тоғора-тоғора овқат қилиб, шохобчаларга топширганман. Ҳаётда эришилган муваффақиятлар қийинчиликларга қилинган сабр ва меҳнат маҳсулидир.
Оғриқларни ичга ютиб хасталик орттирдим
Асаббузарликлар, танқидлар ортидан ҳосил бўлган оғриқлар шунчаки ўтиб кетмас, бир кун келиб танангизда ўз таъсирини кўрсатар экан. Руҳий азобларни ичимга ютавериб, хасталик орттирволдимми деб ўйлаб қоламан-да баъзан…
1998 йили Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалига борганимизда менга оғир ташхис қўйилди. Сақлаб қолишнинг имкони йўқ, 6 ой умрингиз қолган деб хулоса берилди. 9 марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Шундай пайтлар бўларди, деразадан қараб туриб, ўйлаб қолардим: қор ёғяпти, эртага балки шу қорнинг тагида бўларман, балки шу йўлаклардан эртага юрмасман. Наҳотки энди болаларимнинг онаси бошқа бўлади, менинг ўрнимда турмуш ўртоғим олдида ўзга аёл юради...
Орадан олти ой ўтди, Яратган жонимни омон сақлаб, яшашни давом эттириш имкониятини берди. Ўзимни қўлга олиб, синовларга дош берсам, ҳаммаси ўтиб кетади дедим-да, курашишни бошладим. Ўша пайтларда Аллоҳдан дардимга шифо беришини, фарзандларим тўйида она сифатида бош бўлиб юришимни ёлвориб сўрардим, тинимсиз дуолар қилардим. Яратганнинг инояти билан жоним омон қолди, дуода, ниятда гап кўп. Муолажаларни ўз вақтида олдим, орада табиблар тайёрлаган дориларни ҳам ичиб юрдим. Биласизми, ҳар қандай касаллик руҳият билан бевосита боғлиқ. Кайфият яхши бўлса, тузалиш осонроқ кечади. Дардни ҳам, давони ҳам берадиган Худо. Мен йиғлайманми, додлайманми, кетишим керак бўлса, паймонам тўлган бўлса, кетаман. Агар ҳаётингизга бугун охирги куним деб қарайдиган бўлсангиз, ҳеч кимга ёмонлик қилгингиз келмай қоларкан. Шунинг учун ҳам “бир кунда етти марта ўлимни эсла” деган гап бежизга айтилмаган.
Вақтида саломатлигимга эътибор қаратмаганимдан афсусдаман, чунки жабрини фақат ўзим тортяпман. Бир нарса бўлиб қолса болаларим етиб келармикин, деган қўрқув бор. Рост, шунинг учун ҳам охирги пайтлар соғлигимни кучлироқ асрашга ҳаракат қиляпман.
Тўлиқ интервюни Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Операторлар: Зияддин Маматжонов, Шоҳрузбек Абдурайимов,
Монтаж устаси: Боймирза Халилов.
Мавзуга оид

10:41 / 05.03.2025
Коррупция муаммосини жамоатчиликка олиб чиқишда ОАВнинг ўрни ортмоқда — президент

13:47 / 27.01.2025
Абдураҳмон Ташанов ўзига босимлар бошланганини маълум қилди

13:30 / 24.01.2025
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини обрўсизлантириш мақсадида тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

20:31 / 03.01.2025