Ўзбекистон | 13:05 / 22.02.2025
3627
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг вақтинчалик аъзолигига ўз номзодини илгари сурди

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035-2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилган.

Фото: Getty images

21 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов Хитой раислигида БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўп томонлама ва глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишида маъруза билан иштирок этди.

«Дунё» ахборот агентлигининг маълум қилишича, унда Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг энг устувор масалалари бўйича расмий позицияси халқаро ҳамжамиятга етказилган.

«Ўзбекистоннинг кўп қиррали, глобал бошқарувни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик муҳимлиги ва Афғонистонни иқтисодий тиклашдан манфаатдор экани қайд этилди.

Мамлакатимиз трансмиллий таҳдидларга, жумладан, гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлиги тасдиқланди»,дейилади хабарда.

Шунингдек, аъзо давлатлар 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг «Беш йил – 2030 йилгача: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш» мавзусидаги давлат хизматлари форумига таклиф қилинган.

Лапасов маърузасида Ўзбекистоннинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканлигига урғу берган. Шу нуқтайи назардан, мамлакатимиз БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035-2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани маълум қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши 15 та аъзодан иборат бўлиб, уларнинг 5 таси доимий, 10 таси эса икки йиллик муддатга сайланадиган вақтинчалик аъзолардир. Доимий аъзолар — вето ҳуқуқига эга, улар АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой. Бу давлатлар БМТга 1945 йилдан доимий аъзо ҳисобланади ва ҳар қандай қарорни рад этиш ҳуқуқига эга (вето ҳуқуқи).

Вақтинчалик аъзолар икки йиллик муддатга, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан минтақавий квоталар асосида сайланади. Ҳар йили 5 та янги давлат сайланиб, 5 таси ўрнини бўшатади.

Хавфсизлик Кенгаши глобал можароларни ҳал қилиш, санкциялар қўллаш, тинчликпарвар миссияларни йўналтириш каби масалаларда муҳим қарорлар қабул қилади. Кенгашнинг қарорлари мажбурий ҳисобланади ва барча БМТ аъзолари уларга риоя қилишлари керак.  

Мавзуга оид