Оқ уй вакилидан ҲАМАСга огоҳлантириш, Зеленскийдан безган Трамп ва чегара келишувига эришган қўшнилар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазода оммавий депортация?
Исроил армияси Ғазо секторида таҳдидли варақалар тарқата бошлаган. Middle East Eye манбасига кўра, бу руҳий босим ва аҳолини қўрқитишга қаратилган.
Варақаларда фаластинликларнинг оммавий кўчирилиши «муқаррар» экани, Ғазо аҳолиси тақдирига на АҚШ, на Европа ва на араб давлатлари қизиқиш билдираётгани таъкидланган.
Бир варақада шундай ёзилган: «Агар бутун Ғазо халқи ер юзидан йўқолса, дунё харитаси ўзгармайди».
Шунингдек, Исроил инсонпарварлик ёрдами эвазига аҳоли билан «ҳамкорлик» қилишни талаб қилмоқда.
Трамп вакилидан ҲАМАСга огоҳлантириш
АҚШ президенти Доналд Трампнинг гаровга олинганлар масалалари бўйича махсус вакили Адам Бёлер ҲАМАС ҳаракатини Ғазода сақланаётган асирларни озод қилишга чақирди. Унга кўра, агар ҳаракат гаровга олинганларни қайтармаса, йўқ қилиниш хавфи остида қолади.
Бир кун аввал ҲАМАС Исроилга 4 нафар гаровга олинганларнинг жасадларини топширган эди. Уларнинг орасида икки бола, уларнинг онаси ва кекса эркак борлиги айтилганди. Аммо Исроил бу даъволарни рад этиб, болаларнинг онаси жасадлар орасида йўқлигини маълум қилди. ҲАМАС буни текширишини ва хатолик бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
Ҳозирда Исроил ва ҲАМАС ўртасида 19 январдан кучга кирган сулҳ битими амал қилмоқда. Биринчи босқичда ҲАМАС 1500 нафар фаластинлик маҳбусларга алмашув сифатида 33 нафар исроиллик гаровдаги шахсларни озод қилиши керак. Кейинги босқичларда яна алмашинувлар ва Ғазо секторини тиклаш жараёни кузатилмоқда.
Трамп 9 майда Москвага келадими?
Франциянинг Le Point журнали маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп 9 май куни Москвада бўлиб, Владимир Путин билан учрашиши мумкин. Баёнотга кўра, улар шу куни Украина урушига нуқта қўядиган келишувни имзолашни режалаштирмоқда.
Вашингтон ҳозирча расман бу маълумотни тасдиқламади, бироқ давлат котиби Марко Рубио Россияни «жаҳондаги барқудрат давлат» деб атаб, Москва билан муносабатларни яхшилаш зарурлигини таъкидлади.
Кремл матбуот котиби ҳам бу шунчаки миш-миш эканини таъкидлади.
Бироқ Трампнинг сўзларига кўра, у Путин билан «жуда яхши» телефон мулоқоти ўтказган, аммо Украина раҳбарияти билан кейинги гаплашув унчалик яхши ўтмаган.
«Мен Украина шаҳарларининг қандай вайронага айланаётганини, одамларнинг ҳалок бўлаётганини, армиянинг йўқ қилинаётганини кузатяпман. Бу уруш бошланмаслиги керак эди», — деди Трамп.
Трампга кўра, Володимир Зеленский ҳеч қандай кучли позицияга эга эмас ва буни кузатиш унда «жуда ёмон таассурот» қолдирган.
«Мен бу одамни кўп йилдан бери кузатяпман ва у қўлида кўзир қарталари бўлмасдан музокара ўтказмоқчи бўляпти. Бу одамнинг кўнглини оздиради. Мен билан ҳам шунақа муомала қилди», — деган Трамп Fox News радиостанциясига берган интервюсида.
Вашингтон Украинага ёрдам беришдан чарчадими?
АҚШ Украинага бўлган муносабатини кескин ўзгартиряпти. Конгресс спикери Майк Жонсон Вашингтоннинг Киевни молиялаштиришга «иштиёқи қолмагани»ни маълум қилди. Унинг баёноти Трампнинг Зеленскийни «диктатор» деб атаганидан кейинги кескин ўзгаришни акс эттиради.
Трамп Киевдан тезроқ Москва билан тинчлик келишуви имзолашни талаб қилмоқда. Бу борада АҚШ Украина иштирокисиз Россия билан Ар-Риёдда музокаралар ўтказмоқда.
АҚШнинг даъвосига кўра, Украинага ажратилган умумий ёрдам ҳажми 175 млрд долларга етди.
Бу орада Доналд Трамп Украинанинг тинчлик музокараларида иштирок этиши асло шарт эмас, деб ҳам чиқиш қилди. Трамп барча қарорларни якка ўзи қабул қилмоқда. Чунки республикачилар Конгресснинг икки палатаси ва Оқ уйни назорат қилмоқда. Яъни унинг қарорларига тўсиқ қўйишга демократларнинг кучи етмайди.
«Биз бу урушни тўхтатишимиз керак. Бу жуда узоқ давом этди», — деди консерваторларнинг қўллаб-қувватлови остида республикачилар вакили, Конгресс спикери Майк Жонсон.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, 2024 йилнинг апрел ойида тасдиқланган 61 млрд доллар ёрдам маблағи эҳтимол, АҚШнинг Украинага берган сўнгги йирик ёрдам пакети бўлиши мумкин.
Москванинг талаби: НАТО Шарқий Европадан чиқсин
Россия АҚШдан НАТО қўшинларини Шарқий Европадан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Руминия ҳукуматига кўра, бу талаб Ар-Риёддаги музокараларда расмий Москва томонидан илгари сурилган, аммо АҚШ расмийлари уни рад этган. Шу билан бирга, Доналд Трамп келажакда Москвага ён босиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ортяпти.
Руминия миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Кристиан Дякэнеску вазиятни «ноаниқ» деб баҳолади. Европа етакчилари Трампни бундай ёндашувдан қайтариш учун Вашингтонга ташрифни режалаштирмоқда.
Шарқий Европа давлатлари жиддий хавотирда. Трамп Украина НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилмоқда ва Россия билан муносабатларни яхшилаш ниятини билдирмоқда.
Путин НАТОнинг Шарқий Европадаги мавжудлигини чеклаш ва Россия таъсирини тиклашни узоқ вақтдан буён мақсад қилиб келган. Россия-Украина уруши бошланиши арафасида ҳам Москва худди шундай талабларни қўйганди. Энди эса Трампнинг баёнотлари Путиннинг мақсадларига хизмат қилиши мумкин.
Трамп Россия ҳарбий жиноятларини таъқиб қилмоқчи эмас
Вашингтон Владимир Путинга қарши халқаро суд ташкил этиш ташаббусидан чекинишни кўзламоқда. АҚШ дипломатлари Россияни «агрессор» деб аташдан бош тортди ва Украинага қарши босқинчи уруш бўйича халқаро трибунални тайёрлаётган «Асосий гуруҳ»дан чиқиши мумкин.
Шунингдек, АҚШ БМТнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи баёнотини ҳамда Россияни «агрессор» деб аташни кўзда тутган G7 келишувини имзолашни рад этди.
Трампнинг маъмурияти Украинага босим ўтказиб, Россияни қайта халқаро ҳамжамиятга киритиш ташаббусини қўллаб-қувватлаяпти. Бу Европа расмийлари орасида Путинга қарши суд жараёни барбод бўлиши ва Россия жазодан қутулиб кетиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди.
Украина ва Европанинг 40 та давлати Россия раҳбариятини уруш қўзғатиш жиноятида айблаш учун махсус трибунал ташкил этишга ҳаракат қилмоқда. Аммо АҚШнинг бу жараёнда қатнашишдан воз кечиши трибуналнинг обрўси ва халқаро қонунийлигини сезиларли даражада заифлаштиради.
Германия сайловлар арафасида
23 феврал куни Германияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Бу нафақат мамлакатнинг келажагини, балки Европа Иттифоқининг йўналишини ҳам белгилаб бериши мумкин.
Сўнгги сўровлар бўйича, Христиан-демократик иттифоқи 30 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда, аммо бу партия тарихидаги энг ёмон натижа бўлиши мумкин. «Германия учун муқобил» рекорд даражада 22 фоиз қўлловга етди. Олаф Шолц бошчилигидаги социал-демократлар 15,5 фоиз, «Яшиллар» эса 12 фоиз овоз тўплаши тахмин қилинмоқда.
Асосий интрига — сайлов натижаларига кўра, янги коалицияни шакллантириш. Христиан-демократик иттифоқи ва «Германия учун муқобил» миграция сиёсати бўйича қонун лойиҳасида биргаликда овоз бергани можароли масалага айланди. Бу келажакда ХДИ ва ГуМ билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Сайловлар халқаро эътиборни ҳам жалб қилмоқда. Илон Маск ГуМ етакчиси Алиса Вайделни қўллаб-қувватлади, Венгрия бош вазири Виктор Орбан эса «Европанинг янги келажаги бизмиз», деди.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиришни таъкидлаган, ХДИ етакчиси Мерц эса Украинага узоқ масофага учадиган Taurus ракеталарини бериш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган.
Қўшнилар чегара бўйича келишувга эришди
Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари Бишкекда умумий чегарани делимитация қилиш бўйича келишувни имзолади. Энди ҳужжатлар икки давлат раҳбарлари томонидан тасдиқланиши керак.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бу воқеани «Қирғизистон ва Тожикистон халқлари учун тарихий кун» деб атади. Унга кўра, давлат чегараси тўғрисидаги шартнома, энергетика ва сув ресурсларидан фойдаланиш, автомобил йўллари масалалари бўйича битимлар тайёрланган.
Тожикистон делегациясини бошқарган Саймўмин Ятимов ҳам бу келишув юз йиллик чегара баҳсларига нуқта қўйиши мумкинлигини таъкидлади.
Қирғиз—тожик чегараси 972 км узунликда бўлиб, узоқ йиллар баҳсли ҳудудлар сабабли можаролар юзага келиб турган. Охирги жиддий тўқнашув 2022 йил сентябр ойида содир бўлган эди.
Мавзуга оид

13:09 / 10.03.2025
Электрдан узилган Ғазо, Суджага газ қувури орқали ҳужум ва Трамп келиши билан янада бойиган россиялик миллиардерлар — кун дайжести

15:46 / 08.03.2025
Музокаралардан норози Нетаняҳу, Сурияда Россия базалари яқинида жанглар ва сулҳ учун шарт қўяётган Кремл — кун дайжести

14:15 / 07.03.2025
ҲАМАСдан Трампга, Путиндан Макронга жавоблар, Залужнийнинг баёнотлари ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

13:34 / 06.03.2025