Ўзбекистон | 17:15 / 21.02.2025
39010
7 дақиқада ўқилади

“Туш ўнг бўлмас, ўнг эса туш” – Хоразмда судя судланувчига ғалати ҳукм чиқарди

Урганч туманида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида камдан кам кузатиладиган ҳолат содир бўлди: одил суд судланувчига очиқчасига туҳматли айб қўйди. Дарахт кесгани учун судланаётган шахс қўшнисининг телефонини ўғирлаганликда айбланган. Ёки тескариси: аслида ўғирлик қилгани учун судланаётган фуқаро дарахт кесганликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган. Шу даражада “ишонч” билан ёзилганки, ҳукмдаги чалкашлик “техник хатолик”ка ўхшамаяпти. Телефон ўғирлаган шахс Экология вазирлиги ҳисобига 112 млн сўм пул ҳам тўлайди (!).

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида судланувчига ғалати ҳукм чиқарилди. Бу каби ҳолат олдин кузатилмаган: қилмиши учун судланаётган шахс “дело”га алоқаси бўлмаган иккинчи бир жиноятда айбланган. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ўғирлик қилганми ёки дарахт кесган?

2025 йилнинг 29 январ куни жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида фуқаро Валижон Бекчоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган. Суд ҳукмида келтирилишича, муқаддам судланмаган, 1989 йилда туғилган Бекчонов Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан айбланган.

Жиноят кодексининг бу моддаси экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш жиноятини назарда тутади. Бундай жиноятни содир қилганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Ҳукмнинг ғалатилиги шундаки, унинг тафсилот қисмида Валижон Бекчонов қўшнисининг телефонини ўғирлагани ҳақида гап боради.

Жиноят иши тафсилоти Бекчонов “ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2022 йил 2 сентябр куни соат 11:45 ларда қўшниси Жуманиязова Озоданинг яшаш уйига деразаси орқали ғайриқонуний равишда кириб, ошхонадаги столнинг устида турган, бозорда сотилиш баҳоси 1,2 млн сўм бўлган телефонни ўғирлагани” билан бошланган.

Айбимга иқрорман”

Суд ҳужжатидаги бу чалкашликни “техник хатолик” дейиш мумкин эди, агар Валижон Бекчонов ўғирлик жиноятини содир қилганига “ўзи иқрор” бўлмаганида. Ҳукмда ёзилишича, судланувчи суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбга тўлиқ иқрорлик билдирган.

Суднинг “версияси”га кўра, Бекчонов қўшнисининг уйидан ўғирлаб олиб чиққан телефонини ўзи яшаб келаётган маҳаллада телефон аппарати таъмирлаш билан шуғулланувчи Ғ.Қороевга олиб борган. У телефон ўзиники эканини билдириб, пул зарур бўлгани сабабли сотмоқчилигини айтган.

Ғ.Қороев телефонни сотиб олмаган. Шу вақт дўкон ёнида турган таниши Д.Шарипов уларнинг ёнига келган ҳамда Бекчоновдан ўрталарида олдиндан бўлган 150 минг сўм қарзини сўраган. Бекчонов унга пули йўқлигини айтган. Шунда таниши унинг қўлидаги ўғирланган телефонни олиб қўйган ҳамда қарзини берганда қайтаришини билдирган.

Кейинчалик шу куни ИИБ ходимлари мен томонимдан содир этилган ўғирликни фош қилишди. Ҳозирги кунда ўғирлик оқибатида етказилган моддий зарарни тўлиқ қопладим. Айбимга тўла иқрорман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Муқаддам судланмаганлигим, оилавий ва моддий аҳволимни инобатга олиб, жазо тайинлашда енгиллик қилишни сўрайман”, – дея кўрсатув берган Валижон Бекчонов судда.

Камерага тушиб қолган”

Ҳукмда фуқаровий даъвогар деб кўрсатилаётган Б.Хужанов судда ҳақиқатан 2022 йил 2 сентябр куни номаълум шахс уйига кириб, телефонини ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Яшаш уйимнинг ташқи томонига ўрнатилган видеокузатув мосламасини кўздан кечирганимда телефон ўғирланган вақти уйининг ён атрофида қўшним В.Бекчонов юрганини кўриб, ундан гумонландим. Унинг уйига бориб, бу ҳақда онасига айтдим. Кейин эса онаси билан биргаликда В.Бекчоновни излаб топдик. Бу орада содир қилинган ўғирлик ҳақида ИИБга ҳам хабар қилдим”, деган даъвогар.

Шунингдек, Б.Хужанов етказилган зарар қопланганини айтиб, суддан В.Бекчоновга нисбатан жазо тайинлашда енгиллик қилишни сўраган.

Айби исботланди”

Суд давлат айбловчиси хулосасини, фуқаровий даъвогар ва судланувчининг фикрини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиққан ҳолда (!) Валижон Бекчоновнинг айби тўпланган далиллар билан исботланган деб ҳисоблаган. Шунингдек, суд дастлабки тергов органи томонидан В.Бекчоновнинг уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилинган, деган хулосага келган.

Ҳукм

Суд ҳужжатида жиноят иши тафсилоти тўлиқ Валижон Бекчоновнинг “ўғирлик қилгани” ҳақида борган. Бироқ ҳукм қилишда унга Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жазо тайинланган.

“Бекчонов Валижон Султонбоевичга Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин.

Бекчонов Валижон Султонбоевичга нисбатан қўлланган “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол суд залидан қамоққа олинсин.

Жазони манзил колонияда ўташ белгилансин.

Жазони ўташ муддати 2025 йил 29 январ кунидан бошлаб ҳисоблансин”, дея келтирилади ҳукмда.

Шунингдек, жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида судланувчи В.Бекчонов томонидан Хоразм вилояти ИИБ Молия бўлимининг депозит ҳисобрақамига тўланган 10 млн сўм пул Экология вазирлиги ҳисобига ўтказилиши ҳамда судланувчидан вазирлик ҳисобига яна 112 млн 740 минг сўм ундирилиши белгиланган.

Техник хатоликми?

Бир инсон тақдирига дахлдор бўлган суд ҳукмидаги бу чалкашлик техник хатоликка ўхшамаяпти.

Чунки агар Валижон Бекчонов қўшнисининг уйига кириб, телефон ўғирлагани учун судланган, деб ҳисобланадиган бўлса, унга дарахт кесганлик учун жазо тайинланган ҳамда етказилган зарарни қоплаш белгиланган. Агар Валижон Бекчонов дарахт кесгани учун судланган деб ўйланадиган бўлса, даъвогар, гувоҳлар у ўғирлик қилгани ҳақида “гапиртирилган”.

Техник хатолик туфайли бошқа бир суд ҳукмининг тафсилот қисми бу ҳукмга қўшилиб қолган дейиладиган бўлса, негадир Валижон Бекчонов исми ўғирлик эпизодининг ҳар бир бандига қўшиб чиқилган.

Қолаверса, суд мажлислари онлайн жадвалида ҳам бу иш Жиноят кодексининг 198-моддаси билан муҳокамага қўйилган.

Мазкур ишни кўриб чиқишда жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси Якубов Бунёд Адилбекович раислик қилган. Суд ҳукми у томонидан электрон тарзда имзоланган.

Валижон Бекчонов ё у, ё бу жиноятни содир қилгани аниқ. Савол: у қайси жиноятни содир қилган?

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид