Фарзандини ноқонуний диний таълим олишга жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди
Ўзбекистонда энди фарзандини ноқонуний диний таълим олишга жалб этган ота-оналар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.
Президент «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги, улар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълимни амалга ошираётган шахсларга диний таълим олиш учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мавзуга оид

15:45 / 17.08.2024
Сенат болани ноқонуний диний таълимга жалб қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонунни маъқуллади

15:09 / 25.06.2024
Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин

16:32 / 25.07.2022
Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг санаси маълум қилинди

20:15 / 14.06.2022