Ўзбекистон | 10:02 / 20.02.2025
2598
3 дақиқада ўқилади

Электр линиялари билан қушлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича тажриба ишга туширилди

Ўзбекистонда электр узатиш линиялари билан қушлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича тажриба ишга туширилди.

Фото: Экология вазирлиги

Экология вазирлиги хабарига кўра, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида “Баш ва Жанкелди шамол электр станциялари лойиҳалари доирасида қушларнинг электр узатиш тармоғи билан тўқнашувининг олдини олиш учун қурилмаларни ўрнатиш тажрибаси”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Шамол турбиналарининг қушлар популяциясига таъсирини камайтириш усулларини тадқиқ қилишга қаратилган лойиҳа АCWА Power компанияси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Тадбирда шамол энергетикаси барқарор энергия манбаларига ўтишда асосий рол ўйнаши, лекин унинг атроф-муҳитга таъсирини минималлаштириш ниҳоятда муҳим экани таъкидланди. Bird Flight Diverter (BFD) эксперименти доирасида АCWА Power компанияси шамол турбинасига қушларнинг урилиш хавфини камайтириш учун инновацион технологияларни синовдан ўтказмоқда. 

Экспериментда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, чунки Ўзбекистон бу тур учун муҳим яшаш жойи бўлиб, турнинг салмоқли қисми шамол станциялари яқинида яшайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уч йиллик тадқиқот доирасида электр тармоғининг бутун узунлиги бўйлаб ҳар ҳафта қушлар ўлими (барча ўрта ва йирик турлар) мониторинги ўтказилади. Экспериментнинг муҳим қисми 100 тутқунликда кўпайтирилган ва 100 ёввойи қушни қамраб олади, кейинчалик бу миқдорни 300 тага етказиш белгиланган.

Эксперимент натижалари нафақат 300 километр узунликдаги электр узатиш тармоғининг таъсирини камайтириш учун энг яхши ечимни беради, бу эса майдон маълумотлари билан тасдиқланади, балки Ўзбекистондаги ва бутун Марказий Осиёдаги энг заиф қушлар гуруҳига мос келадиган тўқнашувнинг олдини олиш қурилмалари (BFD) турларини энг яхши амалиётларга асосланиб ишлаб чиқиш имконини яратади.

Электр узатиш тармоқларидаги тувалоқларнинг ўлим даражасига оид қимматли маълумотлар олинади, бу эса келажакдаги хавфларни аниқ баҳолаш ва уларни минималлаштириш ҳамда компенсация қилиш учун самарали стратегияларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Мавзуга оид