Ўзбекистон | 19:48 / 19.02.2025
2250
1 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги бозорларда патта нархлари оширилди

Сотиладиган маҳсулот турига қараб пойтахт бозорларидаги кунлик йиғим нархи 10 фоиздан 30 фоизгача қимматлайди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар (патта) миқдори оширилади. Пойтахт ҳокимининг 2025 йил 14 февралдаги қарори билан ундириладиган бозор йиғимининг янги миқдори тасдиқланди.

Нархлар ошиши сабзавот маҳсулотлари ҳамда нон ва нон маҳсулотлари учун 10 фоиз, уй буюмлари, кийим-кечаклар ва уй паррандалари каби йўналишларда 17-20 фоиз, цитрус, тропик ва қуруқ мевалар, консерва, салқин ичимликлар, гуллар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар каби йўналишларда 21-25 фоиз, асал маҳсулотлари каби йўналишларда 26-29 фоиз оралиғида бўлади.

Ҳокимлик нархлар қимматлашишини харажатлар кўпайгани билан изоҳлаган.

“Тошкент шаҳридаги 19 та бозор ва савдо комплексларининг жами харажатлари 2022 йилда 256,3 млрд сўмни, 2023 йилда 296 млрд сўмни, 2024 йилда 314,1 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, 2025 йилда солиқ, коммунал тўловлар, иш ҳақи ошиши ҳамда таъмирлаш ва қуриш ишларини инобатга олиб 383,5 млрд сўм (2024 йилга нисбатан 22 фоизга кўп) режа қилинди”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид