Томорқасига экин экмаган камбағаллар имтиёзлардан маҳрум бўлади
Аҳолини ўз томорқасидан фойдаланишга ундашнинг янги чоралари эълон қилинди. Томорқасига экин экмаган фуқаролардан ер солиғини 3 баробар миқдорда ундириш давом эттирилади, қўшимча равишда бундай шахсларга имтиёзли кредит берилмайди; агар оила камбағаллар реестрида турса, реестрдаги шахслар учун кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиши тўхтатилади.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда ҳокимларнинг маҳаллалардаги ёрдамчилари аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланилишини назоратга олади.
ЎзА хабарига кўра, аҳоли томорқалари ва ижарага берилган ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати ҳар чоракда ўрганилади.
Хонадондаги томорқа ва ижара ерларида экин экилмаган ва қаровсиз қолдирилган бўлса, қуйидаги чоралар қўлланади:
- томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратилмайди;
- ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар учун назарда тутилган имтиёзлар тўхтатилади;
- "Онлайн маҳалла" электрон платформаси маълумотлари асосида экин экилмагани аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра юқори миқдорда ҳисобланади.
Юқоридаги янгилик қайси ҳужжатда белгиланганига ЎзА хабарида аниқлик киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига экин экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғини 3 баравар миқдорда ундириш тартиби 2018 йил 1 январдан буён амал қилиб келмоқда.
2020 йилда томорқасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаган шахсларни жавобгарликка тортиш таклиф этилган эди. Депутатлар бу ҳақдаги қонунни қабул қилган, лекин Сенат рад этгани учун қонун қабул қилинмай қолганди.
Мавзуга оид

14:32 / 06.04.2025
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади

12:05 / 05.04.2025
Томорқа участкаларидан фойдаланиш бўйича чоралар тасдиқланди

17:02 / 02.04.2025
Етакчи тадбиркорлар аҳоли томорқасига сифатли уруғ ва кўчат етказиб беради

11:13 / 31.03.2025