Пенсияни автоматик тайинлашга ўтилмоқда. Асосий саволларга жавоблар
1 мартдан бошлаб, Ўзбекистонда ёшга доир пенсияни фуқаронинг мурожаатисиз, автоматик равишда тайинлашга ўтилади. Пенсия жамғармаси масъули Мансур Қўчқоров Kun.uz билан суҳбатда бу янгилик билан нима ўзгариши, пенсия миқдоридан норози бўлганлар қандай йўл тутиши ва автоматик тайинлов яна қайси пенсияларга нисбатан татбиқ этилиши ҳақида маълумот берди.
– Ёшга доир пенсияларни тайинлаш проактив тизимга ўтяпти. Бундан одамлар нимани тушуниши керак?
– Шу кунгача амалда бўлган тартибга кўра, ёшга доир пенсия тайинлаш учун фуқаронинг ўзи пенсия жамғармасига мурожаат этиши кўзда тутилган. Олдинги даврларни кўрадиган бўлсак, фуқаронинг ўзи пенсия жамғармасига тўғридан тўғри бориб, тўлиқ ҳужжатларни тақдим этиши керак эди. 2024 йил 1 январдан Давлат пенсия жамғармаси, давлат хизматлари маркази ёки my.gov орқали мурожаат қилиш кўзда тутилганди. [Жорий йил] 1 мартдан кучга кирадиган тартибга кўра, ёшга доир пенсия проактив тизим асосида тайинланади, бунда “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан, эркаклар 60, аёллар 55 ёшга тўлгандан кейин алоҳида мурожаатсиз пенсия тайинлаш кўзда тутиляпти.
– Умуман, одамлар учун нима ўзгаради? Пенсия оладиган одамлар кўпаядими ёки камаядими?
– Ошади, чунки кўплаб фуқаролар меҳнат дафтарчамни йўқотиб қўйганман [дейиши] ёки ҳужжатларни йиғишда оворагарчиликларга [дуч келиши мумкин]. Бюрократия йўқолиб, ҳамма маълумотлар рақамлашганидан кейин, фуқаронинг мурожаатисиз [унинг стажи ҳақидаги маълумотларни] ахборот тизимлари орқали олиш имконияти туғилади.
Пенсия проактив тайинлангандан кейин тўлов қайси шаклда амалга оширилиши фуқаронинг хоҳишига қараб бўлади. У хоҳласа нақд, хоҳласа тижорат банклари орқали карталар очилса, картага тушириб берилади. Ҳозир кўпчилик SMS борганидан кейин пластик очтиришга улгурмаслиги мумкин, бунда Халқ банкидан нақд пул олиши мумкин. Агар хоҳласа, кейинроқ картага ўтказилади.
– Фуқароларга проактив тарзда пенсия тайинланганидан кейин улар меҳнат фаолиятини давом эттириши мумкинми?
– Албатта. Тайинланган пенсия миқдори бунга таъсир қилмайди.
Агар фуқаро пенсия тайинланишига рози бўлмаса, пенсия камлиги ёки иш стажи тўлиқ бўлмагани учун “яна ишлайман, ойлигим яхши, кейинроқ пенсияга чиқишни мўлжаллаяпман”, деса, Пенсия жамғармасига 10 кун ичида мурожаат қилиши мумкин.
2019 йилгача 1-2-гуруҳ ногирони бўлмаса, ишлаб пенсия олувчиларга 50 фоиз пенсияси тўланган. 2019 йилдан кейин пенсионер ҳам пенсияни, ҳам ойлигини тўлиқ олиши мумкин бўлди. Бунда муаммо йўқ.
– Фуқароларга қўшимча маълумотларни етказиш бўйича қандай хабар берилади?
– Фуқаронинг мобил телефонига SMS хабар юборилади, яъни пенсия ёшига тўлганидан кейин “пенсия тайинланди” деган хабар боради. Агар фуқаронинг ўзининг номида телефон рақами бўлмаса, почта орқали уйига хабар юборишимиз мумкин.
– Олдинги даврларда, масалан, 90-йилларда ёки ССCР пайтида ишлаган, армия хизматида бўлган фуқаролар бор. Уларнинг иш стажи қандай тартибда рўйхатга олинади ёки ҳисобланади?
– Агар фуқаро ҳозир ишлаётган бўлса, меҳнат фаолиятининг бутун даври Ягона миллий меҳнат тизимига ишхонаси томонидан киритиб берилиши керак. Агар киритилмаган даврлар бўлса, пенсия тайинланганидан кейин фуқаро қўшимча ҳужжат тақдим этиши мумкин ва ҳисобга олинмаган даврлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
– Ёшга доир пенсиядан ташқари, яна қайси пенсиялар тайинланиши проактив тизимга ўтказилади?
– Бу йил биринчи навбатда ёшга доир пенсияни ўтказамиз. Кейин ногиронлик ва имтиёзли пенсиялар (зарарли ишларда ишлаётган фуқароларга олдиндан пенсия тайинлаш)ни босқичма-босқич ўтказиш жорий қилинади.
Улар ҳам худди шундай тартибда бўлади. Чунки ҳозир босқичма-босқич ўтказишда фуқароларнинг ойлик иш ҳақи, стажи рақамлаштирилган ҳолда келяпти. Кейинчалик зарарли ишда ишлайдиганларнинг лавозими, ўтказиладиган аттестациялар, керакли ҳужжатлар рақамлаштирилгач, проактив шаклда амалга оширилади.
– Ўзи пенсия жамғармаси проактив тизимга ўтишга тайёрми? Қайси ташкилотлар билан ишлаяпсизлар?
– Тайёр. Авваламбор, Персоналлаштириш маркази билан ишлаймиз, биринчи навбатда фуқаронинг паспорт маълумотлари, иккинчидан, ЯММТ – фуқаронинг ойлик иш ҳақи ва стажи ҳақидаги маълумотларни оламиз. Ундан кейин Халқ банки, Адлия вазирлиги томонидан ФҲДЁ ёки 2016 йилдан кейинги солиққа оид маълумотларни Солиқ қўмитасидан оламиз.
Мадина Очилова,
Достон Аҳроров.
Мавзуга оид

00:23 / 17.02.2025
Март ва августдан ойликлар ва пенсиялар ошиши ҳақидаги миш-миш рад этилди

23:17 / 13.02.2025
Ўзбекистонда пенсияни аризасиз — автоматик тарзда тайинлаш тизимига ўтилади

08:30 / 01.11.2024
Пенсия тайинлаш ва тўлашда бюрократия қисқартирилади

07:20 / 30.10.2024