Ўзбекистон | 21:05 / 19.02.2025
3466
5 дақиқада ўқилади

19 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Бугунги дастуримизда МИБдан қарздорлик учун метан қуймаслик рад этилгани, Бухорода тил бириктирган метанчилар, муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун кучайтирилган жазо ва банклардаги кафолатли омонат миқдори — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Қарздорларга метан қуйилмаслиги рад этилди

Ўзбекистонда ижро ҳужжатлари асосида қарзи бор фуқароларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатилмаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бу хабарлар мутлақо асоссиз экани тўғрисида расмий баёнот берди.

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди.

МИБдан коммунал тўловлар, суд ижро ҳужжатлари ёки маъмурий жарималар бўйича қарздорлик ҳақида фуқароларга, энг аввало, SMS-хабарнома орқали маълумот берилади. Шунингдек, улар мобил телефон орқали қарздорлик ҳақида маълумот олиш имкониятига эга.

Чет элга чиқиш ниятида бўлган фуқаролар учун mib.uz сайти ҳамда @mibuzbot Telegram боти ишга туширилган бўлиб, у орқали қарздорлик ёки хорижга чиқишга тақиқ бор-йўқлигини текшириш мумкин.

Бухорода метан нархи сунъий оширилгани аниқланди

Рақобат қўмитаси Бухоро вилоятидаги 47 та автомобилга газ тўлдириш шохобчасида нархлар сунъий равишда оширилганини аниқлади. Мониторингга кўра, 2024 йил 6 декабрга қадар 1 куб метр сиқилган газ 3850–3950 сўм атрофида бўлган, бироқ 7–9 декабр кунлари 4150 сўмгача, яъни 8 фоизга оширилган.

Текширув давомида 44 та хўжалик юритувчи субъект томонидан бозор шароитлари ёки харажатлар асосисиз, бир вақтда ёки кетма-кетликда нарх оширилгани маълум бўлди. Бу ҳаракат рақобатга қарши келишув дея баҳоланиб, уларга нисбатан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун мажбурий кўрсатмалар берилди.

Муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун жазо кучайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Лойиҳага кўра, муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун жарима миқдори оширилади, саноат мулки объектларига тааллуқли ҳуқуқбузарликлар учун эса жиноий жавобгарлик белгиланади.

Қонунга киритилган асосий ўзгартиришлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Муаллифлик ҳуқуқини бузганларга жарима оширилади;
  • Контрафакт маҳсулотлар мусодара этилади ва йўқ қилинади;
  • Интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади;
  • Адлия органларига контрафакт товарларни хатловга олиш ва кўздан кечириш ваколати берилади.

Сўнгги йилларда интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар сони сезиларли ошган. Фақат 2023 йилда 249 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Депутатлар бу қонун муаллифлик ҳуқуқларига ҳурматни ошириш ва контрафакт маҳсулотларга чек қўйишга хизмат қилишини таъкидламоқда. Шунингдек, бу ўзгаришлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришга ҳам ёрдам бериши айтилмоқда.

Банк депозитлари бўйича кафолатланган сумма белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 18 феврал куни банкдаги омонатлар ҳимояси тўғрисидаги янги қонунни имзолади. Унга кўра, банк депозитлари учун кафолатланган максимал миқдор 200 млн сўм этиб белгиланди. Бу чеклов 97 фоиз депозит эгалари учун тўлиқ кафолатни таъминлайди.

Бу ўзгариш Жаҳон банки мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ва халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилган. Аввал 100 фоизлик ҳимоя тизими мавжуд эди, лекин бундай тизим фақат Туркманистон, Беларус ва Ўзбекистонда қолганди.

Янги қонунга кўра, агар бир киши турли банкларда депозит очган бўлса, ҳар бир банкдаги 200 млн сўмгача маблағ кафолатланган бўлади. Масалан, 36 та банкда депозитга эга шахс 7,2 млрд сўмгача ҳимояга эга бўлади.

Марказий банк раҳбариятига кўра, бу чеклов умумий жаҳон стандартидан юқори, чунки аксарият мамлакатларда кафолатланган ҳимоя 90 фоиз миқдорида сақланади.

Хитой — Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвестор

Ўзбекистонда Хитой компаниялари сони илк бор Россиядан ошиб кетди. 2024 йил давомида Ўзбекистонда хорижий капиталга эга корхоналар 818 тага кўпайиб, 14 минг 871 тага етди.

Янги ҳисоботга кўра, Хитой 3357 та компания билан биринчи ўринга чиқди, бу ўтган йилга нисбатан 43,6 фоиз ўсиш демакдир. Россия эса 2937 та компания билан иккинчи ўринга тушди.

Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва АҚШ компаниялари сони камайди. Жанубий Корея энг катта йўқотишга учради – у ердан келган бизнес 92 тага ёки 12,5 фоизга камайган. Туркия, Қозоғистон ва АҚШ иштирокидаги компаниялар сонида ҳам пасайиш қайд этилди.

Шу билан бирга, Тожикистон (+12,9 фоиз), Озарбойжон (+11 фоиз) ва Қирғизистон (+2,9 фоиз) компаниялари сони ортди. Бошқа мамлакатлардан инвесторлар сони эса 18,1 га камайди.

Мавзуга оид