Ўзбекистон | 20:14 / 17.02.2025
4259
5 дақиқада ўқилади

17 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг Кувайтга расмий ташрифи, ҳали ошмайдиган маош ва пенсиялар, мажбурий даволанишга жўнатилган зўравон она ва мажлисда кишанланган электр ва газчилар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ойликлар ва пенсиялар ошмайдими?

Ижтимоий тармоқларда 2025 йил март ва август ойларида иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 10 фоизга оширилиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмас экан.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу маълумотни расман рад этди ва фуқароларни ишончли манбаларга таянишга чақирди.

Ўзбекистонда сўнгги марта маошлар ва пенсиялар 2024 йил сентябр-октябр ойларида оширилган эди. Айни пайтда энг кам пенсия 834 минг сўм этиб белгиланган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров яна 42 кундан кейин энергетика тарифларининг навбатдаги кескин ошиши юз беришини эслатган.

«Албатта, ўзбекистонликлар, айниқса кунни кунга, тийинни тийинга боғлаб ҳаёт кечираётган ўқитувчи, дўхтир, пенсионер ва нафақачилар билишга ҳақли: маош ва пенсияларда мувофиқ даражада индексакция бўладими? Индексация 1 апрелданми ё ўтган йилгидек йил охиридами? Ёки ижтимоий тоифалар бу йил ҳам яна бир марта алданганларини ҳис этадиларми?»

Сирдарёдаги зўравон аёл мажбурий даволанишга юборилди

Сирдарё туманидаги 1-мактаб ўқитувчисига қўл кўтарган фуқаро суд қарори билан руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга жўнатилди.

Бир неча кун олдин мактабда дарс вақтида синфхонага бостириб кирган аёл ўқитувчини ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарган эди. Вилоят руҳий касалликлар шифохонасининг экспертиза хулосасига кўра, у ақлий заифликнинг енгил даражаси билан хасталанган ва ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаган.

Шу сабабли суд уни умумий тартибдаги руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанишга ҳукм қилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу ҳолат юзасидан билдирган муносабатида ўқитувчиларни ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилишини маълум қилди. У мактабларда тартибни сақлаш, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун вазирлик ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда иш олиб боришини таъкидлади.

Самарқандда 7 ходим қамоққа олинди

Энергетика соҳасида коррупцияга қарши кураш доирасида Самарқанд вилоятидаги электр ва газ таъминоти корхоналарининг 7 ходими ҳибсга олинди. Улар Бош прокурор ўринбосари иштирокида ўтказилган танқидий йиғилишда қўлига кишан тақилган ҳолда залдан олиб чиқиб кетилди.

Kun.uz'нинг маълумотига кўра, 15 феврал куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди «Қорадарё» электр таъминоти корхонасининг 4 ходимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарган.

Тергов маълумотларига кўра, улар айрим фуқароларнинг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиши билан боғлиқ далолатномаларни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пул олганликда айбланмоқда. Шунингдек, ҳуқуқшунос О.Қ. ноқонуний уланган тармоқ учун 2,7 млн сўм пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Коррупцияга қарши ушбу қатъий чоралардан сўнг соҳа ходимлари орасида кенг муҳокамалар юз бермоқда.

«Яшил» энергия улуши 26 фоизга етказилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда 2025 йилда мамлакат энергетика тизимида «яшил» энергия улушини 16 фоиздан 26 фоизга ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Бу мақсадга эришиш учун қуввати 3,5 GW бўлган 16 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси, 160 MW ли 5 та ГЭС ва 1,8 GW ли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади.

Президент бундан ташқари, яна 1 GW қувватли «яшил» энергия лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом этади. Бу мақсадда 2 трлн сўм кредит ажратилиши белгиланди.

Мирзиёев Кувайтга расмий ташриф билан борди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан 17 феврал куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борди.

Ал-Кувайт халқаро аэропортида уни Кувайт амири, валиаҳд ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Қизғин қабул маросимида давлат байроқлари кўтарилиб, икки мамлакат мадҳиялари янгради.

Бугун Мирзиёев ва Кувайт амири олий даражада музокара ўтказади. Учрашув кун тартибида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш режалаштирилган.

Ташриф якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид