Сирдарёда ўқитувчига қўл кўтарган аёл руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди
Судга тақдим этилган экспертиза хулосасида ўқитувчини урган фуқаро ақлий заифликнинг енгил даражаси билан хасталангани ва ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмагани кўрсатилган.

Фото: Видеодан кадр
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Сирдарёда ўқитувчига қўл кўтарган аёл иши судда кўриб чиқилгани ва унинг руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниши бўйича ҳукм чиқарилганини маълум қилди.
Бир неча кун олдин Сирдарё туманидаги 1-мактабда фуқаро Г.Х. дарс вақтида синфхонага бостириб кириб, ўқитувчини ҳақорат қилиб, унга қўл кўтаргани акс этган видео жамоатчилик ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Кейинроқ аёл узр сўраб ҳам чиққанди.
Таъкидланишича, ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига кўра маъмурий иш қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида кўриб чиқилган.
Судга вилоят руҳий касалликлар шифохонаси томонидан берилган психиатрик экспертиза хулосаси тақдим этилган. Ушбу экспертиза хулосасида қайд этилишича, фуқаро Г.Х. ақлий заифлик енгил даражаси билан хасталанган ҳамда ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда суд фуқаро Г.Х.нинг умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниши юзасидан ҳукм чиқарган. Айни вақтда у руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Сирдарёдаги ҳолат юзасидан яна бир бор муносабат билдириб, ўқитувчилар қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар ишга солинишини маълум қилди.
«Афсуски, ижтимоий тармоқларда дарс вақтида синфхонага бостириб кириш, ўқитувчини ҳақоратлаш, ўқувчилар олдида изза қилиш, ҳатто дўппослаш ҳолатлари тез-тез муҳокама марказига чиқяпти. Яқинда Сирдарёда бўлган ҳолат ҳам шулар жумласидандир», – дейди вазир.
Ҳилола Умарова бу каби зўравонлик ҳолатлари юз берганда ўқитувчи-педагогларни ҳимоя қилиш учун керакли юридик, ижтимоий, психологик ёрдам берилишини билдириб ўтди.
«Шуни тушуниб олишимиз керакки, мактабга дуч келган одам (дарс вақтида ҳатто ота-она ҳам) истаганича кириб-чиқиш, дарс жараёни ва педагоглар фаолиятига аралашиш, ўқитувчига дўқ қилиш уёқда турсин, маданият чегарасидан четга чиқиб гаплашишга ҳақли эмас», – дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири.
Ҳилола Умарова бундай ҳолатлар аниқланса вазирлик зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишини таъкидлаб ўтди.
«Ҳурматли ўқитувчилар, жонкуяр педагоглар, қадрли жамоамиз, сизнинг фаолиятингиз қонун билан ҳимояланган, қадр-қимматингизни ҳимоя қилиш учун барча имкониятимизни ишга солишга тайёрмиз», – деди у.