Муқобил таклиф кутаётган Вашингтон, Чернобил АЭСга зарба ва Қизил денгизга қайтган кемалар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Вашингтон муқобил таклиф кутяпти
АҚШ давлат котиби Марко Рубио араб давлатларини Ғазо бўйича ўз ечимларини таклиф қилишга чақирди ҳамда уларни лоқайдлик ва бефарқликда айблади. Вашингтонда ҳозирча ягона аниқ таклиф сифатида Трамп режаси кўрилмоқда, унда Ғазо аҳолисини сектордан чиқариб юбориш назарда тутилган.
«Агар араб давлатлари бунга қарши бўлса, аниқ бир муқобил таклиф тақдим этиши керак», — деди дипломат.
Рубио Саудия Арабистони, БАА ва Исроил раҳбарлари билан бу масалани муҳокама қилиш учун Яқин Шарққа сафар қилишни кўзламоқда.
Миср Трамп таклифини рад этиб, Ғазо тикланиши бўйича ўз ташаббуси устида иш олиб бораётганини тасдиқлади. Reuters маълумотларига кўра, Қоҳира режаси полиция ва бошқарув тизимини ўзгаришсиз қолдириш, назоратни ҲАМАСсиз, маҳаллий раҳбарлар қўлига назоратни топширишни ўз ичига олади.
Кемалар Қизил денгизга қайта бошлади
Яманлик ҳусийчиларнинг ҳужумлари қисқаргани сабабли айрим денгиз юк ташиш компаниялари Қизил денгиз орқали транзитни тикламоқда.
Markel суғурта компаниясининг маълумотига кўра, янги йилдан сўнг кемаларга ҳужумлар кузатилмаган, бу эса юк ташиш нархларининг пасайишига олиб келмоқда.
Бироқ хавфсизлик ҳолати ҳануз ноаниқ. Кўплаб йирик контейнер операторлари ҳали ҳам Қизил денгизга қайтишга шошилмаяпти. Улар тўлиқ ўт очишни тўхтатишни кутиб, хавфли ҳудудларни айланиб ўтмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳусийчилар вақтинча танаффус олган бўлиши мумкин. Улар Яманнинг Қизил денгиз бўйлаб жойлашган ҳудудларида куч тўплаётгани ва ҳужумларни қайта бошлаши эҳтимоли бор.
2023 йил ноябридан бери хусийчилар Сувайш канали орқали ўтувчи кемаларга 100 дан ортиқ ҳужумлар уюштирган, бу эса дунё савдосининг 12 фоизи ва жаҳон контейнер юк ташишининг 20 фоизини ташкил этувчи муҳим транзит йўлини таҳдид остига қўйган.
Мюнхенда хавфсизлик бўйича анжуман бошланди
Германиянинг Мюнхен шаҳрида анъанавий 61-хавфсизлик анжумани старт олди.
1963 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур анжуманнинг асосий мақсади дипломатик мулоқот орқали можароларнинг олдини олишдир. Бу йилги форумда Украинадаги уруш, Яқин Шарқдаги вазият ва Европа хавфсизлиги асосий мавзулардан бири бўлади.
Тадбирда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Германия канцлери Олаф Шолц, Украина президенти Володимир Зеленский, НАТО бош котиби Марк Рютте ва бошқа юқори мартабали шахслар иштирок этмоқда.
Конференция давомида Ғарб ва Хитой муносабатлари, савдо урушлари, Судан ва Конго демократик республикасидаги низолар, иқлим муаммолари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, сунъий интеллект ва технологиялар тартибга солиниши каби мавзулар муҳокама қилинади. 16 февралгача давом этадиган форумда 350 га яқин панел муҳокамалари ўтказилади.
Зеленский музокара учун шартларини айтди
Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан музокаралар ўтказиш учун ягона шарт — Украина, Европа ва АҚШ умумий режага эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у Мюнхен хавфсизлик конференциясида маълум қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев аввал ҳам Москва билан ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишган, лекин Россия бу келишувни бажармаган.
Украина президентининг таъкидлашича, уларга воситачи керак эмас, чунки бу уруш шунчаки икки давлат ўртасидаги низо эмас, балки бир давлатнинг бошқа давлатга ҳужуми.
Зеленский АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнс билан Америка ҳарбий ёрдамини Украина ресурсларига алмашиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у Доналд Трамп у билан шахсий алоқага чиқиши мумкинлигини айтганини ҳам маълум қилди.
«Мен фақат Россия раҳбари Путин билан учрашаман. Фақат Трамп, Европа ва Украина умумий режага эга бўлгандагина музокаралар ўтказишим мумкин», — деб таъкидлади Зеленский.
Пекин воситачилик таклифини билдирди
Хитой АҚШга Москва ва Вашингтон ўртасида музокаралар ташкил қилиш учун воситачи бўлиш таклифини берди. The Wall Street Journal манбаларига кўра, Пекин музокаралар Володимир Зеленский иштирокисиз ўтказилишини истамоқда.
Хитой Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий сулҳдан сўнг тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр, бироқ АҚШ ва Европа буни шубҳа билан қабул қилмоқда.
Аввалроқ Трамп Путин билан Украина можаросини ҳал этиш ҳақида узоқ ва самарали суҳбат ўтказганини, шахсий учрашув ҳақида келишиб олганини айтган эди.
Вашингтонда Хитой ташаббуси амалга ошиши қийин, дея баҳоланди. WSJ таҳлилига кўра, Пекин бу орқали АҚШ босимини юмшатишни хоҳламоқда, лекин Россия билан яқин алоқаларни сақлаб қолишдан ҳам воз кечиш нияти йўқ.
Вэнс Европа сиёсатчиларини танқид қилди
Жей Ди Вэнс Европа сиёсатчиларини совет иттифоқи услубидаги риторикадан фойдаланишда айблади: «АҚШ ва Европада Россиянинг демократияга аралашуви муболаға қилинаяпти», — деди у Мюнхен анжуманида.
Вэнсга кўра, ноқонуний миграция демократия учун Москванинг сайловларга аралашувидан кўра катта таҳдид туғдиради.
«Агар 200 минг долларлик интернет рекламаси демократиянинг қулашига олиб келса, бу жамият ҳақиқий халқ хоҳишини акс эттираётганига шубҳа бор», — деди Вэнс.
У Европа ҳукуматларида муҳофазакор ва миграцияга қарши партияларнинг инкор қилиниши халқ хоҳишини четга суриш билан тенг эканини таъкидлади.
АҚШ расмийси Россия музокараларни саботаж қилса, Москвага қарши иқтисодий ва ҳарбий босим кучайтирилишини таъкидлади.
Россия дрони Чернобил АЭСга урилди
Украина Чернобил АЭС ҳудудига Россия дрони зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский ўз Telegram-каналида ёзди.
Фугасли зарбдор дрон АЭСнинг 4-энергоблоки устига қурилган муҳофаза саркофагига теккани хабар қилинмоқда.
«Бу иншоот Украина Европа, АҚШ ва бошқа давлатлар билан бирга қурган объектдир», — деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, ядровий объектларга ҳужум қилувчи, атом электр станцияларни эгаллаб олувчи, оқибатларга қарамасдан ҳарбий ҳаракатлар олиб борувчи дунёдаги ягона давлат бу — бугунги Россия.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ҳам ҳодисани тасдиқлади. Агентлик мутахассислари саркофаг ҳудудида портлаш овозини эшитган.
Ҳозирча саркофагнинг ички тузилмасига зарар етмагани ва ҳеч ким жабрланмагани маълум қилинди.
Трамп ядровий қуролларни қисқартирмоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой ва Россия билан мудофаа харажатларини 50 фоизга камайтириш ва ядровий қуролларни қисқартириш бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.
«Биз миллиардлаб маблағни беҳуда сарфлаяпмиз», — деди Трамп, Пекин ва Москва ҳам бу позицияни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаб. Унга кўра, АҚШ, Хитой ва Россия ҳар йили 1 трлн доллардан ортиқ мудофаа харажатлари учун маблағ сарфлайди.
Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги можаролар ҳал этилганидан кейин бу масала муҳокама қилиниши мумкинлигини айтди. У Путин билан ядро қуролларини камайтириш ҳақида ҳам гаплашганини ва Россия раҳбари бунга катта қизиқиш билдирганини таъкидлади.
Унинг ташаббуси Европа ва Украинада ташвиш уйғотмоқда. Киев АҚШ, Хитой ва Россия ортидан муҳокамалардан четда қолишдан хавотирда.
Олаф Шолц катта сиёсатни тарк этмоқчи
Германия канцлери Олаф Шолц лавозимидан кетгач, сиёсатни тарк этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, канцлерлик муддати тугагач, бошқа лавозимларга даъво қилмайди ва оддий фуқаро сифатида ҳаёт кечирмоқчи.
Шолц 23 феврал куни бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида ҳозирча канцлерликда қолишни исташини таъкидлади. F.A.Z. нашрига берган интервьюсида у «бундан кейин сиёсий фаолиятимни давом эттирмайман», деб таъкидлади.
Германиянинг Ангела Меркелдан аввалги собиқ канцлери Герхард Шрёдер лавозимидан кетгандан сўнг русларнинг «Шимолий оқим» газ қувури лойиҳаларида лоббист сифатида фаолият юритган эди. Аммо Шолц асло бундай йўл тутмаслигини айтди.
66 ёшли сиёсатчи ҳозирда Бундестаг сайловларида иштирок этяпти. Аммо унинг раҳбарлигидаги Социал-демократик партия сайловолди сўровларда орқада қолмоқда, шунинг учун Шолцнинг яна канцлерликка қайтиш эҳтимоли жуда паст.
Мавзуга оид

13:34
Трамп ва Нетаняҳу ўртасида совуқчилик, алавийларни бостириб, курдлар билан келишган Сурия ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

13:09 / 10.03.2025
Электрдан узилган Ғазо, Суджага газ қувури орқали ҳужум ва Трамп келиши билан янада бойиган россиялик миллиардерлар — кун дайжести

15:46 / 08.03.2025
Музокаралардан норози Нетаняҳу, Сурияда Россия базалари яқинида жанглар ва сулҳ учун шарт қўяётган Кремл — кун дайжести

14:15 / 07.03.2025