Ўзбекистон | 10:11 / 15.02.2025
10033
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувонда яна бир уй портлагани маълум бўлди. Қурбон бор

Хонадонда иситиш печидан газ сизиб чиқиб тўпланган ҳамда уй эгалари чироқни ёқиши оқибатида чақнаш содир бўлган. Оқибатда бир киши ҳодиса жойида вафот этган.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида хонадон портлади. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Kun.uz’га билдиришича, ҳодиса жорий йил 5 феврал куни туманнинг Армечан маҳалласида содир бўлган. Суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, уйда ўрнатилган иситиш печидан газ сизиб чиққан ва хонага тўпланган. Хонадон эгалари томонидан чироқ ёқилган пайтида ҳаво-газ аралашмаси чақнаши содир бўлган.

Чақнаш оқибатида II гуруҳ ногирони бўлган И.Т. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Портлаш оқибатида ёнғин юзага келмаган ва ёнғин қутқарув экипажлари жалб этилмаган. Ҳодиса жойига вилоят ФВБ ва туман ИИБ масъуллари чиққан.

Туман ҳокими бахтсиз ҳодисанинг сабабини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳақида фармойиш чиқарди. Ҳужжат билан газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш бўйича туман комиссияси таркиби ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

2025 йил 12 феврал куни ҳам Ғиждувон туманининг Гулистон маҳалласида газ тўпланиб қолиши оқибатида уй портлаганди.

Мавзуга оид