Жамият | 18:01 / 14.02.2025
23352
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ўқитувчига қўл кўтарган аёл узр сўраб чиқди

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчига тарсаки туширган аёлнинг видеоси тарқалди. Ҳолат масъул органлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва тегишли чора кўрилди.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарёдаги мактабда ўқувчининг онаси ўқитувчини ургани ҳақида хабар берилганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби ўқитувчига қўл кўтарган аёл узр сўраб чиққан видеони эълон қилди.

Тармоқларда пайдо бўлган видеода қора кийимдаги аёл синф хонасида ўқитувчининг бўйнидан олиб, ундан хонадан чиқиб кетишини талаб қилган ва юзига тарсаки туширгани акс этган.

«Жаҳл устида билмай қолдим, сизлардан ҳам узр сўрайман», — дейди аёл.

Қайд этилишича, ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган ва тегишли чора кўрилган.

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бундай ҳолатларни кескин қоралайди ва доимо муросасиз муносабатда бўлади», — дейилади хабарда.

Олдинроқ Сирдарё туманидаги 1-сонли мактабда содир бўлган мазкур ҳолатга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова муносабат билдирганди. «1 сонли мактабда юз берган ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олинган», деб ёзганди у.

Мавзуга оид