Жаҳон | 13:39 / 14.02.2025
2193
2 дақиқада ўқилади

Ню Йорк ҳайвонот боғи пингвин ва жирафалар томонидан чизилган расмларни кимошди савдосига қўяди

Боғ ходимларининг айтишича, жониворларга мазали егулик берилганда, улар расм чизишга янада яхшироқ киришади.

Фото: AFP

Ню Йорк ҳайвонот боғи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида пингвинлар, жирафалар, ялқовлар, капибаралар ва бошқа ҳайвонлар томонидан яратилган санъат асарларини эълон қилди. Ушбу расмлар гала-аукционда сотувга қўйилади, деб хабар бермоқда UPI нашри.

“Рассомларимиз Animal Art Auction кимошди савдоси учун ўз дурдоналарига сўнгги пардозни бериш устида астойдил меҳнат қилмоқда”, — деб таъкидланади хабарда.

Ҳайвонот боғи ходими Микаила Конвей ижодий жараён ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, расм чизиш ҳайвонлар учун нафақат ривожлантирувчи машғулот, балки кўнгил очиш ва ҳис-туйғуларини ифода этиш усулига ҳам айланган. Аммо барибир уларга қўшимча мотивация керак бўлган. Масалан, пингвинларга мазали егулик ваъда қилинганда ёки лазер кўрсаткич билан ёрдам кўрсатилганида, улар расм чизишга жиддий ёндашган.

“Бизнинг пингвинларимизни ҳам расм чизишга ундашнинг энг осон усули — уларга овқат бериш”, — деди Конвей.

“Дреам Big Gala: Night Out on the Town” номли катта кимошди савдоси 15 март куни ўтказилади. Лотлар сифатида ҳайвонлар чизган санъат асарлари тақдим этилади. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда асарларнинг дастлабки кўрик-танловлари ўтказилмоқда. Кимошди савдоси онлайн шаклда ҳам бўлиб ўтади, тўпланган маблағ эса ҳайвонот боғи ва жониворларнинг эҳтиёжларига сарфланади.

Мавзуга оид