ҲАМАСга ултиматум қўйган Исроил, Трампдан хафа бўлган Зеленский ва Мюнхендаги намойишчиларга ҳужум — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил ҲАМАСга ултиматум қўйди
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу агар 15 феврал куни тушга қадар ҲАМАС барча гаровга олинганларни қайтармаса, Ғазо секторида урушни янада кучайтиришини эълон қилди.
«Гаровга олинганлар озод этилмаса, ўт очишни тўхтатиш келишуви бекор қилинади. Исроил армияси ҲАМАС тўлиқ йўқ қилингунига қадар ҳарбий ҳаракатларни давом эттиради», — дейилади Нетаняҳунинг баёнотида.
Бу баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига мос келади. У ҳам Исроил ҲАМАСга берилган муддатни узайтирмаслиги кераклигини айтган эди.
Ҳозиргача ҲАМАС 21 нафар гаровдагиларни озод қилди, улар ўнлаб фаластинлик маҳбуслар билан алмаштирилди.
Бу орада ҲАМАС эса 15 февралда 3 нафар гаровдаги шахсни озод қилишини маълум қилди ва Исроилни сулҳ келишувини бузганликда айблади.
ҲАМАС вакиллари Қатар ва Миср воситачилигида сулҳ бўйича тўсиқларни бартараф этиш устида иш олиб борилаётганини айтди. Аммо Исроил ҳукуматидан бу баёнотларга расмий муносабат билдирилмади.
Исроилнинг ҳуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилаётгани ҳам даъво қилинмоқда. Жанубдан шимолга қайтишга уринаётган Ғазо аҳолисига қарата артиллерия ва ўқотар қуроллар билан ҳужумлар қилинаётгани ҳам танқид остига олинди.
Исроил ҳарбийлари Сурияга ўрнашмоқда
Исроил армияси жангчилари Суриянинг Кунейтра вилоятидаги Кудна қишлоғида кузатилгани маълум қилинди. Ҳарбийлар зирҳли техникада ҳаракатланиб, маҳаллий йўлларда патрулликни амалга оширган.
Сурия манбалари қўшни Саида қишлоғида ҳам Исроил ҳарбий конвойи кузатилганини, унда 12 та ҳарбий техника ва шахсий таркиб жойлашганини маълум қилди.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Жўлан тепаликлари яқинида ҳарбийлар сони оширилишини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, «Жанубий Сурияда тозаланган мудофаа ҳудуди ташкил этилади», шунингдек, Исроил армияси қиш мавсумини стратегик аҳамиятга эга Аш-Шайх тоғида ўтказиши режалаштирилган.
Исроил Эроннинг ядро иншоотларига зарба бермоқчи
Исроил ҳукумати 2025 йил охиригача Эроннинг ядро иншоотларига авиазарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ёзди.
Америка разведка маълумотларига асосан, ушбу сценарий аввал Жо Байден президентлиги даврида муҳокама қилинган ва Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин ҳам долзарблигича қолмоқда.
Америка ҳарбийларининг фикрича, Исроилнинг бундай зарбалари АҚШ кўмаги билан амалга оширилиши мумкин. Трамп маъмурияти қўл остида бундай ҳужум эҳтимоли Байден давридагидан ҳам юқори.
Исроил расмийлари бу масала юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. 2024 йилда Байден маъмурияти Исроилни фақат Эроннинг ҳаво ҳужумидан ва ракета ҳужумидан ҳимоя тизимларига зарба бериш билан чекланишга кўндирганди. Аммо Трамп келиши билан бу чекловлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Эрон эса ўз ядро дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келмоқда.
Ҳусийчилар: «яҳудийлар АҚШга кўчсин»
Яман ҳусийчилари АҚШ президенти Доналд Трампни Исроил аҳолисини Америкага кўчиришга чақирди. Уларга кўра, АҚШда кенг ва аҳоли яшамайдиган ҳудудлар бор, шунинг учун бу таклиф амалийроқ бўлади. Бу борада ҳусийчилар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий баёнот берган.
Ҳусий шунингдек, Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги сулҳ келишувини бузса, Исроил ва унинг билан боғлиқ кемаларга ҳужумлар қайта бошланишини эслатиб ўтди.
Трампнинг Ғазо секторини фаластинликлардан «тозалаш» таклифи олдинроқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий томонидан ҳам танқид қилинган эди. У АҚШни исроилликларни Гренландияга кўчиришга чақириб, бунга «бир ўқ билан икки қуённи уриш», деб таъриф берганди.
Трамп Путинни Саудияга чақирди
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин билан Саудия Арабистонида учрашиш ниятида эканини маълум қилди.
Украинадаги урушни «фожиа» ва «қонли ҳалокат» деб атаган Трамп Путин билан асосан телефон орқали мулоқот қилиши, лекин учрашишни кутаётганини айтган. «У бу ерга келади, мен ҳам у ерга бораман. Шунингдек, эҳтимол, Саудия Арабистонида ҳам учрашамиз», — деган у.
Трамп, шунингдек, Украинанинг НАТОга қўшилиши ҳақида реалистик фикрда эмаслигини айтди: «Россия Украина НАТОга қўшилиши мумкин эмаслигини узоқ вақтдан бери таъкидлаб келяпти ва мен бу фикрга қўшиламан», — деди у.
Британия Украинани НАТОга чорламоқда
Лондон АҚШнинг Украина НАТОга аъзо бўлмаслиги керак, деган позициясига қарши чиқди. Британия мудофаа вазири Жон Ҳили Киевнинг Шимолий алянсга қўшилиш ҳуқуқи борлигини таъкидлади.
Бу баёнот АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг Украина НАТОга кириши «реалликдан узоқ» деган сўзларига зид бўлди. Дания ҳам Киевнинг аъзолик имкониятига ишонишини билдирди.
Украина президенти Володимир Зеленский эса НАТО уларга ўз эшикларини ёпса, Украина ўз мудофаа иттифоқини тузиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, бўлажак музокараларда Путин Трампдан Украинага нейтрал мақом берилишини талаб қилиши ҳам истисно этилмаяпти.
Украина парда ортида ўтган музокаралардан норози
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Москва ва Вашингтон ўртасида Украина иштирокисиз келишувларга рози бўлмаслигини маълум қилди. У Хмелницкий АЭСига ташрифи давомида бу ҳақда баёнот берди.
«Европа давлатлари ҳам бу жараённинг тўлиқ иштирокчиси ҳисобланади», — деди Зеленский. Унга кўра, Владимир Путин музокараларни икки томонлама шаклда ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Зеленский Трампнинг дипломатик алоқаларида Россияга устувор аҳамият бергани ҳақидаги даъволарни рад этди. Лекин у Трампнинг аввал Путин, сўнгра ўзи билан гаплашгани унга ёқмаганини айтди.
Трамп чоршанба куни Путин билан суҳбатдан сўнг Зеленский билан гаплашди ва Россия раҳбари билан «урушни тугатиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш» ҳақида келишиб олганини айтди. Зеленский Трампнинг тинчликка бўлган қизиқиши учун миннатдорлик билдириб, АҚШ Россияга босим ўтказиш имкониятига эга эканини таъкидлади.
Молдова Россиянинг маданий марказини ёпди
Молдова ҳукумати пойтахт Кишинёвдаги «Русский дом» маданий марказини ёпишга қарор қилди ва Россия элчиси Олег Озеровни дронларнинг мамлакат ҳудудига учиб киргани бўйича тушунтириш бериши учун чақирди.
Россия Украинага ҳужум қилгандан сўнг, Молдова ва Руминия чегарасида Россия дронлари кузатилгани ҳақида хабарлар кўпайган. Молдова президенти Майя Санду Россиянинг ҳаракатларини қоралаб, дронларнинг Молдова фуқаролари ҳаётига хавф туғдирганини таъкидлади.
Россия элчиси Озеров эса дронлар Россияники эканига шубҳа билдириб, ҳодисани «учинчи томонларнинг провокацияси» деб атади. Бироқ Молдова чегара полицияси бир неча дроннинг мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтганини тасдиқлаган.
Бу Молдова билан Россия ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишидан дарак беради.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Озарбойжон ҳам Бокудаги «Русский дом» марказини ёпган эди. Бу қарор Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтга тўғри келди — Озарбойжон 2024 йил декабрида Грозний шаҳри осмонида ўққа тутилган ва якунда ҳалокатга учраган учоғи учун Россияни айбдор дея даъво қилмоқда.
Мюнхенда намойишчиларга автомобилда ҳужум
Германиянинг Мюнхен шаҳрида Mini Cooper русумли автомобил иш ташлаш норозилик намойишини ўтказаётган Verdi касаба уюшмаси ишчиларига устига ҳайдалди.
Ҳодисада 28 киши жабрланган, улардан бир нечтасининг аҳволи оғир.
Гумонланувчи 24 ёшли афғонистонлик мигрант бўлиб, у полиция томонидан қўлга олинган. Маълумотларга кўра, ҳайдовчи аввал ҳам ўғрилик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинган.
Ҳодиса Мюнхен хавфсизлик конференцияси бошланиши арафасида содир бўлган. Полиция ҳайдовчини тўхтатиш учун битта ўқ узган ва у ҳибсга олинган.
Бавария бош вазири Маркус Зёдер бу ҳодиса қасддан амалга оширилган ҳужум бўлиши мумкинлигини айтди.
Мавзуга оид

13:34
Трамп ва Нетаняҳу ўртасида совуқчилик, алавийларни бостириб, курдлар билан келишган Сурия ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

13:09 / 10.03.2025
Электрдан узилган Ғазо, Суджага газ қувури орқали ҳужум ва Трамп келиши билан янада бойиган россиялик миллиардерлар — кун дайжести

15:46 / 08.03.2025
Музокаралардан норози Нетаняҳу, Сурияда Россия базалари яқинида жанглар ва сулҳ учун шарт қўяётган Кремл — кун дайжести

14:15 / 07.03.2025