Трамп ва Маск демонтажи: USAID ўрнини Хитой эгалламоқда
USAID фаолиятининг тўхтатилиши ортидан унинг ўрнини Хитой эгаллашга уриняпти. Пекиннинг роли ривожланаётган мамлакатларда анча фаоллашиб бормоқда. Хитой расмийлари аллақачон, Камбожа ва Непалга АҚШ маблағларидан қуруқ қолган лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрлигини айтган. Конгресснинг Вакиллар палатасидаги демократлар эса бу кетишда АҚШ глобал рақобатда Пекиндан орқада қолиб кетишини таъкидламоқда.
Доналд Трамп маъмурияти АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) фаолиятини тўхтатганидан сўнг Хитой ривожланаётган мамлакатлардаги бўшлиқни тўлдириш учун чоралар кўришни бошлади. Politico нашри USAID ва бошқа гуманитар ташкилотлар ходимлари ҳисоботларига таяниб, бу ҳақдаги катта мақоласини эълон қилди.
Унда келишича, Трамп ва унинг энг яқин сафдоши Илон Маскнинг USAID’ни демонтаж қилиши дунё бўйлаб - Ҳинд-Тинч океани минтақасидан тортиб Жанубий Америкагача бўлган агентлик ролини Хитойга бўшатиб беради.
Непалнинг Annapurna Express газетасига кўра, Хитой расмийлари хусусий равишда Непал ҳукуматига АҚШ маблағлари ўрнига соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим тармоқларни молиялаштиришга тайёрлигини айтган. Тинч океанининг стратегик давлати бўлган Кук ороллари расмийлари АҚШ томонидан молиялаштиришнинг тугатилиши минтақага катта зарба бўлганини ва «хитойликлар ўз таъсирини кучайтиришга интилаётганини» таъкидлашган.
«Хитой аллақачон ҳамкорларимизга мурожаат қилмоқда. Улар Камбожа ва Непал каби жойларда бўшлиқни тўлдиради ва бу биз билган нарса эди», деди Байден маъмурияти даврида USAID'нинг Хитой бўйича дастурларини бошқарган Франсиско Бенкосме.
Қайд қилинишича, USAID инфратузилма ва телекоммуникациялар учун хорижий маблағ излаган ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериб келган. Шунингдек, Африка, Жануби-Шарқий Осиё ва бошқа минтақалардаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаган. Ҳозир бу жойларда Хитой таъсири ортиб бормоқда.
Тўғри, USAID қайта кўриб чиқишга арзийдиган шубҳали ишларни қиларди, лекин чақалоқни бадани қуримасдан отманг. Хитой айнан шундай қилишимизни кутяпти, дейди Гудсон тадқиқот марказининг Хитой бўйича таҳлилчиси Майкл Соболик.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Хитой қўмитасидаги демократлар Трамп маъмуриятини USAID иши Пекин билан рақобат қилиш учун зарурлигига ишонтириш учун янги стратегия ишлаб чиқди. Гуруҳ далиллари шундан иборатки, Хитой билан муваффақиятли рақобат АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлаш учун зарурдир.
«Хитой Коммунистик партияси ва унинг бўлинмалари сўнгги йигирма йил ичида ривожланиш лойиҳаларига қарийб 1 триллион доллар сарфлади ва бу АҚШ ҳукуматининг расмий харажатларидан сезиларли даражада ошиб кетди. USAID эса АҚШ бюджетининг 0,7 фоизидан камроғи миқдорида маблағ тақдим этади», дейилади ҳужжатда.
Маълумки, январ ойининг охирида Трамп администрацияси USAID фаолиятини тубдан ўзгартириш қарорини қабул қилди.
Энди агентлик ўз ишини “Аввало Америка” тамойилига асослаши шарт. Маъмурият талабларини бажаришдан бош тортган ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланиши мумкин.
USAID’нинг 10 мингдан ортиқ ходимига тарқатилган хизмат ёзуви қабул қилинган қарорга қўшимча қўлланма сифатида тақдим этилди. Reuters агентлиги хабарига кўра, USAID ходимларига маъмурият кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилиш бўйича йўриқнома берилган.
“Биз президентнинг ташаббусларини амалга оширишда уни қўллаб-қувватлашимиз шарт”, — деб ёзган бошқарув ва ресурслар бўйича ёрдамчи администратор Кен Жексон ички хизмат ёзувида.
Лавозимга киришганидан бир неча соат ўтиб, Трамп барча хорижий давлатларга ёрдамни 90 кун муддатга тўхтатишни буюрди. Бу орада мазкур дастурларнинг ташқи сиёсат приоритетларига мувофиқлиги текширилади.
АҚШ дунёдаги энг йирик иқтисодий ёрдам доноридир. 2023-молиявий йилда ташқи иқтисодий ёрдам учун 72 миллиард доллар ажратилган.
USAID мустақил агентлик бўлса-да, унинг администратори президент томонидан тайинланади ва Сенат томонидан тасдиқланади ҳамда Давлат департаменти раҳбари билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши белгиланган.
Баъзи хорижий нашрларга кўра, Оқ уй деярли барча ходимларини ишдан бўшатиб, агентликни тарқатиб юборишни режалаштирмоқда. Reuters маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ишлаётган 10 минг кишидан 300 нафари қолдирилади, бошқалари бўшатиб юборилади. Трамп маъмурияти USAID ташкилотини ортиқча ва асоссиз харажатларда айбламоқда.
USAID Ўзбекистонда ҳам жамоат саломатлигини сақлаш, ОАВ ва таълим ривожини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишни қўлловчи қатор лойиҳаларни молиялаштириб келади. Трамп администрациясининг халқаро ноҳарбий ёрдамларни тўхтатувчи қарори ортидан Ўзбекистондаги лойиҳалар ҳам фалажланди.
Kun.uz бу дастурлар келажаги ҳақида билиш учун АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва USAID лойиҳалари маъсулларига уланди. Бироқ агентликнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Девид Ҳоффман ҳозирча медиага нима бўлаётганини тушунтириб беролмаслиги маълум қилинди. Вақт ўтиб ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Ўзбекистондаги дастурлар тақдири нима бўлиши эълон қилинади.
Мавзуга оид

20:53
Трамп Канададан пўлат ва алюминий импортига 50 фоизгача қўшимча божлар жорий этади

19:53
Европа нимадан қўрқмоқда: минтақа ўзини ҳимоя қила оладими?

19:47
Трампнинг тинчликка интилиши — АҚШ заифлигининг тан олиниши. Эксперт Америка президенти ташқи сиёсати ҳақида

18:09