Термиздаги логистика маркази БМТ Глобал тармоғи омбори мақомини олди
БМТ бундай омборлардан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам етказиш учун фойдаланади.

Фото: dunyo.info
Термиз шаҳрида, Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган халқаро кўп функцияли транспорт-логистика ҳаби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссар бошқармаси (UNHCR) Глобал таъминот тармоғи омбори мақомини олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, «Дунё» агентлиги хабар берди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати таъкидлаганидек, оғир халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, БМТ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш учун асосий ресурслар захирасини сақлаб қолишга интилмоқда ва шу нуқтаи назардан, марказ стратегик аҳамиятга эга. Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашгани, шунингдек, малакали кадрлар мавжудлиги Ўзбекистон савдо-логистика объектининг глобал тармоққа интеграциялашувига таъсир этувчи асосий омиллар бўлган.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Термиз ҳаби ҳамкорлик, ишончлилик ва самарадорлик рамзи эканини алоҳида таъкидлади. Бу нафақат инсонпарварлик етказиб бериш занжирини мустаҳкамлайди, балки иш ўринлари ва янги имкониятлар яратиш орқали минтақа ривожига ҳам ҳисса қўшади.
Ҳаб президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилда БМТ, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга инсонпарварлик ёрдамларини марказлаштирилган ва мақсадли етказиб беришни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Термиз маркази БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг саккизинчи халқаро омборига айланди. Глобал тармоққа, шунингдек, Амман (Иордания), Дубай (БАА), Найроби (Кения), Аккра (Гана), Дуала (Камерун), Копенҳаген (Дания) ва Панама Сити (Панама) шаҳарларида жойлашган объектлар киради.
Ҳар йили ушбу инфратузилма орқали қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган ҳаётни қўллаб-қувватловчи асосий буюмлар (чодирлар, кўрпалар, ошхона жиҳозлари, дори-дармонлар ва бошқалар) етказилади.
Мавзуга оид

17:17 / 07.03.2025
Ўзбекистон ва яна беш давлат нацистларни улуғлашга уринишларни қоралади

19:00 / 04.03.2025
БМТ тадқиқоти ёшларда глобал руҳий саломатлик инқирозини аниқлади

22:19 / 03.03.2025
БМТ Халқаро судига янги раис сайланди

08:23 / 25.02.2025