Жаҳон | 09:51 / 13.02.2025
3946
2 дақиқада ўқилади

Суд Михаэл Шумахернинг оиласига нисбатан шантаж иши бўйича ҳукм чиқарди

Михаэл Шумахер оиласини шантаж қилиш бўйича асосий айбланувчи уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қолган икки судланувчи шерик сифатида олти ой ва икки йил шартли қамоқ жазосини олди.

Фото: Getty images

Машҳур германиялик пойгачи Михаэл Шумахер оиласига нисбатан шантаж иши бўйича суд жараёнида Вуппертал округ суди 12 феврал, чоршанба куни асосий айбланувчи, Вуппертал шаҳрида яшовчи 53 ёшли фуқарони уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бу ишда иштирок этган эркакнинг ўғли ҳам олти ой шартли қамоқ жазосини олди. Айбланувчи «Формула-1» бўйича етти карра чемпионнинг оиласини шантаж қилиб, 15 миллион евро олишга уринган, акс ҳолда шахсий сурат ва видеоларни чоп этиш билан таҳдид қилган.

Шунингдек, судлов маҳкамасида Шумахернинг Швейцариядаги вилласини кузатиш учун масъул бўлган хавфсизлик фирмасининг собиқ ходими ҳам бор эди. Судя Биргит Нойбер унга шартли равишда икки йиллик қамоқ жазосини берди.

SID агентлиги таъкидлаганидек, ҳукмда прокуратура талабларининг аксарияти акс этган. Айни пайтда, афсонавий пойгачининг рафиқаси Коринна Шумахер даъвоси талабларидан бири қондирилмади. У хавфсизлик компаниясининг собиқ ходимини тўрт йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Шумахернинг сўзларига кўра, бу одам шантаж уринишига имкон яратиб, фото ва видео материалларни ўғирлаган.

Шумахерлар оиласининг адвокати Тило Даммнинг маълум қилишича, ҳозирда унинг мижозлари суднинг барча хулосаларига қўшилмаяпти. Хусусан, улар қўриқлаш компаниясининг собиқ ходими жиноятчи эмас, балки фақат шерик бўлган деган фикрни рад этади. Адвокатнинг таъкидлашича, суд қарори устидан шикоят қилиш «эҳтимоли жуда катта».

2013 йилда Михаэл Шумахер чанғи учиш чоғида оғир мия жароҳати олди. У тирик қолди, аммо ўшандан бери омма олдида кўриниш бермади.

Мавзуга оид