Иқтисодиёт | 18:32 / 13.02.2025
5502
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси илк бор 13 000 сўмдан ошди

2025 йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 99,04 сўмга ёки 0,77 фоизга қадрсизланди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 14 февралдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 14,88 сўмга кўтарилиб, 13 003,95 сўмни ташкил қилди.

Bankers.uz қайд этишича, 2025 йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 99,04 сўмга ёки 0,77 фоизга қадрсизланган.

Пайшанба куни қатор тижорат банклари долларни 13 000 сўмдан қимматроққа сота бошлаган. Ориент Финанс банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Asia Alliance Bank шулар жумласидандир.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025–2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлишини прогноз қилган эди. Маълумотларга кўра, миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкин.

Марказий банк собиқ раиси Мамаризо Нурмуратов сўмнинг 1 фоизга қадрсизланиши инфляциянинг 0,3 фоиз пунктга ошишига олиб келишини таъкидлаганди.

2024 йил бошидан буён АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси қарийб 562,23 сўмга (ёки 4,56 фоизга) ошган.

Таққослаш учун, 2023 йилда миллий валюта долларга нисбатан 1113,31 сўмга (ёки 10,99 фоизга) қадрсизланганди.

Мавзуга оид