Мюнхенда намойишчиларни автомобил босиб кетди
Мюнхенда Mini Cooper русумли автомобил иш ташлаган бир гуруҳ ишчиларни уриб юборди. Камида 28 киши жабрланган. Бавария бош вазирига кўра, бу мақсадли ҳужум бўлгани тахмин қилинмоқда.

Фото: AFP/Getty Images
Жума куни Бавария пойтахтида хавфсизлик бўйича конференция бошланади, 10 кундан кейин эса бутун Германия бўйлаб парламент сайловлари ўтказилади.
«Айни вақтда 20 киши жароҳатланган, улардан бир неча нафарининг аҳволи оғир, баъзилари эса ҳаёт учун хавфли ҳолатда», — деган AFP мухбирига ўт ўчириш хизмати вакили Бернхард Пешке.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Mini Cooper русумли автомобил Verdi касаба-уюшмаларидан бўлган ва шу куни иш ташлашга чиққан ишчилар устига юриб кетган, воқеа жойига зудлик билан тез ёрдам машиналари етиб келган.
Verdi митинги Кёнигсплац майдонида ўтказилиши режалаштирилганди. Намойиш иштирокчилари маошлари ойига камида 350 еврога оширилишини талаб қилмоқда. Шу боис кўплаб муассасалар, жумладан, муниципал шифохона ҳам фаолиятини тўхтатган. Ҳозирда 450 та муниципал боғчалардан тахминан 253 таси тўлиқ ёпилган, 33 таси қисман фаолият юритмоқда.
Бавария вазири Маркус Зёдер Мюнхенда автомобил билан бўлган ҳодиса, катта эҳтимол билан қасддан амалга оширилган ҳужум бўлганини айтган.
Мюнхен полиция бошқармаси X ижтимоий тармоғида «автомобил ҳайдовчиси қўлга олингани ва хавф туғдирмаётгани» ҳақида хабар берди. Маълумотларга кўра, у 24 ёшли афғонистонлик. Расмийларга кўра, гумонланувчи полицияга ўғирлик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича маълум бўлган.
Мюнхен полицияси вакили Кристиан Ҳубер ҳужумдан олдин ва кейин нималар бўлгани ҳақида айтиб берган.
Унинг сўзларига кўра, касаба уюшмалари марши ортидан полиция машинаси ҳам кетаётган бўлган.
«Полиция машинаси орқасидан келаётган автомобил яқинлашиб келаётган эди. Кейин у қувиб ўтиб, тезликни оширди ва намойишчилар колоннасига етиб олди... Полиция ҳайдовчини қўлга олди. Автомобилга қарата битта ўқ узилган. Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинган. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳозирда камида 28 киши жабрланган, уларнинг баъзилари оғир аҳволда».
Ҳубернинг сўзларига кўра, жабрланганлар сонига аниқлик киритилмоқда. Машина ҳайдовчиси бошпана сўровчи мақомида бўлган.
Ҳодиса гувоҳлари Bild нашрига маълум қилишича, машина одамлар устига келиб урилган вақтда унда икки киши бўлган. Улардан бири полиция томонидан яраланган ва воқеа жойидан олиб кетилган.
Мюнхен полициясининг X ижтимоий тармоғидаги навбатдаги постида ҳайдовчи «қўлга олингани» айтилган, аммо ЙТҲда яна бир иштирокчи бўлгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаган.
Ҳодиса шаҳарда хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси бошланиши арафасида содир бўлди.
Икки кунлик йиғилиш қатнашчилари орасида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Украина президенти Володимир Зеленский ҳам бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 20 декабр куни Магдебургдаги рождество бозорига ташриф буюрувчиларни машина уриб кетиши оқибатида икки киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган, камида 60 киши жароҳатланган эди.
Мавзуга оид

12:45 / 10.03.2025
Германия темирйўл компанияси поездлар кечиккани учун 196,8 млн евро тўлади

10:27 / 10.03.2025
Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

23:28 / 08.03.2025
Германияда Мерц ва Шолц партиялари коалиция тузиш бўйича келишувга эришди

14:31 / 08.03.2025