Ирина Винер гимнастика бўйича Россия терма жамоасини тарк этди
Терма жамоани 24 йил бошқарган мураббийнинг Алина Кабаева билан можародан кейин шундай қарорга келгани таъкидланмоқда.

Фото: bricskazan2024.games
12 февраль куни Ирина Винер бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи лавозимидан кетишини эълон қилди, у 24 йил давомида терма жамоани бошқарди. Аввалроқ, BBC унинг Олимпия чемпиони ва ўз гимнастика академиясининг асосчиси, Владимир Путиннинг ҳамроҳи деб аталадиган Алина Кабаева билан можароси ҳақида ёзган эди.
Винер ўз қарори сабабларини изоҳламади ва фақат ўз олдида «янги, бундан кам бўлмаган муҳим вазифа – нафақат чемпионларни тайёрлаш, балки тўпланган тажрибани келажак авлод юлдузларини тарбиялайдиган мураббийларга бериш» борлигини айтди.
Бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши ҳозирча маълум эмас.
Ирина Винер 76 ёшда ва 2001 йилдан бери бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасига мураббийлик қилди. Унинг шогирдлари орасида Алина Кабаева, Юлия Барсукова, Ирина Чашчина, Маргарита Мамун каби бир қанча Олимпия чемпионлари бор. 2015 йилда спорт соҳасидаги хизматлари учун «Меҳнат Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган, 2024 йил май ойида «Ватанга хизматлари учун» ордени кавалери бўлган.

Ирина Винер 30 йил давомида миллиардер Алишер Усмоновнинг рафиқаси эди, улар 2022 йилда ажрашди. У «Единая Россия» партияси аъзоси ва бир неча бор сайловларда Владимир Путиннинг ишончли вакили сифатида ишлаган.
2025 йил январь ойида BBC нашри Винер ва унинг собиқ шогирди, Олимпия чемпиони, ҳозир мураббий ва бадиий гимнастика бўйича ўзининг «Небесная грация» академияси асосчиси Алина Кабаева ўртасидаги можаро ҳақида хабар берган эди.
Кабаева - Россия элитасининг жамиятдаги энг ёпиқ вакилларидан бири. Спорт карьерасини тугатгандан сўнг у Давлат Думаси депутати бўлган ва 2014 йилдан бери «Национальная медиагруппа» директорлар кенгашини бошқаради (бир нечта телеканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан «Первый канал»даги улушга эга) ва журналистларнинг фикрига кўра, Владимир Путиннинг яқин одамлари доирасига киради.
The Wall Street Journal нашри ва Россиянинг «Досье» маркази маълумотларига кўра, Кабаева Путиннинг энг кичик фарзандлари онаси: турли манбаларга кўра, уларнинг икки ёки уч нафар ўғли бор.

Украинадаги уруш бошланганидан кейин Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада, Швейцария ва Австралия томонидан Кабаевага қарши санкциялар жорий этилди ва у Россия президенти билан «яқин муносабатларга эга экани» билан изоҳланди.
2013 йилда Людмила Путина билан ажрашган Владимир Путин ҳеч қачон Кабаева билан яқин муносабатини тан олмаган. Кремль, шунингдек, уларнинг фарзандлари борлигини рад этади.
Уч йил олдин Кабаева «Сириус» кластерида (у 2014 йилда Владимир Путин ташаббуси билан ташкил этилган) ўзининг «Небесная грация» бадиий гимнастика уюшмаси ва академиясини ташкил қилди. Шундан сўнг Кабаева яна жамоатчиликка кўриниш бера бошлади.
«Небесная грация» академияси алоҳида мақомга эга бўлиб, ўз қоидалари бўйича мусобақалар ўтказиш, умумий қоидаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, спортчиларни нейтрал мақомда халқаро мусобақаларга юбориш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
2024 йил июль ойида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS спорт ўйинларида Кабаева академияси спортчилари алоҳида жамоа бўлиб, яъни алоҳида давлат вакиллари мақомида иштирок этди.

Ўйинлар давомида Кабаева ва Винер ўртасида ошкора можаро юзага келди, бунга гимнастикачилари чиқишларини баҳолаш сабаб бўлди. Унинг моҳияти бадиий гимнастика бўйича бош ҳакам Айсел Гасанованинг спорт вазири Дегтяревга йўллаган мактубидан маълум бўлди. Унинг версиясига кўра, ҳакамлар Винер билан боғлиқ бўлган спортчиларнинг балларини ошириб юборган ва бошқаларнинг, шу жумладан «Небесная грация» жамоаси балларини пасайтирган.
Натижада, BRICS ўйинларида кўпкураш бўйича биринчи ўринни Винер мураббийлигидаги Лала Крамаренко, иккинчи ўринни «Небесная Грация» жамоаси гимнастикачиси Мария Борисова эгаллади.
Винер ҳам, Кабаева ҳам воқеа ҳақида очиқ изоҳ бермади.
Ирина Винер ва Алина Кабаева ўртасидаги можародан сўнг, Спорт вазирлиги Винер 15 йил давомида бошқарган Бутунроссия бадиий гимнастика федерациясини тугатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Путин Винерни Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш кенгашидан чиқариб ташлади ва унинг ўрнига «Небесная грация» ижрочи директори Марина Шпехт тайинланди. Шундан сўнг Винерга фақат битта лавозим қолган эди: терма жамоа бош мураббийи.
Мавзуга оид

20:47 / 27.03.2025
Панама Россия ва Эрон «махфий флоти»га алоқадор 128 та кемадан рухсатномани қайтариб олади

20:42 / 27.03.2025
Европа давлатлари Россияга қарши санкцияларни юмшатишдан бош тортди

11:06 / 27.03.2025
Сеул: Шимолий Корея Россияга яна 3000 аскар юборди

09:00 / 27.03.2025