Жаҳон | 21:55 / 13.02.2025
7129
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хонга қарши санкциялар жорий этди

Ушбу прокурор Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилишида қатнашган эди.

Фото: icc-cpi.int

АҚШ Молия вазирлиги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хонни санкциялар рўйхатига киритди. Доналд Трамп АҚШ президентлиги лавозимига киришганидан кейин ХЖСнинг Вашингтон ҳамда унинг иттифоқчилари, жумладан, Исроилга қарши ҳаракатлари учун санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзоланган эди.

Карим Хон — 2021 йил 16 июндан бери Халқаро жиноий суд бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган британиялик юрист. Чекловга учраганларнинг активлари музлатилади ва уларнинг АҚШга кириши тақиқланади.

Доналд Трамп ХЖС «Америкага қарши ноқонуний ҳаракатлар қилгани» ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҳамда собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун «асоссиз ордерлар бериб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилгани»ни айтган. Халқаро жиноий суд ушбу қарорни қоралаган.

Шундан кейин Трамп Халқаро жиноий судга нисбатан санкциялар жорий қилди. 6 феврал куни имзоланган фармонга кўра, АҚШ фуқаролари ва иттифоқчилари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига нисбатан суд терговларини қўллаб-қувватловчи ХЖС расмийлари АҚШ молиявий ва виза чекловларига дучор бўлади.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бош котиби Агнес Калламар Трампнинг ХЖСга қарши санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қарорини «халқаро адолат тизимига ҳужум», деб атаган. «Исроил универсал ҳуқуқ тамойиллари ва халқаро адолатдан устун турадигандек сигнал юбориш, ўйланмай қилинган ҳаракатдир. Бу Трамп Исроил ҳукумати томонидан содир этилаётган жиноятларни маъқуллаши ва жазосизликни қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда», деган Калламар.

Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилишида асосий иштирокчилардан бўлган.

Мавзуга оид