Ўзбекистон | 20:49 / 13.02.2025
6310
5 дақиқада ўқилади

13 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ғиждувондаги хонадонда портлаган газ, Наманганда ушланган қора Gentra, ЎФА президентлигига номзоди кўрсатилган ДХХ раиси ва Олимпиада-2028 олдидан қўйилган вазифалар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон 2028 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтирмоқда

Президент Лос-Анжелесдаги 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади ва уларга вилоят ҳокимлари раҳбарлик қилади. Ҳар бир федерация олимпия цикли учун стратегия ишлаб чиқиб, уни Миллий Олимпия қўмитаси ҳузурида ҳимоя қилади.

Ёш спортчиларни тайёрлаш, селекция қилиш ва иқтидорли мураббийларни рағбатлантириш учун янги тизим яратилиши белгиланди. Спортда адолат, рақамлаштириш ва мураббий-спортчилар манфаатини ҳимоя қилиш мутасаддилар фаолиятини баҳолашда асосий мезон бўлади.

Ҳудудларда 56 та спорт мактаби олимпиада спорт турларига мослаштирилди ва улар миллий терма жамоалар учун асосий базасига айланади. Вилоят ҳокимларига ушбу мактабларни ётоқхона ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Спортчиларни Олимпиадага тайёрлаш учун 300 миллиард сўм ажратилади. Хорижий мутахассисларни жалб қилиб, спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги устувор вазифа қилиб белгиланди.

Лос-Анжелес—2028 Олимпия ўйинларида умумжамоа ҳисобида кучли ўнталикка кириш мақсад қилиб қўйилди.

ДХХ раиси ЎФА президентлигига номзод

22 феврал куни Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президентлиги учун сайлов бўлиб ўтади. Ушбу лавозимга Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов номзоди илгари сурилмоқда.

ЎФА уставига кўра, Конгресс ўтказилишидан камида 10 кун олдин аъзолар расман хабардор қилиниши керак. Шу муносабат билан 12 феврал куни барча аъзоларга расмий маълумот етказилган.

Шунингдек, ЎФА Сайлов кодексига мувофиқ, номзодларнинг расмий рўйхати матбуотда эълон қилиниши шарт. Ҳозирда ассоциация аъзолари томонидан Баҳодир Қурбоновнинг номзоди кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, январ ойининг охирида Абдусалом Азизов ЎФА президентлигидан кетган, шу пайтгача унинг вазифаларини Равшан Эрматов бажариб келаётган эди.

Ғиждувондаги хонадонда газ портлади

Ғиждувон туманида хонадонда газ тўпланиб қолиши натижасида портлаш содир бўлди. Газ чақнаши ёнғинга олиб келмаган, ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳодиса юзасидан берган расмий маълумотга кўра, воқеа 12 феврал куни Ғиждувон туманининг Гулистон маҳалласида рўй берган. Ҳодиса содир бўлган манзилга ФВБ ва ИИБ масъул раҳбарлари ҳамда 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган.

Дастлабки тахминларга кўра, уйда газ сизиб чиқиб тўпланган ва чироқ ёқилиши оқибатида ҳаво-газ аралашмаси чақнаши содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеолавҳаларда портлашдан сўнг хонадон эгаларидан бири кийимлари алангалаган ҳолда кўчага югуриб чиққанини кўриш мумкин.

Ҳодиса натижасида ёнғин юзага келмаган, ҳалок бўлганлар йўқ.

Наманганда пиёда ўлимига сабаб бўлган қора Gentra ушланди

Наманган шаҳрида 11 феврал куни давлат рақамисиз ҳаракатланган қора Gentra пиёдани уриб, воқеа жойидан қочган эди. Наманган вилояти ИИБ маълумотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Наманганда барча қора тусли Gentra автомобиллари жарима майдончасига олиб кирилаётгани хабар қилинган эди.

ЙҲҲБ томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида транспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси аниқланди. Маълум бўлишича, автомобилни Наманган шаҳрида яшовчи 28 ёшли фуқаро бошқарган. Ҳозирда ҳайдовчи ва транспорт воситаси тергов бўлимига топширилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, айни пайтда тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

95 фоиз аҳоли ичимлик сув билан таъминланади

Ўзбекистонда 2035 йилгача ичимлик сув таъминоти 95 фоизга етказилиши режалаштирилган, аммо мамлакат аҳолисини 100 фоиз тоза ичимлик сув билан таъминлаш имконсиз, деди "Ўзсувтаъминот" АЖ раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев.

Ҳозиргача 2017-2022 йилларда 68 та, 2023 йилда 200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. 2024 йилда 2,35 млрд долларлик ичимлик сув таъминоти лойиҳаси ишлаб чиқилган, аммо муаммо тўлиқ ҳал этилмаган.

Сувсиз қоладиган 5 фоиз ҳудудлар – олис ва тоғли жойлар бўлиб, уларни марказлашган тармоққа улаш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Шунинг учун бундай жойларда яшовчиларни сув ташувчи машиналар ва маҳаллий манбалар орқали таъминлаш режалаштирилган.

Мавзуга оид