Украина Болгариядан иккита ядровий реактор сотиб олиш бўйича келишувга эришди
Ушбу реакторлар совет даврида қурилиши бошланган АЭСга тегишли. Чернобил фожиасидан кейин Болгариядаги АЭСда фақат икки реактор қурилиб, қолган иккитаси лойиҳадан олиб ташланган эди.

Фото: bgnews.bulgar-rus
Украина парламенти Болгарияда қурилиши тугалланмаган АЭС реакторларини сотиб олишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди. Совет иттифоқи даврида қурилиши бошланган ушбу реакторлар Украинага Россия босиб олган Запороже АЭС йўқотишларини қисман қоплаш ва Россия ҳаво ҳужумлари натижасида зарарланган энергетика тизимини тиклаш имконини беради.
Реакторларни сотиш бўйича музокаралар 2023 йил ёзида бошланган. Украинанинг «Энергоатом» компанияси 2024 йил июнида уларни ўрнатишни режалаштирган, аммо тегишли қонун мавжуд бўлмагани учун жараён кечиккан. Лойиҳа баъзи депутатлар ва энергетиклар томонидан танқид қилинган, аммо 12 феврал куни Олий рада қонунни қабул қилди. Битимнинг аниқ суммаси эълон қилинмаган, аммо аввалроқ украиналик амалдорлар Болгария 600 миллион доллар сўрагани ҳақида гапирганди.
Ушбу реакторлар мамлакат ғарбидаги Хмелницкий АЭСига ўрнатилиши керак: станция тўрт реакторли лойиҳа сифатида режалаштирилган, аммо Чернобил АЭСдаги авария туфайли фақат икки реактор қурилиб, қолган иккитаси лойиҳадан олиб ташланган эди.
Болгариянинг «Белене» АЭСини қуриш совет даврида бошланган, 20 йиллик танаффусдан кейин «Росатом» бу ишларни қайта тиклаган, аммо 2012 йилда лойиҳа яна тўхтатилган. Россия бу лойиҳа учун 15 йилдан ортиқ курашган, жумладан, судлар орқали жамоатчилик фикрини ўз фойдасига ўзгартиришга уринган.
Айни пайтда Украинада атом энергетикаси электр энергиясининг 60 фоизини таъминламоқда. 2023 йил август ойида Россия ҳужумлари оқибатида Украинадаги иссиқлик генерациясининг 90 фоизи ва гидроэлектр энергия манбаларининг 40 фоизи йўқ қилинган.
Украина Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, Болгария реакторларидан биринчиси яқин 2-3 йил ичида ишга тушириш мумкин. Володимир Зеленский Олий раданинг бу қарорини Украина учун энергетик хавфсизлик борасида муҳим қадам деб баҳолади: «Тайёр реакторлар Украинага қиш ойларини электр импортисиз ўтказиш имконини беради».
Мавзуга оид

00:11
Лондонда Россия жосуслик тармоғи раҳбари 10 йилга қамалди

08:35 / 08.05.2025
Форишда кичик қувватли АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди

21:20 / 28.04.2025
“Агар эмас, қачонки...” — Лихачев Ўзбекистонда катта АЭС қурилиши ҳақида

00:46 / 28.04.2025