Спорт | 18:48 / 12.02.2025
8775
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 26 йилдан сўнг қишки Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди

Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида ўтаётган мусобақада фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзолари Дмитрий Чигирев ҳамда Екатерина Гейниш зафар қучди.

Фото: Yonhap

Ўзбекистон делегацияси 26 йиллик танаффусдан кейин қишки Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида ўтаётган мусобақада фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзолари Дмитрий Чигирев ҳамда Екатерина Гейниш жуфтлиги 176,43 балл жамғариб, энг яхши натижага эришди ва қишки Осиё ўйинлари чемпиони бўлди.

Иккинчи ўринни КХДР вакиллари Рём Тэ Ок ва Хан Кум Чол қўлга киритди. Япониялик Юна Нагаока ва Сумитада Моригучи учинчи бўлди.

Бу Ўзбекистон спортчиларининг ушбу Осиё ўйинларидаги биринчи медали бўлди. Умумжамоа ҳисобида Хитой 31 олтин, 26 кумуш ва 22 бронза билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистонликлар (1-0-0) Жанубий Корея (12-13-12), Япония (7-7-13) ва Қозоғистондан (3-7-5) кейин бешинчи ўринда бормоқда.

Ҳарбин-2025 ўйинлари 14 февралда якунланади.

Ўзбекистон спортчилари илгари олтин медални 1999 йилда Жанубий Кореянинг Кангвон шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида қўлга киритган. Фигурали учишда Татьяна Малинина яккалик баҳсларида биринчи бўлган эди.

Мавзуга оид