Ўзбекистон | 20:58 / 12.02.2025
3543
5 дақиқада ўқилади

12 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Комил Алламжоновга суиқасдда айбланганларга ҳукм, менингитга қарши эмлашни бекор қилмаган Саудия ва энди 5 йилга сайланадиган маҳалла раислари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Алламжоновга суиқасдда айбланган 10 киши қамалди

12 феврал куни Ўзбекистон Ҳарбий судида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахсга нисбатан суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, Шуҳрат Расулов 23 йил, Жавлон Юнусов 18 йил-у 6 ой, Шоҳрух Аҳмедов 23 йил, Исмоил Жаҳонгиров 23 йил ва Дониёр Тошхўжаев 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Яна 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев ишдан кетганидан бир ҳафта ўтиб, декабр ойи бошида қўлга олинган эди. У жиноятни яширишга уриниш ва тергов жараёнига халақит қилишда гумонланганди. Дониёр Тошхўжаев кўп йиллар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020-2022 йилларда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи бўлган, 2024 йил ноябрида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилганди.

23 йилга қамалган Президент давлат хавфсизлик хизмати ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Шуҳрат Расулов Комил Алламжоновга суиқасднинг асосий буюртмачиси сифатида қўлга олинганди.

Жавлон Юнусов — иш бўйича исми очиқ эълон қилинган ягона айбланувчи бўлганди. ОАВ маълумотига кўра, у суиқасд буюртмачиси ва ижрочилар ўртасида воситачилик қилган бўлиши мумкин.

Комил Алламжонов: «Ҳақиқат икки букланса ҳам синмади»

Президент администрациясининг собиқ расмийси Комил Алламжонов ўз шахсига қаратилган суиқасд иши бўйича суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг ички кечинмалари билан бўлишди.

У ўз баёнотида ота-боболарининг дуолари, охирги беш ой ичида ўзи ва яқинлари бошидан ўтказган синовлар ҳамда ҳақиқатнинг барибир юзага чиқиши ҳақида тўхталди.

«Ҳақиқат эгилганда эгилиб, букилгандаям икки букилиб барибир синмади, у барибир юзага чиқди. Юзага чиқади ҳам», деб ёзган Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Алламжонов ҳақиқатни ёритиш ва синовлардан мардлик билан ўтиш ниятида эканини билдириб, «Яратгандан қочиб бўлмаслиги», «Олдинда қиладиган ишлар кўплиги» ҳақида ёзди.

«Илоҳим буларнинг ҳаммасидан ёруғ юз билан ўтиш насиб қилсин», деб якунлаган у ўз фикрини.

Ҳаж ва Умрада менингитга қарши эмланиш талаби ўз кучида

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратига борувчилардан менингитга қарши эмланганлик ҳақидаги ҳужжат талаб қилиниши бекор этилмаган, деб маълум қилди Санэпидқўмита. Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам бу талаб ўз кучида эканини тасдиқлади.

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда энди Ҳаж ва Умра зиёрати учун вакцина сертификати талаб қилинмайди, мазмунидаги хабарлар тарқалган эди. Лекин Санэпидқўмита бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги менингитга қарши эмланганлик Ҳаж ва Умра зиёратчилари учун мажбурий эканини расман тасдиқлаган. Шунингдек, турфирмалар зиёратчиларни олиб боришда мазкур сертификатни талаб қилишлари шарт.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил февралдан бошлаб Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун борувчилардан менингитга қарши эмланганлик сертификати талаб этилиши расман эълон қилинганди.

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди

Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилди. Бу ҳақда тегишли қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда қайд этилган.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» ва «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида» қонунларига киритилган ўзгартишлар асосида, бўшаб қолган ўринларга ҳам 5 йил муддатга раислар сайланиши белгиланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фуқаролар йиғинлари сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул комиссияларнинг ваколатлари аниқлаштирилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Аммо бугунги кунда 3 йил муддатга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатларини белгиланган муддат охиригача бажаради. Яъни уларнинг ваколат муддати автоматик 5 йилга узайтирилмайди.

Мавзуга оид