“Ўзатом” раҳбари: Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузилади
Ўзбекистонда атом энергетикаси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, жумладан, Жиззах вилоятида кичик атом электр станциясини қуриш бўйича халқаро консорциум ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Қайд этилишича, келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилади. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, жами генерацияда “яшил энергия” улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Йиғилишда иштирок этган “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев “Ўзбекистон 24” телеканалига интервю берди. У келтирган маълумотларига кўра, 2040 йилга бориб жаҳон электр энергияси ишлаб чиқаришида атом энергетикасининг улуши ҳозирги 9 фоиздан 25 фоизгача етиши мумкин.
“Ўзатом” раҳбари ўтган йили Ўзбекистон “Росатом” билан Жиззахда 330 МВт қувватга эга кам қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича шартнома тузилганини ҳам эслаб ўтди.
“Президентимиз ушбу лойиҳа турли халқаро тузилмалар иштирокида халқаро характерга эга бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади”, — деди у.
Таъкидланишича, қурилишда Россия технологияларидан ташқари Хитойнинг ноядро технологиялари, Европанинг турли дастурий таъминот ва аппарат воситаларини ҳам қўллаш режалаштирилган.
“Шу йўл билан биз энг замонавий технологиялар ёрдамида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун халқаро консорциум ташкил қиламиз”, — деди Аҳмадхўжаев.
Лойиҳада сув сарфини камайтириш мақсадида Венгрия ёки Хитой ишлаб чиқарувчиларининг қуруқ совиткичлари ҳам ишлатилиши мумкин.
Шунингдек, “Ўзатом” агентлиги MAGATE билан малакали кадрлар тайёрлаш ва мамлакатда атом энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиққан.
Аҳмадхўжаев давлат раҳбари томонидан шу каби лойиҳаларни амалга оширишнинг бошқа шаклларини ҳам кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилганини таъкидлаб ўтди.
Мавзуга оид

21:20 / 28.04.2025
“Агар эмас, қачонки...” — Лихачев Ўзбекистонда катта АЭС қурилиши ҳақида

00:46 / 28.04.2025
Хитой атом энергетикаси соҳасида дунёда етакчига айланди

22:04 / 23.04.2025
Ўзбекистон Хитойга Жиззахдаги АЭС лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилди

17:06 / 23.04.2025