40 хонали катта бино – Навоий туғилган кунда унинг музейига бориш нега ноқулай?
Тошкентдаги 1 асрлик энг катта музейлардан бири – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи. Унда Навоийдан тортиб замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг ижод маҳсули, архивлари сақланади. Бинонинг эскиргани ташқи томондан унча сезилмаса ҳам, ичкарига кирган киши буни дарҳол пайқайди. Деворлардаги бўёқлар кўчиб тушган, хоналар совуқ, ёруғлик жуда паст. Kun.uz мухбири 9 феврал, Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан музей биносидан репортаж тайёрлади.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчаси 69-бино олдида бир қўлида китоб ва бир қўлини иягига қўйганча ўйчан турган қиёфадаги ҳайкал бор. Бу Алишер Навоий ҳайкали. Унинг ортида эса сариқ ва оқ аралаш 4 қаватли бино – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи турибди.
Музейга киришингиз билан совуқ ҳароратни дарров сезасиз. Навоий туғилган кун 9 феврал, қишда экани инобатда олинса, музейга қалинроқ кийиниб борганингиз маъқул. Чунки 4 қаватли 40 хонадан иборат бу музейни бирма-бир айланиб чиқиш учун камида 2 соат вақтингиз кетади. Музейда эса айни кунларда иситиш тизими ишламаяпти. Музей ходимлари ҳам хонасида қўшимча иситиш қурилмаларини улаб қўйишган. Музейнинг ўзи эса анча эскириб қолгани бир қарашда кўзга ташланади.
Музей биноси 1933-1936 йилларда классик усулда қурилган. Бу ерда 70 мингга яқин ашё сақланади. Унда фақат Навоий эмас, бутун ўзбек адабиёти намояндалари билан танишасиз. Улар орасида кўпчиликка таниш бўлмаган адиб, шоирлар ҳам талайгина. Музей қуйидаги бўлимларга ажратилган: «Темурийлар даври ўзбек маданияти ва адабиёти тарихи»; «Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди»; «Бобур ва бобурийлар даври ўзбек адабиёти тарихи»; «17–19-асрлар ўзбек адабиёти тарихи»; «20-аср ўзбек адабиёти тарихи». «Қардош халқлар адабиёти», «Ўзбек халқ оғзаки ижоди» хоналари.
Алишер Навоий кўп қиррали ижодкор – шоир, мутафаккир, жаҳон адабиётининг етук сиймоларидан бири, давлат арбоби, файласуф бўлган. У 1441 йил 9 феврал куни Хуросон давлатининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилган. Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил бу ерда танишишингиз мумкин.
Музейнинг биринчи қаватида қўлида китоб тутиб турган оқ рангдаги Навоий ҳайкали турибди. Ҳайкал ёнидан ўтиб, шоир учун ажратилган залларни айланиб чиқишингиз мумкин.
Залларда дастлаб темурий шаҳзодалар расмлари ва улар қурган салтанатга оид маълумотлар, экспонатлар жойлаштирилган. Кейин Навоий устозлари, замондошлари, ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик йилларига оид маълумотлар бериб борилган.
Биринчи қаватнинг ўзида Навоий учун 7-8 хона ажратилган. Хоналар жуда кенг. У ерда шоир асарларининг илк қўлёзмаларидан тортиб, 21-асрда нашр этилган бир неча томли китобларигача жойлаштирилган. Хоналарда ижодкор асарлари қаҳрамонларини эслатувчи расмлар чизилган. Бу ташриф буюрувчини зериктириб қўймайди.
Иккинчи қаватдан ҳам Навоий ижодига оид экспонатлар жой олган. Музейда йиғилган 2 мингдан ортиқ қўлёзма 20-асрнинг 70-йилларида халқ орасига уюштирилган экспедициялар натижасида жамланган. Маълумотларга кўра, музейга Париж миллий кутубхонаси, Истанбул Тўпқопи саройи кутубхонаси, Оксфорддаги Бодли кутубхонаси ва Ҳиндистондаги фондларда сақланаётган қўлёзмаларнинг микрофилмлари, китобат санъати ва Шарқ миниатюралари ноёб намуналарининг рангли слайдлари олиб келинган.
Музей қўлёзмалар фондида умумий сони 1000 дан ортиқ қўлёзмалар, 2000 га яқин босма китоблар сақланади. Бу, асосан, ўзбек мумтоз адабиёти намуналаридан иборат (Маҳмуд Замаҳшарийнинг «Муқаддамат ул-адаб» асарининг дунёда ягона тўрт тилли қўлёзмаси, Бобурнинг «Мубаййин» асари, Абдураҳмон Жомийнинг «Куллиёти» ва б.). 2001 йил музей қўлёзмалар фонди яна бир ноёб манба билан бойиди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асарининг 17-асрда кўчирилган нодир нусхасини музейга ҳадя қилган.
Қаватнинг бир бурчагида рамзий маънодаги Навоий ижодхонаси ясалган. Зал бўйлаб юраверсангиз, унинг Афғонистонда қолган мақбараси макетига кўзингиз тушади.
Учинчи қаватга кўтарилишингиз билан, сизни Бобур ҳайкали кутиб олади. Бу ерда Бобур ижоди билан яқиндан танишасиз. Кузатувчи бу қаватда, Бобур замони ва ундан кейин 19-асргача ижод қилган адиблар, шоир ва ёзувчилар билан танишади. Улар орасида Аваз Ўтар, Машраблардан тортиб, Увайсий Нодиралар ҳаёти ва ижоди билан танишиш мумкин. Шунингдек, хоналарда ўз даврига оид кийимлар ва турли буюмларни учратасиз.
Тўртинчи қават эса жадидлар давр намояндалари билан бошланиб, бахшилар-у, замонавий ўзбек адабиёти намояндалари экспонатларидан ташкил топган. Ўзбек адибларининг архивини тавсифлаш бўлимида миллий уйғониш даврининг етук сиймолари – Беҳбудий, Фитрат, Сўфизода, Ҳазиний, Ҳамза, Чўлпон ва бошқалар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи материаллар (картина, турли иншоотлар макети, китоб, қўлёзма нусхалари, дастхатлар ва бошқалар) бор. Кейинги залларда эса Абдулла Қодирий, Айний, Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода ва каби улкан адабиёт намояндалари ҳақида кўргазма материаллари жойлашган.
Расмлардан ҳам сезган бўлсангиз керак, музей анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Хоналарда девор бўёқлари кўчиб тушган, хоналарнинг ўзи эса яхшига совуқ. Музейга имкон қадар қуёш яхши нур сочиб турган пайтда бориш керак, чунки хоналардаги чироқлар экспонатларни яхши ёритмайди. Бу ташриф буюрувчига ноқулайлик туғдириши мумкин.
Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид

11:50 / 22.02.2025
“Титаник” чекув хонасидаги олтин қандил АҚШда музейга қўйилди

14:10 / 08.02.2025
Навоийда Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда

01:32 / 26.01.2025
Нидерландияда музейдан намойишга қўйилган Руминия хазиналари ўғирлаб кетилди

14:12 / 11.01.2025