Ўзбекистон | 20:30 / 11.02.2025
4464
5 дақиқада ўқилади

11 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда музламада ёнбошлаб қолган автобус, йўл ҳаракати қоидаларини бузган 40 минг ҳайдовчи, электрон тизимга ўтаётган шифокорлар қабули ҳамда маҳаллийчилик қилиб 10 суткага қамалган талаба қиз — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Самарқандда автобус музламада ёнбошлаб қолди

Самарқандда қор ва музлама туфайли йўловчи автобуси автофалокатга учради. Жомбой шаҳарчасидан Тошкентга йўлга чиққан автобус М39 йўлидаги темирйўл ўтказгичига чиқиш пайтида музламада тойиб кетиб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, ёнбошлаб қолган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда автобуснинг пачақ бўлгани ва бир неча деразалари сингани кўринади. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бир неча йўловчи турли даражада тан жароҳати олган.

ЙҲХХ маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча жабрланганлар тўғрисида расмий ахборот берилмаган.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган 40 минг ҳайдовчи

Ўзбекистонда 2024 йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузган 26 мингдан ортиқ ҳайдовчи жабрланувчиларга енгил тан жароҳати етказган ёки катта моддий зарар келтиргани учун жазоланди.

Олий суд маълумотига кўра, жами 40 минг 119 ҳайдовчига нисбатан 39 минг 270 та иш кўриб чиқилган. Уларнинг 26 минг нафарига жарима ёки ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби маъмурий жазолар қўлланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 2203 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши тан жароҳати олган.

Маҳаллийчилик қилган талаба 10 суткага қамалди

Тошкентликларни ҳақорат қилган видеолавҳа тарқатган 25 ёшли талаба қиз 10 суткага қамалди. У ижтимоий тармоқларда пойтахт аҳолисини уятли сўзлар билан ҳақорат қилган видеони жойлаштирган. Суд жараёнида у такси ҳайдовчисининг маҳаллийчилик оҳангидаги гапидан жаҳли чиқиб, шу тарзда жавоб видеосини тарқатганини айтиб, қилмишига пушаймонлигини билдирган.

Маълумотларга кўра, талаба қиз Инстаграмдаги аккаунти ёпиқ эканини ва видеони 5 дақиқада ўчирганини айтган.

Лекин видео скриншотлар орқали тарқаб кетган. Суд уни майда безориликда айбли деб топиб, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддасига асосан 10 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Хонадонида шер боласини сақлаган фуқаро

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний сақлаб келган фуқаро аниқланди.

Экология бошқармаси, ички ишлар бўлими ва Миллий гвардия ходимлари ўтказган текширув давомида фуқаронинг тегишли рухсатномасиз ёввойи ҳайвонни боққани тасдиқланди. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддаси 1-қисми асосида ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилди.

Шер боласи вақтинчалик ҳайвонот боғига жойлаштирилди. Суд қарори эълон қилингач, ҳайвоннинг кейинги тақдири ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Шифокор қабули электрон тизимга ўтади

Ўзбекистонда 2025 йилдан шифокор қабулига навбат тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Бу давлат дастури доирасида тиббиёт тизимини босқичма-босқич трансформация қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик ва маҳалла тиббиёт пунктларида бирламчи тиббий ёрдамни самарали ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиникалар марказий шифохоналарнинг маслаҳат-диагностика бўлимлари сифатида ишлайди.

Стоматология хизмати аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади. Марказлашган лабораториялар ташкил қилиниб, санитария-гигиена назорати кучайтирилади. Шунингдек, вилоят даражасидаги ихтисослаштирилган тиббий муассасалар кўп тармоқли клиникаларга айлантирилади.

Атроф-муҳит зарари учун мажбурий суғурта жорий этилади

Ўзбекистонда корхоналар учун атроф-муҳитга етказилган зарарни мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилади. Президент фармонига кўра, 1 августдан I ва II тоифадаги корхоналарни экологик тоза ишлаб чиқаришга ўтишга рағбатлантирувчи янги тартиб амалга киритилади.

Шунингдек, Экология вазирлиги 1 ноябрга қадар мажбурий экологик суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.

Янги тизимга кўра, атроф-муҳитга зарар етказган корхоналар ҳаво, сув ёки тупроқни ифлослантирган ҳолларда, суғурта компаниялари оқибатларни бартараф этиш учун молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олади. Табиий муҳит хавфи юқори корхоналар кўпроқ суғурта бадали тўлайди, бу эса тоза технологиялар ва модернизацияни рағбатлантиради.

Мавзуга оид