Жаҳон | 17:35 / 10.02.2025
2987
2 дақиқада ўқилади

Европа давлатлари Россия нефтлари ортилган танкерларни тутиб қолишни режа қилмоқда — Politico

Санкциялар остидаги Россия нефтининг қарийб ярми Фин кўрфази орқали ўтади. Экспертларга кўра, ЕИнинг бундай қарори РФни жавоб чораларини кўришга ундаши мумкин.

Фото: AFP

Европа давлатлари Болтиқ денгизи орқали Россия нефтини ташиётган танкерларни тутиб қолиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бунинг учун юридик асос тайёрланяпти. Бу ҳақда Politico европалик дипломат ва амалдорларга таяниб хабар берди.

Муҳокама қилинаётган таклифлар орасида атроф-муҳит ёки қароқчиликка қарши курашиш баҳонасида кемаларни тортиб олиш учун халқаро ҳуқуқдан фойдаланиш ҳам бор. Бошқа бир ҳолатда эса мамлакатлар кемаларни кўпроқ тутиб қолиш учун ўзларининг миллий қонунларига таянган ҳолда мустақил иш кўришлари ҳам мумкин.

Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна сўзларига кўра, санкциялар остидаги Россия нефтининг қарийб ярми Фин кўрфази орқали ўтади. Унинг таъкидлашича, Болтиқ денгизида танкерлар ҳаракати туфайли сувости кабелларининг узилиши ва экологик хатар юзага келаётган ҳолатлар мавжуд.

«Энди савол туғилади, бу кемалар билан нима қилишимиз мумкин? Биз бутун денгизни блоклаб қўя олмаймиз, аммо катта қисмини назорат қилса бўлади. Кўплаб имкониятлар мавжуд», — дейди у.

Эксперт ва мутахассисларнинг айтишича, ушбу режаларни амалга ошириш осон бўлмайди. Уларнинг ҳисоблашича, бу Россияни жавоб чораларини кўришга ундайди, ортиқча молиявий харажатларни юзага келтиради ва логистикани қийинлаштиради.

Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари марказининг Россия—Европа йўналиши раҳбари Айзек Левининг маълум қилишича, 2024 йилда Болтиқ портлари орқали соядаги флотнинг 348 та кемаси ҳаракатланган — бу Россия томонидан сотилаётган жами нефт ҳажмининг 40 фоизи демак.

Мавзуга оид