БМТ Трампнинг фаластинликларни кўчириш режасини ноқонуний деб топди
Нави Пиллэйнинг айтишича, фаластинликларнинг мажбурий кўчирилиши халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва этник тозалашга тенг бўлади.

Фото: Dawoud Abu Alkas/REUTERS
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни кўчириш режаси халқаро қонунларга зиддир. Бу фикрни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тузилган Фаластин ҳудуди бўйича мустақил комиссия раиси Нави Пиллэй 9 феврал, якшанба куни чоп этилган Politico нашрига берган интервюсида билдирди.
«Трамп халқаро ҳуқуқ масалаларини ниҳоятда ёмон тушунади. Босиб олинган ҳудудда яшовчи бир гуруҳ одамларни мажбуран кўчириш халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш ҳисобланади ва этник тозалаш билан баробардир», — дейди у. Пиллэйнинг фикрича, Трампнинг Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ва уни АҚШга топшириш ғоясини амалга оширишнинг «қонуний йўли» йўқ.
Руандадаги геноцид ишини кўрган собиқ Халқаро жиноий суд (ХЖC) ва махсус суд судяси Пиллэй Трампнинг Америка фуқаролари ва АҚШнинг Исроил каби иттифоқчиларига нисбатан тергов ҳаракатлари туфайли ХЖС расмийларига нисбатан санкцияларини қоралади. «Халқаро ҳуқуқ икки томонлама стандартларсиз, давлатнинг дўстларига нисбатан бир хилда амал қилади», деди Пиллэй.
Трампнинг Ғазо сектори бўйича режаси дунё давлатларида танқид қилинди
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ва қирғоқ чизиғини Америка назорати остига олиш таклифи кўплаб мамлакатларда танқид қилинди. Хусусан, у Германия Бундестагидаги ҳукмрон коалиция ва мухолифат томонидан танқид қилинди. 5 феврал куни Германия Социал-демократик партияси (ГСДП)нинг ташқи сиёсат бўйича эксперти Нилс Шмиднинг айтишича, Трампнинг Ғазо сектори ҳақидаги ғоясини «мутлақо қабул қилиб бўлмайди».
Бундай ҳаракат «халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ва икки миллион фаластинликни ўз ватанидан маҳрум қилишдир», деди у Reuters агентлигига. Социал-демократ Исроилнинг хавфсизлиги ҳамда фаластинликларнинг эркинлик ва қадр-қимматда яшаш ҳуқуқи фақат икки давлатнинг тинч-тотув яшаши асосидаги можарони ҳал қилиш орқали кафолатланиши мумкинлигини таъкидлади. «Биз европаликлар, араб дунёсидаги ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу тамойилга амал қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди у ҳамда Германия, Франция, Иордания ва Миср ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ўтказишга чақирди.
Ўз навбатида, Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) мухолифатдаги фракцияси раиси ўринбосари Йоханн Вадефул «Трампнинг Яқин Шарқ сиёсатидаги кутилаётган бузғунчи унсурлар» ҳақида гапирди. У АҚШнинг Ғазо сектори келажаги ва уни қайта қуриш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш мажбуриятини олқишлади. Шу билан бирга, можарони халқаро ҳуқуқ асосида ҳал этишнинг ҳақиқий сиёсий ечимига эришиш муҳим, деди у.
Мавзуга оид

01:10
Трамп: Украина АҚШ ёрдами билан ҳам омон қолмаслиги мумкин

19:14 / 09.03.2025
Тинчлик металлари: АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги ресурс келишувининг нимаси ғалати?

01:44 / 08.03.2025
«Унинг ўрнида ҳар ким ҳам шу ишни қилган бўларди» — Трамп Украинани бомбардимон қилаётган Путин ҳақида

20:41 / 07.03.2025