Жаҳон | 14:49 / 10.02.2025
1638
2 дақиқада ўқилади

Берлинда - Германия сиёсатидаги ўнг бурилишга қарши юриш

Германия пойтахтида эркин демократлар штаб-квартирасидан ХДИ федерал офисигача юриш бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг айтишича, уларнинг мақсади «ХДИ штаб-квартирасида ўнг популизм ўчоғига қарши курашиш».

Фото: DW

Берлинда Германия сиёсатидаги ўнгга бурилишга қарши юриш бўлиб ўтди. Акцияга бир неча юз киши қўшилди, деб хабар берди DW мухбири 9 феврал, якшанба куни.

Марш Берлин марказий вокзали яқинидаги Эркин демократик партия (ЭрДП) қароргоҳида бошланди. Оломон "Фридрихштадтпаласт" (Friedrichstadt-Palast) мусиқали театри биноси ёнидан ўтди. Маршнинг якуний манзили консерватив Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) федерал офиси бўлди.

Унинг миграция қонунларини тубдан қаттиқлаштириш ҳақидаги резолюцияси 29 январ куни Бундестагда ўтказилган овоз беришда ўнг популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Намойишчиларнинг айтишича, уларнинг мақсади «ХДИ штаб-квартирасида ўнг популизм ўчоғига қарши курашишдир».

«Сиз олов ёқасиз, биз уни ўчирамиз»

Келганларнинг баъзилари «Сиз олов ёқасиз, биз уни ўчирамиз», «Девор ўрнига кўприклар», «Муаммо миграцияда эмас», «ГуМни ҳозир тақиқланг» деган шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олди. Саҳнадан улар вақти-вақти билан: «Фашизмга ўрин йўқ!» дея қичқирди.

Иштирокчилар орасида ёшлар кўп эди, болали оилалар ҳам келди. «Биз Германиянинг ўнгга силжишига қарши бўлганимиз учун шу ердамиз», деди намойишчилардан бири DW нашрига.

Кечқурун Берлиндаги Байеришер плац майдонида «нафрат ва ташвиқотга қарши – демократия ва инсоният учун чироқлар ҳалқаси» ёқилди.

«Бундестаг сайловлари арафасида биз зулматга ёруғлик киритмоқчимиз. Бизнинг шаҳримиз ёруғлигича қолмоқда. Шундай экан, чироқларингизни ўзингиз билан олиб келинг», — дея чақирди DemokraTEAM'дан ташкилотчилар.

Мавзуга оид