Ўзбекистон | 01:58 / 09.02.2025
6304
1 дақиқада ўқилади

Cyber university давлат университетига ректор тайинланди

Шуҳрат Қаюмов Cyber university давлат университети ректори этиб тайинланди. Мазкур олийгоҳ президент қарори билан январ ойида ташкил этилган.

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Шуҳрат Қаюмов Cyber university давлат университети ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Шуҳрат Қаюмов 1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент давлат техника университетини ва 2008 йилда Япониянинг сиёсий тадқиқотлар институтини тамомлаган.

Фаолияти даврида Вазирлар Маҳкамаси ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментида, Тошкент ахборот технологиялари университетида турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у олий ва ўрта таълим вазири ўринбосари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилиши тўғрисида январ охирларида хабар берилганди. Мазкур олийгоҳ киберхавфсизлик, рақамли технологиялар, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимларни яратиш, робототехника ва бошқа турдош соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Мавзуга оид