Жаҳон | 13:00 / 08.02.2025
1422
2 дақиқада ўқилади

Шолц даврида Германия Меркел давридагидан 65 фоизга кўпроқ қурол сотди

Германия Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, Шолц ҳукумати тахминан 39 миллиард евролик қурол экспортини тасдиқлаган. Бу Меркел ҳукумати давридагидан 65 фоизга кўп.

Фото: Fabian Bimmer/Getty Images

Олаф Шолц бошчилигидаги Германия ҳукумати канцлер Ангела Меркел бошчилигидаги аввалги кабинетга қараганда анча катта ҳажмдаги қурол ва ҳарбий техника экспортини тасдиқлади. 2021 йилнинг октябридан 2024 йилнинг декабригача Берлин умумий қиймати 39 миллиард еврога тенг экспорт лицензияларини берди, 2018 йилдан 2021 йилгача бу кўрсаткич 23,6 миллиард еврога тенг эди. Бу маълумотлар Германия Иқтисодиёт вазирлигининг 7 феврал, жума куни ахборот агентликлари томонидан эълон қилинган "Сара Вагенкнехт иттифоқи"дан Бундестаг депутати Севим Дагделеннинг парламент сўровига жавобида келтирилган.

Энг катта ўсиш Европа Иттифоқи ва НАТОдан ташқаридаги мамлакатларга қурол экспорти бўлиб, 10,8 миллиард евродан 25,5 миллиард еврогача бўлган. Шу билан бирга, учинчи мамлакатларга етказиб беришнинг энг катта улуши — 14,8 миллиард евро — учинчи йилдирки Россиянинг кенг кўламли босқинига қарши курашаётган Украинага тўғри келди. Европа Иттифоқи ёки НАТО мамлакатларига қурол етказиб бериш учун рухсатномалар сони деярли ўзгаришсиз қолди.

Севим Дагделен бу рақамларни Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) ва «светофор коалицияси» парчаланганидан кейин 23 февралга белгиланган навбатдан ташқари парламент сайловларига қадар Германия ҳукуматида ишлашда давом этаётган «Иттифоқ-90/«яшиллар» партияси томонидан «муваффақиятсизликни сиёсий тан олиш» деб билишини айтди. «Германия ташқи сиёсати ўзининг асосий вазифасини ҳарбий можароларни дипломатия йўли билан ҳал қилишдан кўра, қурол-яроғ етказиб бериш, иқтисодий санкциялар ва душман образини тарқатиш орқали қўллаб-қувватлашда кўрмоқда», — дея таъкидлади Дагделен.

Мавзуга оид