Уятсиз-бузуқларга учраётган болалар ёхуд “шилқимлик” ниқобида жиноятдан қутулиб қолаётган катталар: суд ва прокуратура қаёққа қараяпти?
Асакада 13 ёшли қизга шилқимлик қилган эр-хотин иши ОАВ эътиборига тушгач прокуратура суд қарори қонунийлигини ўрганди ва протест киритди. Аммо сўнгги 3 ойда ҳудудларда вояга етмаган қизларга шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ ўнга яқин ҳолат кузатилган. Уларнинг барчасида шилқим эркаклар маъмурий жазо билан қутулган. Олий суд пленумининг тегишли қарорида эса 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик Жиноят кодексининг 129-моддаси билан квалификация қилиниши белгиланган.
Асака воқеаси очиб берган туйнук
Асака туманида 13 ёшли қўшни қизга пул эвазига жинсий алоқада бўлиш таклифини берган эр-хотин иши судда тафтиш тартибида қайта кўриладиган бўлди. Ҳолат ОАВ эътиборига тушганидан сўнг Бош прокуратура маъмурий иш бўйича чиқарилган суд қарорлари қонунийлигини ўрганди.
Ўрганиш натижасига кўра, Бош прокуратура томонидан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2024 йил 10 декабрдаги ҳамда Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 декабрдаги қарорларига нисбатан тафтиш тартибида протест келтирилган.
Минг афсуски, Асакадаги ҳолат ҳозирча ягона эмас. Жамоатчилик хабар топмагани ортидан судда ими-жимида “маъмурий” бўлиб кетган жиноятлар талайгина. Биргина сўнгги 3 ойда республиканинг турли ҳудудларида вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ ўнга яқин ҳолат кузатилган. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
1-ҳолат: Музработ тумани
Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 35 ёшли З.Э. вояга етмаган қўшни қизга шаҳвоний шилқимлик қилган. Ҳолат 2025 йилнинг 31 январ куни содир бўлган.
Суд қарорида келтирилишича, З.Э. ўша куни соат 12:00 ларда вояга етмаган қўшни қизни уйига чақириб олган ҳамда унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган. Судда З.Э. айбига иқрорлик билдирган ҳамда ўз яшаш уйида вояга етмаган Н.Х.нинг юзидан ўпганини, қилмишидан пушаймонлигини айтган.
Жабрланувчининг қонуний вакили судда вояга етмаган қизини қўшниси З.Э. ёнига чақириб олиб, уни қучоқлаб ўпганини ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилганини билдирган. Шунингдек, З.Э.га нисбатан қонун доирасида чора кўришни сўраган.
Суд қарорида вояга етмаган қизнинг ёши кўрсатилмаган. Аммо ҳужжатда келтирилган иш тафсилоти мазмунидан қиз 16 ёшга тўлмаганини тушуниш мумкин.
Қарорда эркакнинг айби маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, жиноят ишини қўзғатишни рад этиб, маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор, дастлабки суриштирув даврида ва судда берган кўрсатуви билан ўз тасдиғини топгани келтирилган. Шунингдек, суд дастлабки суриштирув органи томонидан З.Э.нинг шаҳвоний шилқимлик қилишда ифодаланган ҳаракати МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2025 йил 4 февралдаги қарори билан эркак 3 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
Ишни тергов судяси Шерзод Йўлдошев кўрган.
2-ҳолат: Учтепа тумани
Ушбу ҳолатда 47 ёшли эркак 14 ёшли қизга машина ичида шаҳвоний шилқимлик қилганини кўриш мумкин. Аммо суд унга маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш билан кифояланган.
Суд қарорида келтирилишича, 1978 йилда туғилган Л.К. 2025 йил 31 январ куни бошқарувидаги “Матиз” машинасига Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳудудидаги автобекатда турган, 2011 йилда туғилган Р.Ш.ни йўловчи сифатида миндирган. Эркак йўл давомида Р.Ш.нинг юз ва кўкрак қисмига қўлларини теккизиб, шаҳвоний шилқимлик қилган.
Л.К. судда вояга етмаган Р.Ш.ни машинасига йўловчи сифатида ўтқазганини, аммо унга шилқимлик қилмаганини айтиб кўрсатма берган.
Суд мажлисида қонуний вакил иштирокида сўралган қиз эса эркак машина ичида унинг юз ва кўкрак қисмига тегиниб, шаҳвоний шилқимлик қилганини билдирган.
Суд Л.К.нинг ҳаракатлари МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2025 йил 3 февралдаги қарори билан эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ишни тергов судяси Хуршид Содиқов кўрган.
3-ҳолат: Нишон тумани
Қашқадарё вилоятида 6-синфда ўқийдиган қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик 61 ёшли эркак томонидан содир этилган.
Суд қарорида баён қилинишича, Нишон туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи, 1964 йилда туғилган Н.Б. вояга етмаган қўшни қизга шаҳвоний шилқимлик қилган. У маст ҳолатда қизалоқнинг қўлидан ушлаб, 200 минг сўм эвазига жинсий алоқа қилишни таклиф этган.
Эркак судда ўша куни спиртли ичимликдан маст ҳолатда бўлганини билдирган.
“Вояга етмаган қўшним М.П.га жинсий алоқада бўлишни таклиф қилган ёки қилмаганимни эслай олмайман. Балким таклиф қилган бўлишим ҳам мумкин. Ҳозирги кунда қилган ишимдан пушаймонман. Келгусида бу каби ҳаракатларни такрорламайман”, деган Н.Б. ўз кўрсатмасида.
Қонуний вакили иштирокида сўралган 13 ёшли қиз 2024 йил 25 ноябр куни кўчада ўйнаб ўтирганида Н.Б. маст ҳолатда мотороллерини бошқара олмасдан яшаш уйи олдидаги экин майдонига кириб кетганини, унга мотороллерини чиқаришга ёрдамлашганини, шунда эркак қўлидан ушлаган ҳолда “200 минг сўм бераман, мен билан жинсий алоқада бўлиб юр”, деганини маълум қилган.
Эркакнинг ҳаракатидан қўрққан қиз қочиб кетган ҳамда воқеани онасига айтиб берган. Н.Б.нинг вояга етмаган қизга 200 минг сўм эвазига жинсий алоқа қилиш таклифини иккинчи бир қўшни эркак ҳам эшитиб қолган.
Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2024 йил 3 декабрдаги қарори билан Н.Б.га 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ишни жиноят ишлари бўйича Нишон суди раиси Алишер Қаҳҳоров кўрган.
4-ҳолат: Навбаҳор тумани
Мазкур ҳолат Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Армижон маҳалласида содир бўлган. Бу ҳолатда ҳам катта эркак вояга етмаган қўшни қизга шаҳвоний шилқимлик қилган.
Суд қарорига кўра, 1991 йилда туғилган Э.Р. 2025 йил 18 январ куни ўз яшаш хонадонининг орқа томонида вояга етмаган қўшни қизга жинсий аъзосини кўрсатиб, шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар қилган.
Эркак судда айбига иқрор бўлган.
“Ҳақиқатан ҳам 2025 йил 18 январ куни спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Маст ҳолатда яшаш хонадонимнинг орқа томонида вояга етмаган С.М.га ўзимнинг жинсий аъзомни кўрсатиб, беҳаё қилиқлар қилганимни тан оламан. Қилган ишимдан пушаймонман. Оилавий шароитим ва моддий аҳволимни инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўрайман”, деган у кўрсатмасида.
Жабрланувчининг қонуний вакили эса ўйнаб юрган қизига маст ҳолатда беҳаё қилиқлар қилган қўшнисини кечирмаслигини айтиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2025 йил 21 январдаги қарори билан Э.Р.га 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.
Ишни тергов судяси Козим Козиев кўрган.
Шундай қилмиш учун берилган жиноий жазо
Олдинроқ Тошкент шаҳрида 8 ёшли қизга кўчада уятсиз ҳаракатлар қилган эркак жиноий жазога тортилганди. 63 ёшли эркакнинг қилмиши Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисми билан малакаланган.
Иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судяси С.Абдуғаниев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига мувофиқ эркак Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 50-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) 6-қисми талабидан келиб чиққан ҳолда 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Вояга етмаганга шилқимлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан шилқимлик қилиш тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Олий суд пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги қарорида белгилаб қўйилган.
Пленум қарорининг 11-1-бандида ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик кўринишидаги уятсиз-бузуқ ҳаракатлар Жиноят кодексининг 129-моддаси билан квалификация қилиниши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан шилқимлик қилиш тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова ҳам тасдиқлаганди.
“2023 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шилқимлик моддаси киритилган эди. Ушбу модда вояга етмаганларга нисбатан шилқимликни назарда тутмаган. Жиноят кодексида 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти назарда тутилган 129-модда бор.
Натижада “модда ўйини” бошланди: Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иш қўзғатиладими ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик) асосида фақат маъмурий жавобгарликми? Бундай ҳолатлар бўлди. Прокуратура томонидан таҳлилий ишлар амалга оширилди.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатдан сўнг бу масала кўтарилиб, Олий суд пленум қарорига агар шилқимлик 16 ёшга тўлмаган бўлган шахсга нисбатан бўлса, тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик масаласи кўрилиши ҳақида ўзгартириш киритилди”, деган эди Лайло Файзимуродова.
Мамлакатда қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи ҳамда одил судловни таъминлашга масъул юқори идорадагилар бу ҳолатга жиддийроқ эътибор қаратишса яхши бўларди.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид

11:53
Озодликдан маҳрум қилинган 20 минг киши, 4 баробарга ошган талон-торожлар – жиноятчилик статистикаси

19:28 / 06.03.2025
Суд фаолиятига аралашганлар учун жавобгарлик қаттиқ бўлади

16:08 / 04.03.2025
Тошкентда 9 ёшли қизга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди

10:12 / 28.02.2025